Дорихона омборидан яроқлилик муддати ўтган дори воситалари топилди
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент туманида фаолият юритувчи дорихоналардан бирига қарашли омборхонада умумий қиймати 264 млн. сўмни ташкил этувчи 30 турдаги 10 минг 509 қути дори воситаларининг яроқлилик муддати ўтган бўлиб, 3 турдаги 639 қути дорилар ҳамда 243 дона гель воситаларининг яроқлилик муддатлари қалбакилаштирилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, 1209 турдаги тахминий қиймати 20 млрд. сўмга яқин бўлган дори воситалари халқаро GDP (сақлаш, олиб келиш ва реализация қилиш бўйича) сертификатига эга эмаслиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қошидаги Сертификатлаш органидан лицензия олмаган ҳолда сақланаётганлиги аниқланди.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, дорихона мансабдор шахслари томонидан дори воситалари лицензияда кўрсатилган бинодан ташқарида сақланиб, 10 турдаги дори воситаларида мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган, 1 турдаги дори воситаси ғайриқонуний тайёрланган (контрафакт), 9 турдаги дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва 20 турдаги яроқлилик муддати тугаган дори воситалари тегишли тартибда йўқ қилинмасдан сақланган.
Ҳозирда дорихона мансабдор шахсларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0