Ишсиз деб топилган айрим фуқароларга пенсия 2 йил олдин тайинланади

Пенсия тайинлаш тартибида янги ўзгаришлар жорий этилади. Ишлар ҳажми қисқаргани ёки корхона тугатилгани муносабати билан ишсиз деб эътироф этилган айрим фуқароларга ёшга доир пенсия умумий белгиланган пенсия ёшидан икки йил олдин тайинланади.
Бу Президентнинг 2026 йил 28 сентябрда қабул қилинган «Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан ишлар ҳажми қисқарганлиги ёки корхона тугатилганлиги муносабати билан ишсиз деб эътироф этилган шахсларга умумий белгиланган ёшдан икки йил олдин ёшга доир пенсия тайинлаш фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз, проактив шаклда амалга оширилади.
Шу билан бирга, пенсия соҳасидаги бошқа хизматлар ҳам босқичма-босқич рақамлаштирилади.
Хусусан, 2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам фуқароларнинг мурожаатисиз проактив тарзда тайинланади.
Фуқаролар имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш, пенсияни қайта ҳисоблаш ва пенсия турини ўзгартириш учун Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали онлайн мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Шу санадан бошлаб «Менинг пенсиям» онлайн хизмати ҳам жорий этилади.
Яна бир муҳим янгилик — 2027 йил 1 январдан Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ва маълумотларни қабул қилиш амалиёти бекор қилинади.
Янги тартиблар пенсия тайинлаш жараёнини автоматлаштириш, қоғозбозликни қисқартириш ва фуқаролар учун пенсия хизматларидан фойдаланишни янада қулайлаштиришга қаратилган.







