Дам – бу дамдур...
Бир шоҳбайт таҳлили
Замон учга бўлинади. Замон учга ‒ ўтмиш, бугун ва келажакка бўлинади. Навоий «Маҳбуб ул-қулуб»нинг учинчи қисмида ана шу ўтмиш, ҳозирги замон ва келажак ҳақида ажиб бир фикрни баён этади: «Ўтган рўзгор адамдур, келмагандин сўз айтқон аҳли надамдур ва ҳол муғтанамдур». Буни ҳозирги тилимизда содда қилиб ифодаласак, «Ўтган ҳаёт – бугун йўқ, ҳали келмаган даврдан сўзлаган киши эса кейин афсус қилади, шунинг учун ҳозирги вақт ‒ ғанимат», деган маъно келиб чиқади.
Ажойиб! Шундай эмасми? Чунки тарих ўтиб кетди, келажак ҳали келгани йўқ, қўлимизда нақди ‒ ҳозирги замон-да.
«Дам – бу дамдур!..». ХХ асрда Ғарбнинг кўп психологлари ҳам айнан шу хулосани илгари суришади. Одам ўтмишда кечган воқеаларни ҳадеб эслайвермасдан ёки келажак ҳақида кўп ҳам хом хаёлларга берилавермасдан, имконида бўлган нақд вақтини унумли, фойдали ва хушвақт ўтказиш пайида бўлавериши керак, дейишади улар.
Лекин буни Навоий 500 йил бурун айтган-да!
Аслида, бу фикрни Навоийдан ҳам қарийб 500 йил бурун бошқа бир авлиё зот айтган экан. Буни Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб»даги мана бу сўзларидан билиб оламиз: «Бир турк бу маънида дебдурким: «Дам ‒ бу дамдур».
Байт:
Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам,
Не учунким, дам ‒ бу дамдур, дам ‒ бу дамдур, дам ‒ бу дам!».
Байтнинг бадиий гўзаллигига қаранг! «Дам ‒ бу дамдур!» сўзларининг уч карра такрорланиши таъсирчанликни янада ошириб юборган. Шарқ мумтоз шеъриятининг бундай қўшмисраларини «шоҳбайт» деб улуғлашган. Шоҳбайт бўлса, шунча бўлар.
«Мозий» ‒ ўтмиш, «мустақбал» ‒ келажак, «такаллум» ‒ сўзлаш эканини айтсак, бу сатрлардаги маъно бугунги ўқувчига ҳам аён бўлади-қолади: «Ўтмиш билан келажакдан камроқ гапир, чунки дам ‒ бу дамдир, дам ‒ бу дамдир, дам ‒ бу дам!» Ахир, ҳақиқатан ҳам, ўтмиш қўлдан чиққан, келажак ҳали қўлга киргани йўқ, нақди ‒ ҳозирги замон-да.
Навоий туркий сўз ошиқу ошуфтаси, буюк жонкуяри, тарғиботчиси, назариётчиси-ю амалиётчиси эди. Бу тилда «йилт» этган бир ифодани-ю унинг муаллифини ҳеч ҳам беэътибор қолдирмас эди. Унда нега шундай гўзал шеърий мўъжизавий байт яратган шоирни айтмай кетяпти?
Ҳамма гап шундаки, бизнингча, бу шеърни Навоийнинг ўзи ёзган. Фикр эса ‒ бошқаники, яъни «бир турк»ники. Улуғ шоир: «Байт», деб ўзининг сатрларини келтирган. Шеърга асос бўлган фикр бировники бўлгани учун буюк мутафаккир, инсоф юзасидан, буни қайд этиб ўтгану, унинг айнан кимга тегишли эканини ошкор қилмаган.
Олтин топгандек бўлдим. Бир неча йилдан буён «бир турк» кимлигини излар эдим. Интилганга толе ‒ ёр, деганлари рост экан. Навоийни тушуниш учун, аввало, Навоийни ўқиш керак. Чунки буюк шоир ва мутафаккирнинг бир асари иккинчиси учун ҳақиқий калит вазифасини ўтайди. Жавобни яқинда «Насойим ул-муҳаббат...» тазкирасидан топиб, қувониб кетдим.
Мана, ўша парча: «Шайх Абу Саид дебдурки: «Ўз замонаси шайхларидан сарахслик Абулфазл Муҳаммад бинни Ҳусайндан эшитдим, айтди: «Ўтмишни эсламаслик, келажакка кўз тутмаслик керак. Эътибор айни вақтга бўлсинки, бу бандаликнинг сифатидир».
