Илон Маск дунёда илк бор $600 млрд бойликка эга бўлган инсон бўлди–Форбес
Forbes нашрининг сўнгги ҳисоботига кўра, америкалик тадбиркор, SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск тарихда биринчи бўлиб 600 миллиард доллардан ортиқ бойликка эга бўлган инсон сифатида қайд этилди. SpaceX компаниясининг баҳоси кескин ошиши ортидан Маскнинг умумий бойлиги 677 миллиард долларга етди.
Мутахассислар таъкидлашича, бу ўсишга SpaceXнинг ички акциялар савдоси (tender offer) асосий туртки бўлган. Унга кўра, компаниянинг бозор баҳоси 800 миллиард долларга етган. Айни пайтда Илон Маск SpaceXнинг тахминан 42 фоиз улушига эгалик қилади, бу эса унинг энг қиммат активи ҳисобланади. Forbes баҳолашига кўра, мазкур улушнинг ўзи 336 миллиард доллар атрофида.
Илон Маскнинг бойлиги асосан қуйидаги активлар ҳисобига шаклланган:
- SpaceX — 42% улуш, тахминан 336 млрд доллар
- Tesla — 12% улуш, қарийб 197 млрд доллар
- xAI Holdings — сунъий интеллект йўналишидаги компания, тахминан 60 млрд доллар
Шу тариқа, SpaceX Маск бойлигининг энг катта ва стратегик қисми бўлиб қолмоқда.
Forbes маълумотларига кўра Илон Маск — 600 миллиард долларлик бойликка етган тарихдаги илк инсон бўлиб қолади. Шу билан бирга, у 500 миллиард доллар чегарасини ошган ягона шахс сифатида ҳам рекорд ўрнатди. Ҳозирги кунда дунёдаги иккинчи ўринда турган миллиардер — Google асосчиларидан бири Ларри Пейждан 425 миллиард долларга бойроқ.
Reuters ва Forbes таҳлилларига кўра, SpaceX 2026 йилда IPO (оммавий акциялар жойлаштириш) ўтказишни режалаштирмоқда. Агар IPO муваффақиятли амалга ошса, компания баҳоси 1,5 триллион долларгача етиши мумкин. Бу эса Илон Маскнинг бойлигини янада ошириб, уни инсоният тарихидаги илк триллионерга айлантириш эҳтимолини кучайтиради. Шунингдек, Tesla’нинг узоқ муддатли стратегияси — сунъий интеллект, роботакси, автоном бошқарув ва “Mars shot” каби глобал лойиҳалар ҳам инвесторлар ишончини ошириб, Маск активларининг келгусида яна қимматлашишига замин яратаётгани қайд этилмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, Илон Маск нафақат дунёдаги энг бой инсон, балки технология, космос ва сунъий интеллект соҳаларидаги глобал трансформациянинг асосий қаҳрамонига айланиб улгурди. Агар SpaceX IPO ва Teslaнинг инновацион режалари кутилган натижани берса, инсоният тарихида янги молиявий босқич — триллионерлар даври бошланиши мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0