Боғчаларда заҳарланишлар: болаларимиз соғлиги, тақдири кимларнинг қўлида?
Айни кунларда Фарғона вилоятидаги боғчаларда 60 нафардан ошиқ болаларнинг заҳарланиши ОАВ кун тартибидан тушмаяпти. Бунинг устига боғчаларга озиқ-овқат етказишга масъул ташкилот ва унинг ортидаги маълумотлар ҳам эътиборни тортди.
Ёдингизда бўлса, ўтган йили сентябрь ойида ҳам Тошкент вилоятида нақ 2 мингдан ошиқ бола заҳарланганди. Бундай ҳодисаларнинг тез-тез такрорланиши ва жабрланганлар сонининг кўплиги вазиятнинг жиддий эканини кўрсатмоқда. Масъуллар ҳар доим вазиятнинг назоратга олингани ва барқарорлик ҳақида бонг урса ҳам, аслида туб муаммолар ечилмай қолгани аниқ бўлиб қолди. Хўш, ортида болалар тақдири турган бу каби “катта ўйинлар” учун ким жавоб беради?
Аввало, Фарғонадаги вазиятга батафсил тўхталмасак бўлмайди. 21 февральь куни шаҳардаги учта давлат боғчасидан (2, 58 ва 61-сонли) камида 62 нафар бола “алиментар этиологияли ўткир диарея касаллиги” ташхиси билан шифохонага ётқизилган. 25 февраль соат 08:00 ҳолатига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Фарғона шаҳар болалар шифохонасида даволанган 22 нафар бола соғлиғи яхшилангани муносабати билан уйига рухсат этилди. Улар амбулатор назоратда.
Энг асосийси, болаларнинг ҳаёти сақлаб қолинди ва уларнинг ҳаётига катта хавф йўқ. Энди дўппини бир чеккага қўйиб, асосий масала, яъни айбдорлар ва уларга чора кўриш ҳақида фикр юритмасак бўлмайди. Маълум бўлишича, Мазкур боғчаларга озиқ-овқатларни Garden Catering Trade МЧЖ етказиб берган. 2024 йилда компания “тажриба” доирасида ҳоким қарори билан маҳсулот етказиб бериш ҳуқуқини олган. У, қоидабузарликларга қарамай, фаолиятини давом эттириб, тендерсиз 100 млрд сўмдан ортиқ шартномалар имзолаган. Kun.uz нашрининг ёзишича, МЧЖ Фарғона ва Қувасой шаҳарларидаги давлат боғчаларига кейтеринг асосида овқат етказиб беради. Қизиғи, келиб чиқиши Қувасой ҳокими Зафаржон Тўрақулов билан боғланиши мумкин бўлган бу фирма ҳеч қандай танловсиз вилоят ҳокими имзолаган қарор билан ушбу имкониятни қўлга киритган. Бунинг устига Garden Catering Trade МЧЖ таъсисчиси ўзгариб, бир неча кун аввал Иқболжон Бозоров эгаллаган таъсисчилик энди расман Мўйдинжон Ғофуровга ўтказилгани аниқланди.
Хуллас, ОАВдаги очиқ маълумотлар овқатдан оммавий заҳарланиш воқеаси ортида катта гаплар борлиги кўрсатмоқда. Биринчи навбатда савол туғилади: нега заҳарланишлар нега айнан битта МЧЖдан озиқ-овқат маҳсулотларини олган боғчаларда содир бўлди? Нима сабабдан ОАВда бонг урилаётган масалалар юзасидан жамоатчиликка очиқ ахборот тақдим этилмаяпти? Калава учи Фарғона вилоятдаги мансабдор шахсларга қараб бораётгани эса кишини ўйлантириб қўяди...
Аслида, боғчаларни сифатли овқат билан таъминлаш энг кўп назорат қилиниши ва энг шаффоф бўлиши керак бўлган соҳа саналади. Чунки, болаларсиз келажак йўқ. Болаларга овқат етказиб бериш жараёнида коррупция бўлса, бундан катта фойда кўзланса, келажакда энг илғор қатламга айланадиган гўдаклар сифатсиз овқат билан озиқлантирилса бу биз учун жуда катта муаммо ва жиддий чақириқ сифатида талқин қилишини керак.
Шу ўринда бир гап: ўша машҳур МЧЖ Қувасой ва Фарғона шаҳарларидаги МТТларга таом етказиб бериш хизмати кўрсатувчи тадбиркор сифатида тўғридан-тўғри танланган. Тартибга кўра, аутсорсерлар умумий овқатланиш хизмати соҳасида камида бир йиллик иш тажрибасига эга бўлиши шартлиги белгиланган. Бироқ Garden Catering Trade 2024 йил 21 июнь куни, яъни ҳокимлик билан шартнома тузилишидан бир ой олдин давлат рўйхатидан ўтказилган ва талаб этилган иш тажрибасига эга бўлмаган. Аниқланган камчиликлар бўйича киритилган тақдимномага эса ҳокимлик идоралари томонидан юзаки жавоб берган, холос. Бу ҳолатлар масъуллар орасида вазиятдан манфаатдор бўлганлар бор деган таассурот уйғотади. Болаларимизни таомлантириш (яна давлат маблағидан фойдаланган ҳолда) “катта бизнес”га қачон айланиб улгурди?
