+31C

+31C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Бир ярим ойда 250 та “ҳайфсан”: муаммо кадрдами ёки тизимда?

Айнан шу саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъулига мурожаат қилдик.
1235 13:11 | 18.07.2026 13:11

Яқинда пойтахтдаги олий таълим муассасаларидан бирини имтиёзли диплом билан тамомлаган йигит билан суҳбатлашиб қолдим. Иш қидираётган экан.


– Нега ҳоким ёрдамчиси ёки ёшлар етакчиси сифатида ишга киришга ҳаракат қилмайсиз? Ҳозир бу йўналишда бўш ўринлар кўп-ку, – дедим.


У кулимсираб жавоб берди:


– Эй опа, уларнинг кўпи “хайфсан” олиб, ишдан бўшаб кетяпти. Ростини айтсам, шу тизимга киришга юрагим бетламайди...


Аввалига бу гапни ёш йигитнинг шахсий хавотиридек қабул қилдим. Кейин эса рақамларга эътибор қаратдим. Телеграмдаги “Тайинлов, истеъфо ва жазолар” каналида деярли ҳар куни маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларига нисбатан интизомий чоралар қўлланилгани ҳақида хабарлар эълон қилинади. Каналдаги маълумотлар таҳлилига кўра, жорий йилнинг июнь ойи бошидан июль ойининг ўртасига қадар 250 дан ортиқ интизомий жазо қўлланилган. Уларнинг қарийб 70 фоизи ҳоким ёрдамчиларига, қолган қисми эса ёшлар етакчиларига тўғри келади.


Хусусан, жорий йилнинг 1 июлида Ангрен шаҳар ҳокимининг 14 нафар, 6 июл куни Зангиота тумани ҳокимининг 17 нафар ёрдамчилари ёки бўлмаса, 15 июл куни Фарғона шаҳар ҳокимлигининг нақ 28 нафар ёшлар етакчилари бир вақтнинг ўзида интизомий жазога тортилиши муҳим бир саволни ўртага ташлаш учун етарли. Хўш, нега интизомий жазолар ҳақидаги хабарларда энг кўп айнан ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари тилга олинади? Бу кадрлар салоҳияти билан боғлиқ муаммоми ёки ишни ташкил этишдаги тизимли камчиликларнинг оқибатими?


Айнан шу саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъулига мурожаат қилдик.


Исми сир сақланишини истаган масъулнинг айтишича, ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифалар ҳажми катта. Улар кўп вақт турли йиғилишларда иштирок этади. Шу билан бирга, маҳаллаларга ажратиладиган маблағлар чеклангани сабабли аҳоли мурожаатларининг барчасини қондириш имкони бўлмайди. Бу эса мурожаатлар сонининг ортишига, айрим ҳолларда эса интизомий чоралар қўлланилишига олиб келади.


Бироқ, масъул барча ҳолатни фақат ташкилий муаммолар билан изоҳламади. Унинг фикрича, маҳалла “еттилиги” аъзолари ўзаро ҳамжиҳат ишласа, вазифалар тўғри тақсимланса, муаммолар маҳаллий Кенгашларга ўз вақтида олиб чиқилса ва ҳар бир ходим ўз функционал вазифасини тўлиқ бажарса, бундай ҳолатлар анча камаяди.


Айни пайтда республикада қарийб 9 минг нафар ҳоким ёрдамчиси фаолият юритади. Демак, бир ярим ой ичида қайд этилган 250 дан зиёд интизомий жазо барча ходимларни қамраб олмайди. Шунга қарамай, очиқ манбаларда эълон қилинаётган хабарларда айнан ушбу тоифа ходимлари мунтазам тилга олинаётгани эътиборни тортади.


Расмийлар иш юкламаси ва ташкилий омилларни тилга олса, шу майдонда ишлаётган айрим ходимлар бу ҳолатни бошқача изоҳлайди.


Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги маҳаллалардан бирида ишловчи ёшлар етакчиси (исми сир сақланишини сўради)нинг айтишича, улар кўпинча ўз вазифасига кирмайдиган ишларга ҳам жалб қилинади.


– Мана, ҳозир кундузи соат уч. Жазирамада йўл четида ўт ўряпмиз. Катта раҳбарлардан бири келар экан, дейишди. Шундоғам бизга юклатилган вазифалар жуда кўп. Агар доим шундай ишлар билан юрсак, асосий вазифаларимизни қачон бажарамиз? Ростини айтсам, бошқа иш қидиряпман...


Яқинда интизомий жазо олган Қуйи Чирчиқ туманидаги ҳоким ёрдамчиларидан бири эса муаммони йиғилишлар билан боғлайди. Унинг айтишича, ўша куни эрталаб соат саккиздан кечки тўртгача ҳокимликда йиғилишда бўлишган, ҳатто тушликка ҳам чиқишмаган. Қисқа вақтга ташқарига чиққанларида йўқлама ўтказилиб, ўнга яқин ҳамкасби билан бирга унга ҳам “йиғилишда йўқ” деган асосда хайфсан берилган. Умуман, баъзи пайтларда йиғилишларга 1,5-2 соат олдин чақириб олишлари қуюшқонга сиғмайдиган ҳолат.


Бироқ барча ходимлар ҳам бу фикрга қўшилмайди. Янгийўл туманидаги Мингбулоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчисининг фикрича, бундай ҳолатларнинг асосий сабаби ишни тўғри ташкил қила олмасликдир.


– Менинг бу соҳада ишлаётганимга икки йил бўлди. Шу вақт ичида бирорта “хайфсан” олмадим. Менимча, иш юкламаси меъёрида. Фақат ҳар ким ўз вазифасига масъулият билан ёндашса, ўз устида ишласа, хайфсан олишга ҳожат қолмайди, – дейди у.


Шундай қилиб, бир-бирига зид икки ёндашув намоён бўлмоқда. Бир томонда иш юкламаси, узоқ давом этадиган йиғилишлар, вазифага кирмайдиган топшириқлар ва ташкилий муаммолар ҳақида гапираётган ходимлар бор. Иккинчи томонда эса муаммони асосан шахсий масъулият ва меҳнат интизоми билан изоҳлаётганлар.


Келтирилган рақамлар эса, бир ҳолатга эътибор қаратишга ундайди: очиқ манбаларда эълон қилинаётган интизомий жазолар ҳақидаги хабарларда энг кўп ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари тилга олинмоқда. Агар бир-икки нафар ходимга нисбатан чора кўрилса, буни шахсий масъулият билан изоҳлаш мумкин. Аммо қисқа вақт ичида бир хил лавозимдаги юзлаб ходимлар жазоланаётган бўлса, бу энди фақат алоҳида шахсларнинг камчилигими? Ёки мазкур тизимда ҳам таҳлил қилиниши ва қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мавжудми?


Холида Эгамбердиева,
ishonch.uz



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид