БМТ АҚШни мигрантларни учинчи давлатларга депортация қилишни тўхтатишга чақирди

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил экспертлари АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб, мигрантларни ўз ватани бўлмаган учинчи давлатларга депортация қилиш амалиётини тўхтатишга чақирди.
БМТнинг 12 нафардан ортиқ эксперти ушбу сиёсат мигрантларни қийноқ, таъқиб ва инсон ҳуқуқларининг бошқа жиддий бузилишлари хавфи остида қолдириши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Маълум қилинишича, АҚШ маъмурияти ўтган йилдан буён бир қатор давлатлар билан ўз мамлакатларига қайтариш имкони бўлмаган мигрантларни қабул қилиш бўйича келишувлар тузган. БМТ экспертларига кўра, ҳозирга қадар камида 23 минг нафар учинчи давлат фуқароси 29 та давлат ва ҳудудга юборилган.
Экспертлар айрим мигрантлар АҚШ судлари томонидан ўз мамлакатларига қайтарилиши хавфли деб топилган ҳолатларда ҳам учинчи давлатларга депортация қилинганини таъкидлаган.
БМТ ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар айрим қабул қилувчи давлатларда депортация қилинган шахсларнинг хавфсизлиги юзасидан хавотир билдирмоқда. Экспертлар бу амалиёт инсон ҳуқуқларининг «занжирли тарзда бузилиши»га олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Уларнинг таъкидлашича, болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, одам савдосидан жабрланганлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар айниқса хавф остида қолиши мумкин.
БМТ экспертлари мурожаатини АҚШ билан депортация қилинган шахсларни қабул қилиш бўйича келишув тузгани айтилган 35 та давлат ва ҳудуд ҳукуматига ҳам йўллаган.
АҚШнинг Женевадаги БМТ қошидаги дипломатик ваколхонаси Reuters сўровига жавоб бермаган.
Президент Дональд Трамп маъмурияти эса учинчи давлатларга депортация қилиш амалиётини давом эттириш позициясида. Трамп маъмурияти мазкур сиёсатни судда ҳимоя қилмоқда.