Маълум бўляптики, бу фикрни Абулфазл Муҳаммад бинни Ҳусайн Шайх Абу Саидга айтган. Хўш, Абулфазл Муҳаммад бинни Ҳусайн киму, Шайх Абу Саид ким? Тасаввуф тарихида ўтган шайхлар ҳақида ўзбек тилида «Насойим ул-муҳаббат...»дан мукаммалроқ манба йўқ. Шунга суянамиз. Шайх Абулфазл Ҳасан Сарахсий ҳақидаги мақолада: «Абу Саид Абулхайрнинг пири», деган маълумотга дуч келамиз. Шайх Абу Саид Абулхайр ҳақидаги мақолада эса бу фикр яна такрорланади: «Одоби тариқатда пири Пир Абулфазл Ҳасан Сарахсийдур». Демак, мурид пирининг сўзини келтирибди. Бу унинг ишончли эканини кафолатлайди, албатта.
Энди аниқлаштирилиши лозим бўлган биргина масала қолди: Абулфазл Ҳасан Сарахсий, чиндан ҳам, туркий қавм вакили бўлганми?
Эроннинг Туркманистон билан чегарадош шимоли-шарқий қисмида Сарахс вилояти жойлашган. Аммо чегаранинг бери ёғида, яъни Туркманистоннинг Ашхобод вилоятида ҳам Сарахс қўрғони мавжуд. 1024 йили вафот этган Абулфазл Ҳасан Сарахсийнинг қабри айнан ана шу Сарахс қўрғонида. Шунинг ўзи биланоқ Навоий «бир турк» деганда айнан шу шайхни кўзда тутгани ойдинлашди.
Навоий ижодида бировларнинг насрий дурдона фикрларини гўзал тарзда шеърга солиш яна кўп учрайди. Бу ерда шу билангина чекланамиз.
Шарқ ва Ғарб – бир қадам. Ҳангоманинг қизиғи энди келди. Афкор омма орасида: «Буюклар бир хил фикрлайди», деган ақида юради. Рост гап. Ижтимоий тармоқларга кириб, эрамиздан олдинги 551-479 йилларда Хитойда яшаган буюк файласуф Конфуцийнинг рус тилида баён этилган: «Кеча биздан кетиб бўлди, эрта эса, ҳали келганича йўқ. Фақат ўтиб бораётган шу соатгина бор. Шу ҳам кам эмас» (русчаси қуйидагича: «Вчера ‒ ушло от нас, а завтра ‒ не настало. Есть лишь идущий час. И этого немало!») деган ҳикматини ўқиб қолдим. Ифодасидаги айрим фарқларнигина демаса, ўша-ўша мазмун. Демак, буюк файласуф бу хулосасини Абулфазл Ҳасан Сарахсийдан бир ярим минг йил бурун айтган экан.
Қизиқки, Афлотун ҳам шу доно фикрни айтган экан: «Эрта – бир сир, унга кўп ҳам умид боғлаб ўтирма! Кеча – бир хотира, ҳасратини қилиб ўтирма! Бугун – бир ҳадя, унинг қадрига ет ва умрингнинг ҳар лаҳзасидан лаззат туй!».
«Буюклар бир хил фикрлайди», дегани шу-да.
Икки киши бир хулосага келса-чи?! Навоийнинг «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарида мавзуга доир яна бир қизиқ фактга дуч келамиз. Паҳлавон Муҳаммад бастакорлик ва хонандалик бобида ҳам юксак истеъдод соҳиби эди. У замондоши Мавлоно Тўтий (1461/62 йили вафот этган)нинг бир ғазалига куй басталаб, шундай ижро этадики, фақат Хуросондагина эмас, Самарқанд ва Ироқда ҳам бу қўшиқни билмайдиган ашулачи қолмайди, Навоийнинг далолат беришича, ҳатто, хонанда бўлмаган кўп-кўп кишилар ҳам ёд биладиган бўлиб кетади. Энг муҳими, ана шу ғазалнинг матлаъсида айнан ўтмиш ўтиб кетганлиги, келажакни эса ҳали ҳеч ким кўрмагани, шунинг учун бугунни хуш ўткариш ғояси илгари сурилади:
Соқиё, де рафта ҳасту аҳволи фардо ‒ нопадид,
Хешро имрӯз хуш дорему фардоро ки дид?
Таржимаси: «Эй соқий, қишнинг иккинчи ойи кетди-ю, эртанинг аҳволи – номаълум. Ўзимизни бугун хурсанд қилайлик, эртани эса ким кўрибди?»
