Бир неча тилни билиш мияни ёш сақлайди ва қариш жараёни секинлаштиради
Бир нечта тилда эркин мулоқот қила олиш нафақат инсоннинг имкониятларини кенгайтиради, балки мия саломатлиги учун ҳам катта аҳамиятга эга экани аниқланди.
2026 йилда ўтказилган Европа нейробиологик жамиятлари федерацияси (FENS) форумида тақдим этилган янги тадқиқот натижаларига кўра, икки ва ундан ортиқ тилни биладиган инсонларнинг мияси биологик жиҳатдан ёшроқ бўлиши мумкин.
Олимларнинг таъкидлашича, инсон мияси миллиардлаб асаб ҳужайраларидан ташкил топган бўлиб, уларнинг ўзаро боғланиши хотира, фикрлаш тезлиги ва ақлий фаолият учун муҳим аҳамиятга эга. Ёш ўтиши билан ушбу боғланишлар аста-секин сусаяди. Аммо бир нечта тилни билиш бу жараённи секинлаштириши мумкин.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, инсон қанчалик кўп тилни билса, унинг мияси шунчалик ёшроқ фаолият кўрсатади. Шунингдек, ёшликдан қўшимча тил ўрганиш ва унда юқори даражада сўзлаша олиш ҳам миянинг қаришини секинлаштиришга хизмат қилиши эҳтимоли юқори.
Олимлар аввалроқ кўп тилли аҳоли яшайдиган мамлакатларда инсонлар нисбатан секин қаришини аниқлаган эди. Янги тадқиқотда эса Испаниянинг Баск ҳудудида яшовчи, испан, баск, француз ва инглиз тилларининг биридан тўрттасигача биладиган иштирокчилар чуқур ўрганилди.
Тадқиқотнинг дастлабки босқичида 728 нафар иштирокчи маълумотлари асосида «мия қариши соати» модели яратилди. Бунинг учун магнитоэнцефалография усули қўлланилиб, асаб ҳужайралари фаолияти вақтида ҳосил бўладиган кучсиз магнит майдонлари ўлчанди. Кейин эса сунъий интеллект ёрдамида турли ёшдаги одамлар мияси фаолияти таҳлил қилиниб, ҳар бир ёш учун мия ҳужайралари ўртасидаги нормал боғланиш даражаси баҳоланди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0