Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни неча кунга олиш мумкин?

– Ўз ҳисобимдан қанча муддатга иш ҳақи тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқишим мумкин?
Санобар Нуриева, Самарқанд.
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Улуғбек Ғаниев жавоб берди.
– Меҳнат кодексида иш ҳақи сақланмаган таътиллар миқдори белгилаб қўйилган. МКнинг 241-моддасига асосан ходимнинг ёзма аризасига кўра, унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда уч ойдан ошмаслиги керак.
Мазкур қоидани кўпчилик нотўғри тушуниб, иш берувчи 3 ой иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбур деб ўйлайди. Бироқ шуни айтиб ўтиш керакки, бу ерда таътил бериш иш берувчининг мажбуриятига кирмайди. Модда талаби бўйича томонлар ўзаро келишувга эришган тақдирда ходим иш ҳақи сақланмаган таътил олишга ҳақли бўлади.
- Кодексда иш берувчига мажбурият сифатида иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериши шарт бўлган тоифалар белгилаб қўйилган. Улар:
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача; - I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача;
- икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига;
- ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онанинг бири (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) — ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача.







