Туркиялик тадбиркорнинг жасади Бухорода топилди
Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги дашт ҳудудида Туркия фуқароси бўлган тадбиркорнинг жасади топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, у Ўзбекистонга хизмат сафари билан келган ва бизнес учрашувларида иштирок этган.
Маълум бўлишича, марҳум ўзининг юртдош ҳамкорлари билан шартнома тузиш мақсадида Бухорога келган. Бироқ музокаралар натижасиз якунланган. Орадан кўп ўтмай, у билан бирга бўлган шахслар ўртасида молиявий масала катта миқдордаги маблағни қайтариш бўйича тортишув келиб чиққан.
Терговга оид дастлабки баёнотларга кўра, жанжал автомобил ичида юз берган. Ҳаракатланаётган машинада чиққан муштлашув сабабли ҳайдовчи транспорт воситасини тўхтатган. Оқибатда тадбиркор оғир тан жароҳатлари олган ва воқеа жойида вафот этган.
Шундан сўнг жасад катта йўлдан ичкарироқ ҳудудга олиб борилиб, шошилинч равишда тупроқ билан кўмилгани айтилмоқда. Бир неча кун ўтиб, унинг бедарак йўқолгани ҳақида қариндошлари томонидан хабар берилган ва қидирув ишлари бошланган. Олиб борилган икки томонлама тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жасад аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Туркия жамоат хавфсизлиги бошқарамаси ҳамда Истамбул полицияси томонидан айрим гумонланувчи шахслар ушлангани ва тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинди.
Воқеанинг барча тафсилотлари, жумладан, молиявий келишмовчилик ва жанжалнинг аниқ сабаблари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0