Ходимнинг шахсий маълумотлари унинг розилигисиз ошкор этилиши мумкинми?
Савол: Раҳбарият ходимнинг розилигисиз шахсий маълумотларини, жумладан, оилавий аҳволи ва саломатлигига оид маълумотларни бошқа ходимларга ошкор қилиши мумкинми?

Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Навбаҳор Қудратова жавоб беради.
-Меҳнат муносабатларида ходимнинг шахсий маълумотлари дахлсизлигига риоя этиш иш берувчининг муҳим мажбуриятларидан биридир.
Меҳнат кодексининг 178-моддасига мувофиқ, иш берувчи ходимга тегишли маълумотларни қонунчиликда белгиланган тартибда сақлаши, қайта ишлаши ва улардан фойдаланиши лозим.
Бунда ходимнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларнинг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик, уларни учинчи шахсларга асоссиз тақдим этмаслик муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, шахсий маълумотлардан даромад олиш ёки бошқа тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.
Маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақат тегишли ваколатга эга бўлган шахсларга берилиши, ходимнинг саломатлигига доир маълумотлар эса унинг меҳнат вазифаларини бажариши билан бевосита боғлиқ ҳолатлардагина сўралиши керак. Ходимлар вакилларига ҳам фақат ўз вазифаларини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар тақдим этилади.
Зеро, ходимнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш шунчаки расмий талаб эмас, балки унинг ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлашнинг муҳим кафолатидир.