Демак, мусулмон Шарқи мумтоз шеъриятида мавжуд ҳикматомуз хулосаларни турли бадиий жиҳатдан гўзал шаклларда шеърга солиб ифодалайвериш расм бўлган. Шунинг учун бир фикр такрорини кўриб, шоша-пиша: «Фалончи фалончидан кўчирибди», деган хато хулосага боравермаслик лозим.
Шеърнинг кучи. Навоийнинг ҳикматли сўзлари сифатида элимиз орасида маълуму машҳур бўлиб кетган айрим байтлар ҳам аслида, тарихда ўтган бошқа буюк зотларнинг насрда айтган фикрларининг улуғ ўзбек шоири томонидан шеърга солинганидан иборат. Масалан:
Шоҳ дарё ва халқ эрур анҳор,
Икисининг суйиға бир маза – бор,
деган байтни Навоий «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарида Арастунинг мана бу фикрларининг шеърий ифодаси сифатида қоғозга туширган: «...Подшоҳ улуғ рудга ўхшар ва атбоъи (унга тобеъ, ундан оқадиган – С. О.) ариғларғаким, ул руддин айрилдиларким, ул руд суниға ҳар ҳол бўлса, ариғларға ҳамул ҳолдур: ул чучук бўлса, булар чучук; ул ачиғ бўлса, булар ачиғ; ул соф бўлса, булар соф; ул лой бўлса, булар лой. Пас, подшоҳға вожибдур – ғоят ҳикмат (донолик – С. О.) ва эътидол (тенглик – С. О.) била маош қилмоқ (иш юритмоқ – С. О.), то хайл (халқ – С. О.) ва ҳашами (мансабдорлар – С. О.) анга мутобаат (итоат – С. О.) қилғайлар».
Ёки мана бу байт ҳам Нўширавоннинг одил вазири сифатида ном чиқарган Бузуржмеҳр айтган: «Йигитликда илм касб қилмоқ ва қарилиғда ани амалға келтурмак яхшидур», деган фикрининг шеърий ифодаси ҳисобланади:
Йигитлиғда йиғ илмнинг махзани,
Қарилиғ чоғи харж қилғил ани.
Булар шоирнинг бировларга тегишли ўзига маъқул келган насрий доно фикрларни шеърга солиб кетаверганини исботлайди.
Бир нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак: Арастунинг фикрини ҳам, Бузуржмеҳр айтган ҳикматни ҳам шоир туркий манбадан олмаган. Демак, бу ерда насрни назмга айлантиришгина эмас, бошқа тилдаги насрий фикрни ўзбекчада шеърга солиб ифодалаш ҳам бор.
Элинг тушунсин, десанг, таржима қил! Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат...» тазкирасидаги Имодиддин Насимий ҳақидаги фасли биз учун мавзумизга алоқадор бир муҳим нуқтага янада аниқлик киритиш имконини беради. Навоий Насимийни мазҳабда айбланиб, унга терисини шилиш жазоси берилганини ёзади-да, шу ҳолатда бир ғазал айтганини гапириб, асарнинг матлаъси ва мақтаъсини келтиради. Навоийшунос Суйима Ғаниева изоҳида айтилишича, Навоий Насимийнинг аслиятда:
Чун Насимий жовидони ёр ила бўлди висол,
Гўй, неча донарса, донсун бу яшил дўлоблар, ‒
тарзида бўлган озарбайжонча байтни ўзбекча таржима қилиб келтиради:
Эй Насимий, чун муяссар бўлди иқболи висол,
Қўй, терингни сўйса, сўйсун бу палид қассоблар.
Бу Навоийда ўрни келганида қаламининг кучини ишга солиб юборадиган ҳолатлар бўлганини исботлайди.
Таваккул. Тасаввуфда «таваккул» деган бир олий мақом бор. Бу, фақат Худогагина умид боғлаш, деган маънони англатади. Бунда солик яккаш шу куни, нафас олиб турган лаҳзасинигина ўйлайди, холос. У: «Кеча – ўтиб бўлди, эрта ҳали келгани – йўқ. Бугун нафас бериб турган Яратган эртага ҳам бир ғамимизни ер!» дея фикрлайди.
Бунда солик Ҳақ таолога ишонмаслик қилаётгани йўқ. Ёки эртанинг ғамини чекмаслик унинг тушкунлигидан далолат ҳам эмас. Аксинча, бу шунданки, энди сўфий тамоман Эгамнинг амрига бўйсунади – унга таваккал қилади.
Ҳамоҳанглик. Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида:
Чу охир бўлурбиз адам, эй рафиқ,
Ғанимат тутоли бу дам, эй рафиқ!
Бу бир дам, ки хушвақтлиғ берди даст,
Тараб жомидан айлагил ўзни маст.
