Уйларнинг нархи яна ошди — Марказий банк

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида талаб ва таклиф бир вақтнинг ўзида ўсишда давом этмоқда. 2026 йилнинг II чорагида 74,4 мингта кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилган. Марказий банк таҳлилига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли ўзгармаган.

15:41 | 29.09.2026
•
27
Уйларнинг нархи яна ошди — Марказий банк
Катталаштириш

Бозордаги фаолликка аҳоли даромадларининг ўсиши, иқтисодий фаоллик ва ипотека кредитларининг кўпайиши таъсир қилган. Хусусан, апрель–июнь ойларида аҳолига 7,4 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48 фоиз кўп. Йилнинг биринчи ярмида ипотека кредитлари ҳажми 13,1 триллион сўмга етган.

Шу билан бирга, уй-жой таклифи ҳам кенгайган. 2026 йил январь–июнь ойларида қурилиш ишлари ҳажми 13,8 фоизга ошган. Уй-жой қурилишига 27,3 триллион сўм инвестиция йўналтирилган. Биринчи ярим йилликда 7,7 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 фоиз кўп.

Уй-жой нархларида ҳам ўсиш қайд этилди. Июнь ойида кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг бирламчи бозордаги нархи сўм ҳисобида йиллик 6,2 фоизга, иккиламчи бозорда эса 6,3 фоизга ошган. Доллар ҳисобидаги ўсиш эса мос равишда 12 ва 12,2 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида уй-жой бозоридаги фаоллик пойтахтга нисбатан айрим ҳудудларда юқорироқ бўлган. II чоракда кўчмас мулк олди-сотди битимлари Хоразм вилоятида 17,8 фоизга, Навоий ва Сирдарё вилоятларида қарийб 7,5 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида 6,1 фоизга ошган. Тошкент шаҳрида эса битимлар сони 2 фоизга кўпайган.

Ижара бозорида ҳам талаб юқори даражада сақланиб қолган. Июнь ойида республика бўйича кўп қаватли уйлардаги хонадонлар ижара нархи сўм ҳисобида бир йилда 7,1 фоизга, доллар ҳисобида 13 фоизга ошган.

Пойтахтда ижара нархлари янада юқори даражада шаклланган. Июнь ойида Тошкент шаҳрида хонадон ижарасининг ўртача таклиф нархи бир квадрат метр учун ойига 9,5 доллар ёки қарийб 114 минг сўмни ташкил этган. Бу доллар ҳисобида йиллик 11,6 фоизлик ўсишни англатади.

Ер бозорида эса аксинча, пасайиш кузатилган. Июнь ойида Тошкент шаҳрида 100 квадрат метр ер участкасининг ўртача таклиф нархи қарийб 292 миллион сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос ойига нисбатан 9 фоиз паст. Бироқ май ойидаги кескин пасайишдан кейин июнь ойида ер нархи ойлик ҳисобда 2,6 фоизга тикланган.

Марказий банк таҳлилига кўра, уй-жой таклифининг барқарор ошиши бозордаги талабни мувозанатлаштириб, нархлар ўсишининг нисбатан мўътадил шаклланишига хизмат қилмоқда. Қурилиш ва инвестициялар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши эса келгусида бозорга янги уй-жойлар чиқишини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади