Европа қироличалари хуш кўрган Бухоро бренди
Биз бугун Прада, Версачи, Шанель, Армани, Гуччи сингари Европада машҳур брендларнинг маҳсулотларига мафтунмиз. Аммо қадимда бунинг акси ўлароқ бизнинг брендларимиз ғарбликларни ўзига жалб қилган эди. Булардан энг машҳури Занданечи матоси эди.
Занданечи — Ўрта Осиёнинг бой безакли ипак матоси бўлиб, у Ғарбда энг кенг тарқалган. Бухоро вилоятининг ҳозирги Пешкў тумани ҳудудидаги Зандана қишлоғида машҳур тўқимачилик ишлаб чиқариш маркази бўлган ва у ерда дунёга машҳур Занданечи матоси ишлаб чиқарилган.
Занданечи номи “Занданада ишлаб чиқарилган”, деган маънони беради. “Занданечи” қадимда Буюк Ипак йўлидаги машҳур бренд саналган. Кейинчалик мамлакат бўйлаб шу матони ишлаб чиқарувчи марказлар бренд номини сақлаб қолган ҳолда фаолият юритишган.
Занданечи матоси ўта пишиқлиги, ҳарир ва гўзаллиги, ўзига хос безаклари билан ўша давр зодагон табақалари томонидан юқори баҳоланган. Мато кўндаланг қаторларда жойлашган медалёнлардан иборат нақшлар билан безатилган. Медалёнлар оралиғига ўсимлик тасвири туширилган. Бошқа турдаги безаклар ромб, квадрат, геометрик ифодаланган гуллардан иборат бўлган. Унда тилларанг, тўқсариқ, оқ, кўк, қизил ва яшил каби ўзига хос ранглар мужассамлашган.
Муҳаммад Наршахий қолдирган маълумотларга кўра, бу мато Ҳиндистон ва Ироққа ҳам юборилган. Ҳатто Европа қироличалари ҳам Занданечи матосидан кўйлак кийишни хуш кўрган. Улар учун махсус қимматбаҳо мато етказиб турилган.
Араб халифалигида эса маъмурлар солиқларни пул билан эмас, Зандана матоси билан олишгани ҳақида тарихий фактлар мавжуд.
Ушбу мато ипак ватани бўлмиш Хитойда ҳам ниҳоятда харидоргир бўлган. Хусусан, парча деб номланувчи Зандана матоси 718-719 йилларда Бухоро шаҳридан Хитой императорига юборилганлиги ҳақида маълумотлар ҳам бор.
VI–VIII асрларда ишлаб чиқарилган Занданечи матолари парчалари Ғарбий Европанинг бир нечта музейларида бугунги кунгача сақланиб қолган.
XVIIасрда Россияда Ўрта Осиёдан келадиган барча матолар “Зенден” номи билан машҳур бўлган.
Ҳозирги кунда Занданечи матоси йўқолиб кетган бўлиб, уни қайта тиклаш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0