Иккинчи жаҳон урушидан қолган тилсим: япон генералининг сирли хазинаси
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли уруш бўлган Иккинчи жаҳон уруши ўзидан кейин бир қатор сирларни мерос қилиб қолдирди. Улардан машҳурларидан бири “Рейх олтини” сиридир. Европада нацистлар томонидан талон-тарож қилинган хазиналар тақдири нафақат бойлик ишқибозларини, балки бутун дунё ҳукуматларини ҳам қизиқтириб келади. Аммо Осиёда ушбу бойликдан кўра қимматлироқ бойлик дом-дараксиз йўқолганди.
“Ямасита олтини” деб номланувчи осори-атиқа ҳақида кўплаб осиёликлар эшитган. Бу хазина япон босқинчилари томонидан талон-тарож қилиб, тўпланганди. Афсуски у ҳам ҳозиргача тўлиқ топилганича йўқ. Турли манбаларга кўра, унинг қиймати 40 миллиард долларгача етиши мумкин эди.

1971 йил январ ойида Багио шаҳридан бўлган механик Рогелио Рохас бошчилигидаги изловчилар гуруҳи Филиппин ўрмонларида хазина топдилар. Топилма пойтахт Маниладан 250 километр узоқликдаги оғзи бетонланган ғорда яширинган эди. Ҳудуд қутилар билан тўлдирилган катта ер ости залидан иборат эди. Унинг марказида ҳатто бир гуруҳ эркаклар қўзғата олмайдиган олтиндан ясалган оғир Будда ҳайкали турарди. Рохаснинг сўзларига кўра, унинг оғирлиги бир тоннагача бўлган. Ҳайкалнинг боши ечиб олинадиган бўлиб, ичида дағал олмос солинган қоплар бор эди. Яқин атрофдан кичикроқ олтин ва кумуш ҳайкаллар ҳам топилган. Рогелио Рохаснинг топилмаси “Ямасита олтини” деб номланувчи улкан хазинанинг бўлганининг ягона далили саналади.
1942 йил баҳорига келиб Япония Осиё-Тинч океани минтақасидаги катта ҳудудларни эгаллаб олиб, ўз муваффақиятининг чўққисига чиқди. Гонконг, Индонезия, Франция Ҳиндихитойи, Бирма ва Янги Гвинеяни эгаллаган. Феврал ойида узоқ вақтдан бери бузилмас қалъа ҳисобланган Сингапур қулади. Япония армияси Буюк Британия, Ҳиндистон ва Австралиядан 130 000 аскарни асирга олди. Бу ғалабада 25-армия қўмондони, “Малай йўлбарси” лақабли япон императорлик армияси генерал-лейтенанти Томоюки Ямасита асосий шахс бўлди. У ақлли, ҳисоб-китобли ва ниҳоятда шафқатсиз, улкан амбицияларга эга одам эди. Бироқ, Япониянинг минтақадаги ҳукмронлиги қисқа муддатли эди. Император денгиз флоти тўртта самолёт ташувчисини йўқотган Мидуэй жангидан сўнг, омад японлардан юз ўгиргани маълум бўлди. 1942 йил охирига келиб, иттифоқчиларнинг стратегик устунлиги аниқ эди ва Япониянинг мағлубияти фақат вақт масаласи бўлиб қолди.
Аммо шу вазиятда ҳам японлар таслим бўлиш ниятида эмас эдилар ва охиригача қаршилик кўрсатишни режалаштирдилар. Улар ҳали ҳам катта ресурсларга эга эди ва бунинг муҳим қисмини босиб олинган мамлакатлардан талон-тарож қилинган қимматбаҳо буюмлар ташкил этди. Японлар босиб олинган ерлардаги ҳамма нарсани мусодара қилдилар. Банклар, музейлар, ибодатхоналар ва ҳатто шахсий уйлардан қимматбаҳо буюмлар ҳам тортиб олинди. Ҳеч ким бойликларнинг аниқ миқдорини билмайди. Босқинчилар биргина Кореядан 100 000 га яқин санъат бойликларини олиб кетишганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Японияликлар Кореяни аста-секин ва давомли талон-тарож қила олдилар, чунки у Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан анча олдин қўлга олинган эди. Аммо Жануби-Шарқий Осиёда вазият бошқача эди: японлар қочиш вақти яқинлашаётганини сезишди. Улар талон-тарож қилинган молларнинг озгина қисмини Японияга олиб кетишга муваффақ бўлишди. Пул, олтин, заргарлик буюмлари ва санъат асарларининг асосий қисми босиб олинган ҳудудлардаги омборларда қолган. Генерал Ямасита Филиппинга 1944 йилда, вазият оғир бўлган пайтда юборилди. Янги қўмондоннинг саъй-ҳаракати туфайли вазият яхшиланди. Япониянинг ушбу минтақадаги мудофааси энг самарали бўлди ва улар 1945 йил 2 сентябргача Япония таслим бўлгунга қадар оролларда қолдилар. Бироқ, япон аскарлари кўп йиллар давомида Филиппинда якка қаршилик кўрсатишда давом этдилар. Улардан бири Хироо Онода фақат 1974 йилдагина ҳокимиятга таслим бўлганди.