Балки, аутсорсинг асосида боғчаларни таъминлаш яхши амалиётдир, аммо ҳозирча биз уни қўллашда жуда катта хатоларга йўл қўяётганимиз аниқ. Тасаввур қилинг, авваллари заҳарланишлар, озиқ-овқат маҳсулотларини талон-торож қилиш, болаларнинг ҳаққига кўз тикканлар онда-сонда кўз ташланарди. Энди бу иллатлар тизимли илдиз отаётганига гувоҳ бўляпмиз. Узоққа бормаймиз, 2025 йил сентябрида Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларидаги боғча тарбияланувчиларининг оммавий заҳарланиши ҳолатлари юз берди. Унга Оққўрғон туманидаги ишлаб чиқариш корхонасидан болалар боғчаларига олиб келинган сифатсиз сут маҳсулотлари, хусусан, кефир сабаб бўлиши мумкинлиги айтилди. Яқинда эълон қилинган хабарларга кўра, ҳолат юзасидан 11 киши қўлга олинган ва уларнинг иши судга оширилган. Аммо, инсон унутувчи. Агар Фарғонадаги воқеалар рўй бермаганда, Тошкент вилояти мавзусини кўпчилик унутиб юбораёзган эди. Оммавий заҳарланишлар бизни аввалги ҳодисаларни ҳам ёдга олишга мажбур қилди.
Бизнинг жамиятда бир хунук иллат бор. Аввало, бир муаммо кўтарилади. Кейин ўша (масалан коррупция, таниш-билишчилик ва бошқалар) муаммони олдини олиш учун янги тизим ишлаб чиқади. Аммо бахтга қарши бизнинг шоввозлар ўша тизимнинг ўзини ҳам айланиб ўтишга муваффақ бўлишади. Масалан, етакчи ОАВларимиздан бири боғчаларни аутсорсинг асосида овқат билан таъминлаш бўйича суриштирув эълон қилди. Аслида, аутсорсинг боғчалардаги хўжалик амалдорлари ва бошқаларнинг юлғичлигининг олдини олиш учун яратилган тизим эди. Аммо мазкур суриштирув аутсорсинг тизимининг ўзидаёқ мавжуд камчиликларни кўрсатади. Материал тендерлар коррупцион элементларнинг эҳтимолий аралашуви билан ўтганига ишора беради. Хўш, табибимизнинг ўзиёқ бемор бўлса, нима қилмоқ керак?!
Фикримизча, болаларни овқат билан таъминлаш соҳасида кичик фавқулодда ҳолат эълон қилиш, бу муаммонинг юқори ташкилот эътиборига ҳавола этиш, айбдорларни жазолашга қаттиқ киришиш вақти етиб келди. Агар мазкур муаммонинг бугун олди олинмаса, нафси ҳакалак отиб бораётган айрим тадбиркорлар давлат МТМларидаги хўжалик масалаларини ўз “шахсий томорқалари”га айлантириб олишлари ҳеч гап эмас.
Шу ўринда мавзуни чуқурроқ ўрганиш мақсадида хусусий боғчаларда ишловчи тарбиячилар билан ҳам суҳбатлашдик. Уларнинг фикрига кўра, айниқса узоқ вилоятларда болаларнинг озиқлантириш масалалари жуда катта ислоҳга муҳтож.
“Давлат боғчаларидан фарқли равишда хусусийларга озиқ-овқат учун маблағ тўғридан тўғри берилади. Айрим боғча раҳбарлари пулни иқтисод қилиш баҳонасида болаларга арзонроқ озиқ-овқат маҳсулотларини беради. Боғчалар озиқ-овқатини назорат қилиш эса суст даражада. Айрим боғчаларда кечада қолган овқатларни бериш ҳолатларини ҳам кўрганмиз, кўрмоқдамиз”, дейди исми сир қолишини сўраган тарбиячилар.
Мактабгача таълим ташкилотлари ва улардаги озиқ-овқат масаласи жуда улкан соҳа ва катта мавзу. Менимча, Мактабгача таълим вазири иш столидаги энг асосий кун тартибида турган масалалардан бири шу бўлиши керак. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу борада катта ҳаракатларни бошлаши лозим. Болаларнинг ҳақини ейдиган, уларнинг ҳаёти билан ўйнашадиган, келажагимиз умидларига хавф соладиган шахслар билан муроса қилиб бўлмайди. Энг асосийси, бу воқеаларни шунчаки унутмаслик керак. Айбдорга кескин чора кўриш ва мавжуд иллатларни илдизи билан бутунлай суғуриб ташлаш шарт.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0