Бугун “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафорумининг очилишида қутлов сўзи билан иштирок этдим
Тошкент ва Самарқандда ўтказилаётган ушбу нуфузли анжуман жаҳоннинг 50 га яқин мамлакатидан қарийб 300 нафар етакчи медиа вакиллари, олимлар, ижодкорлар ва рақамли соҳа мутахассисларини бир майдонга жамлади. "Euronews", "CNN", "BBC" ва "Аl Jazeera" каби етакчи медиа брендларининг форумда бош ахборот ҳамкорлари сифатида иштирок этаётгани унинг халқаро кўлами ва аҳамиятини янада оширмоқда.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ўтаётган форум мамлакатимизнинг бой цивилизацион меросини жаҳон ҳамжамиятига янгича мазмунда тақдим этиш учун муҳим халқаро майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Форумнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани чуқур рамзий маънога эга. Ислом цивилизацияси — бу, аввало, илм-маърифат, тафаккур ва бағрикенглик сивилизациясидир. Буюк алломаларимизнинг инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшган мероси нафақат тарихий бойлик, балки бугунги илмий, маданий ва инновацион тараққиёт билан узвий боғлиқ тирик интеллектуал меросдир.
Бугунги муҳим вазифа — бу бебаҳо меросни фақат асраб-авайлаш билан чекланмасдан, уни замонавий рақамли форматларда, ёш авлодга тушунарли тилда ва кучли медиа талқинлар орқали дунёга етказишдир. Бу борада миллий ва халқаро журналистика тарихий ҳақиқатни холис ёритиш, стереотипларни бартараф этиш ҳамда халқлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак.
Ушбу форумни бир марталик тадбир эмас, балки узоқ муддатли профессионал мулоқот ва ҳамкорликнинг бошланиши сифатида кўрамиз. Ишонаманки, унинг доирасидаги муҳокамалар ва янги ташаббуслар Ўзбекистоннинг буюк цивилизацион меросини жаҳон ахборот маконида муносиб намоён этишга хизмат қилади.
Форум ишига муваффақият тилаймиз!




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0