Чу бу дамни чарх ўткарур ҳам – бу дам,
Дамодам май ич, ким эрур дам бу дам.
Кўруб умр тарихи бир мубҳамлиғин,
Ғанимат бил асҳоб ҳамдамлиғин,
деган парча бор. У 68-бобнинг бошланмаси сифатида келади. Ундаги ғоя билан биз таҳлил қилган байт ўртасида бевосита алоқадорлик ва ҳамоҳанглик бор.
Жозиба. Ўтмиш – бугун – келажак! Конфуций – Афлотун – Абулфазл Ҳасан Сарахсий – Мавлоно Тўтий – Алишер Навоий!..
Бир доно фикрнинг турли макон ва замонда, турли халқларга мансуб буюк шахслар томонидан айтилишини қаранг!
Очиқ тан олиш керакки, бу ифодаларнинг ҳеч бири таъсирчанлик кучи-ю бадиий жозибаси бўйича Навоийнинг икки сатрига тенг келолмайди. Асло! Байтга яна бир карра қулоқ тутиб кўрайлик:
Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам,
Не учунким, дам ‒ бу дамдур, дам ‒ бу дамдур, дам ‒ бу дам!
Даъват. Бу фикр бизни ҳозирги замоннинг қадрига етишга, эртага янада яхшироқ яшашни истасак, бугун кечагидан унумлироқ, самаралироқ, оқилонароқ, қисқаси, кўпроқ ва хўброқ меҳнат қилишга даъват этади. Энг муҳими – шу.
Хулоса. Шу нарса аниқлашяптики, улуғ шоир асарларида учраган ҳар бир шеърий парча ҳам унинг ўз ижодий маҳсули бўлавермайди. Шунга қарамасдан, уларнинг барини Навоий ҳикматли сўзлари сифатида тўпламларга киритаверамиз. Ҳолбуки, кўпини муаллиф бировнинг фикри сифатида келтиради. Масалан, кўпчилигимиз Навоийнинг ҳикмати сифатида ёдлаб, давраларда айтиб юрадиганимиз бир байт кимники эканини аниқлаштирайлик. «Тарихи анбиё ва ҳукамо»да шундай парча билан тугайди: «Бузуржмеҳр. Нўширавони одилнинг вазири эрди. Анинг сўзларидиндур, ким: «Устодимдин сўрдум, ким: «Йигитликда не қилмоқ яхши ва қарилиғда не қилмоқ яхши?». Деди, ким: «Йигитликда илм касб қилмоқ ва қарилиғда ани амалға келтурмак яхшидур.
Шеър:
Йигитлиғда йиғ илмнинг махзани,
Қарилиғ чоғи харж қилғил ани».
Кўриниб турибдики, Бузуржмеҳр ўзбекча ҳам айтмаган, шеър қилиб ҳам ёзмаган. Фикр – ундан, таржима қилиб, шеърга солиш – Навоийдан.
Ёки:
Шоҳ дарёву халқ эрур анҳор,
Икисининг суйиға бир маза бор
байтининг ғояси, яъни мазмуни антик давр юнон алломаси Арасту ҳакимга тегишли: «Анинг сўзларидин будур, ким: «Подшоҳ улуғ рудга ўхшар ва атбойи ариғларға, ким ул руддин айрилдилар, ким ул руд суниға, ҳар ҳол бўлса, ариғларға ҳамул ҳолдур. Ул чучук бўлса, булар чучук, ул ачиғ бўлса, булар ачиғ, ул соф бўлса, булар соф, ул лой бўлса, булар лой».
Яна бир мисол шуки, Навоий ўзи келтирган:
Зарари борча элга ом ўлғай,
Ким таом устида таом ўлғай
байти Нўширавони одил замонида яшаган Содиқ деган ҳаким айтган: «Ло таъкул таоман ва фи меъдатика таомун» деган арабча ҳикматнинг ўзбекчага шеърий таржимаси эканини яширмаган.
Демак, биринчидан, Навоий насрий асарлари таркибида келадиган шеърий парчаларнинг поэтик хусусиятларини, иккинчидан, генезисини, яъни фикрни аслан ким айтганлигини, учинчидан, қай тарзда, яъни шеърдан шеъргами, насрдан шеъргами, шунингдек, туркийданми ёки арабий ёки форсий тилданми олиниб, шеърга солинганини аниқлаштириб ўрганиш ҳам навоийшунослигимизнинг галдаги вазифалари сирасига киради.
Бу навоийшуносликда нисбатан янги тадқиқот йўналиши ҳисобланади ҳам.
Султонмурод ОЛИМ, адабиётшунос




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0