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, генерал Ямаситага уруш пайтида талон-тарож қилинган хазиналар тақдири олий қўмондонлик томонидан ишониб топширилган. У бу топшириқни аъло тарзда бажарди. Кейин воқеалар жуда ғалати тарзда ривожланди. 1945 йил 2 сентябрда генерал қўлга олинди, тезда суд қилинди ва 1946 йил 27 февралда уруш жиноятларида айбланиб, осиб ўлдирилди. Ўшандан кейин генерал яширган хазиналар ҳақида гап-сўзлар болалаб кетди. Уни топдик деб даъво қилган хазина овчилари орасида энг ишонарлиси юқорида тилга олинган чилангар Рогелио Рохас эди. 1971 йил апрел ойида бу 28 ёшли йигит полицияга Миллий тергов бюроси ходимлари унинг уйига бостириб кирганлиги ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, махсус агентлар ўзини агрессив тутиб, қурол билан таҳдид қилган. Улар Рохаснинг уйидан бир метр узунликдаги соф олтиндан ясалган Будда ҳайкали, 17 та олтин қуйма ва бир нечта олмосларни ўғирлаб кетишган. Кейинроқ Рохас талончилик Филиппин президенти Фердинанд Маркоснинг буйруғи билан амалга оширилганини айтди. Рохаснинг айтишича, ўғирланган нарсалар “Ямаcита олтин”нинг кичик қисмини ташкил қилган. У 1961 йилдан буён хазинани қидириб келганини айтди. У қимматбаҳо буюмларни ташишда иштирок этган одамлар билан гаплашишга муваффақ бўлди. Улар Рохасга хазина яширилган ғорлар жойлашувининг тахминий харитасини кўрсатдилар. Номаълум сабабларга кўра, Рогелио Рохас хазинани топиш учун 10 йил ўтгач, 1970 йилда йўлга чиқди. У ва бир нечта ҳамроҳлари излаган нарсаларини топгунларига қадар етти ой давомида ўрмон бўйлаб кездилар. Улар бир нечта туннелларни аниқладилар, улардан бирига кириш бетонланган эди. Хазина овчилари туннелни ёриб ўтгандан сўнг, япон аскарлари кийими ва скелетларни топдилар. Ямасита, эҳтимол, гувоҳларни олтин билан бирга йўқ қилганди. Рохаснинг айтишича, ғор олтин қутилар ва санъат асарлари билан тўлдирилган. Бироқ, у ва унинг ҳамроҳлари атиги 24 та олтин қуйма ва қимматбаҳо металлдан ясалган улкан Будда солинган битта қутини олишга муваффақ бўлишди.
Президент Маркосни ўғирликда айблаганидан сўнг, Рохас бир неча ойга қамалди. Озодликка чиққанидан кейин Рохас 1986 йилгача, Фердинанд Маркос режими қулагунга қадар кўздан панада юрди. Режим қулагач, Рохас собиқ президентни талончиликда айблаб, товон пулини талаб қилди. Иш Америка суди томонидан кўриб чиқилди, 1993 йилда даъвогар масала ҳал бўлишидан олдин вафот этди. Бироқ 1996 йилда Рохас япон генерали хазинасини топган одам сифатида тан олинди. Президент меросхўрларидан унга 22 миллиард доллар миқдорида товон пули тўлаш талаб қилинди.
Бироқ 1989 йилда вафот этган айбланувчининг беваси Имелда Маркос пул тўлаш нияти йўқлигини айтди. У марҳум эрининг хазинага алоқадорлигини қатъиян рад этди. Бу президентнинг уйида ўғирланган Буддани кўрган ва Имелданинг хазина ҳақида мақтанганини эшитган гувоҳларнинг кўрсатмаларига зид эди. Суд мажлислари давом этди ва ҳар бир суд мажлисида компенсация миқдори сезиларли даражада камайди. 2000-йиллар бошида Рохаснинг меросхўрлари бу иш бўйича 1,4 миллион доллар олишган ва дарҳол янги судга даъво қилишган. Энг охиргиси 2019 йилда топширилган. Бу иш бўйича айбланувчи Имелда Маркос ўша пайтда 92 ёшда эди. Бу сирли иш бўйича асосий айбланувчилар кўплаб сирларни қолдириб, оламдан ўтдилар. Жунгли туннелларида қолган хазиналар эса нима бўлганлиги номаълумлигича қолмоқда.
Кўпчилик “Ямасита олтини”нинг мавжудлигига умуман шубҳа қилади. Скептикларнинг таъкидлашича, филиппинликлар хазина қидириш билан кўп шуғулланишади. Япон генералининг хазинаси билан бир қаторда, оролларда XVI асрдаги хитойлик қароқчи Лимахонг ва XVIII асрда яшаган филиппинлик инқилобчи Францисконинг хазиналари ўнлаб йиллар давомида изланиб келинган. Мамлакатда 1899 йилдан 1902 йилгача давом этган Қўшма Штатлар билан уруш пайтида топилган хазиналар ҳақида ҳам сон-саноқсиз ҳикоялар мавжуд.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0