Қариндошмиз, вазифаларимиз бошқа, бир жойда ишласак бўладими?
— Шифохонада иқтисодчи бўлиб ишлайман. Асосий вазифам харажатларни режалаштириш, штат-смета ҳужжатларини тайёрлаш, даромад ва харажатларни таҳлил қилиш бўлиб, лавозим буйича бош шифокорга бўйсунаман. Шунингдек, шу шифохонада бош ҳисобчиси бўлиб синглимнинг турмуш ўртоғи ишлайди. У ҳам тўғридан тўғри раҳбарга бўйсунади. Лавозим вазифаси меникидан фарқли. Шу ҳолатда иқтисодчи ва бош ҳисобчи бирга шу ташкилотда ишлашимиз мумкинми?
О. Раззоқов, Тошкент вилояти
Ушбу саволга меҳнат муносабатлари бўйича эксперт Мирёқуб РАҲИМОВ жавоб берди.
— Сизнинг ҳолатингизда сиз билан бош ҳисобчи қуда томондан қариндош ҳисобланасиз, бу Mehnat kodeksининг 121-моддаси ҳамда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида назарда тутилган тоифага киради. Бироқ мазкур нормалар қариндош шахсларнинг бир ташкилотда ишлашини эмас, балки агар улардан бири иккинчисига бевосита бўйсунса ёки унинг назорати остида бўлса, шу ҳолатни тақиқлайди. Демак, тақиқнинг қўлланилиши хизмат бўйсуниши ёки назорат муносабати мавжуд бўлиши билан боғлиқ.
Сизнинг тавсифингизга кўра, иқтисодчи ҳам, бош ҳисобчи ҳам бош шифокорга тўғридан-тўғри бўйсунади ва бир-бирининг ишини тасдиқлаш, назорат қилиш ёки бошқариш ваколатига эга эмас. Иқтисодчи харажатларни режалаштириш ва таҳлил қилиш билан, бош ҳисобчи эса бухгалтерия ҳисобини юритиш билан шуғулланади, яъни уларнинг вазифалари ўзаро боғлиқ эмас. Шу сабабли улар ўртасида қонун назарда тутган бевосита бўйсуниш ёки назорат муносабати мавжуд эмас.
Шу билан бирга, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, шахсий манфаат хизмат вазифаларини холис бажаришга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади. Сизнинг ҳолатингизда бундай таъсирни кўрсатувчи бевосита ваколат ёки қарор қабул қилиш муносабати мавжуд эмас. Шунинг учун ҳозирча қонун бузилиши аниқланмайди. Бироқ келгусида лавозимлар ўзгариб, бирингиз иккинчингизнинг фаолиятига таъсир қиладиган ҳолат юзага келса, бу манфаатлар тўқнашуви сифатида баҳоланиши мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0