Ходимнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш борасида иш берувчига қандай мажбуриятлар юклатилган?
Савол: шахсга доир маълумотлар жумласига нималар киради? Ходимнинг меҳнатга оид муносабатлар сабабли иш жойига тақдим этилган шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича иш берувчининг мажбуриятлари нималардан иборат?
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Андижон вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори Ҳабибулло Усмонов қуйидагича жавоб берди:
Меҳнат муносабатлари жараёнида иш берувчига тақдим этилган ходим ва унинг оила аъзоларига оид барча маълумотлар шахсга доир маълумот ҳисобланади.
Буларга ходимнинг Ф.И.О., туғилган сана ва жойи, ЖШШИР, маълумоти, меҳнат фаолияти, яшаш манзили, паспорт ёки ID-карта маълумотлари, алоқа воситалари, ҳарбий ҳисоб, солиқ ва пенсия рақамлари, тиббий кўрик натижалари, оилавий аҳволи, яқин қариндошлари ҳақидаги маълумотлар ҳамда меҳнат шартномасига оид маълумотлар киради. Ушбу ахборот махфий ҳисобланади.
Иш берувчи шахсий маълумотларни, асосан, ходимнинг ўзидан олиши шарт. Агар маълумот учинчи шахсдан олинса, ходимга олдиндан ёзма хабар берилиб, унинг розилиги олиниши керак (қонунчиликда назарда тутилган айрим ҳолатлар бундан мустасно).
Иш берувчининг мажбуриятлари:
- шахсий маълумотларни олиш мақсади ва усуллари ҳақида ходимни хабардор қилиш;
- маълумотларни ноқонуний фойдаланиш ёки йўқолишдан ҳимоя қилиш;
- ходимларни ушбу соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан таништириш;
- ходимлар вакиллари билан бирга ҳимоя чораларини ишлаб чиқиш.
Агар шахсий маълумотларга ишлов бериш тартиби бузилиши натижасида ходим меҳнат қилиш имкониятидан маҳрум бўлса ёки иш ҳақи камайтирилса, етказилган зарарни иш берувчи қоплайди. Шунингдек, ходим шаънига доғ туширадиган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилса, иш берувчи уларни рад этиши шарт.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0