Валюта UZS
  • USD

    12 102.39-33.37

  • EUR

    13 990.36-77.41

  • RUB

    153.08-0.32

+3C

+3C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+3c

  • Hozir

    +3 C

  • 21:00

    +1 C

  • 22:00

    +1 C

  • 23:00

    +0 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 13-March

+3C

  • Hozir

    +3 C

  • 21:00

    +1 C

  • 22:00

    +1 C

  • 23:00

    +0 C

  • Juma, 13

    +3 +20

  • Shanba, 14

    +6 +20

  • Yakshanba, 15

    +6 +20

  • Dushanba, 16

    +9 +20

  • Seshanba, 17

    +9 +20

  • Chorshanba, 18

    +10 +20

  • Payshanba, 19

    +9 +20

  • Juma, 20

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Империя васвасасига чалинганлар нега яна бош кўтариб қолишди?

Шу йилнинг дастлабки ойидаёқ Москвадан бир неча бор собиқ иттифоқ давлатлари мустақиллигини «инкор этувчи» чақириқлар янгради. Аввалига Владимир Соловьёв, энди Александр Дугин...
694 20:41 | 19.01.2026 20:41

Нима ҳам дердик, қачонлардир бундай даъволарни шимолдаги давлат карнайчиларидан очиқ-ошкор эшитишимиз аниқ эди. Зеро, ушбу риторика Россия медиамаконида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Уни битта кўрсатув ёки файласуфнинг маҳсули ҳам деб бўлмайди. У ўн йиллар давомида шакллантирилиб, ярим ёпиқ интеллектуал тўгараклар ва рад этилган нашрлардан тортиб, федерал телеканаллар ва университет аудиторияларигача бўлган йўлни босиб ўтди.


«Биз гувоҳи бўлаётган янги мавжудлик моделида ҳеч қандай суверен нарса бўлиши мумкин эмас. Тамом. Суверенитет тугади. Миллий давлатлар ўтмишда қолди. Бу – ахлат», деди Дугин, Марказий Осиё ва Кавказ минтақалари давлатларининг сўнгги ўттиз йиллик мустақил тараққиётини инкор этишга ҳаракат қилар экан.


Эътибор беринг, бу сўзлар кимнинг оғзидан чиқяпти? Дугин оддий публицист эмас, балки халқаро миқёсда тан олинган мутафаккир ҳисобланади. «Рус дунёси» мафкурасининг отаси деб тан олинган бу кимса 2014 йилда Foreign Policy журнали томонидан «Дунёнинг энг нуфузли 100 глобал мутафаккири» рўйхатига киритилган. Унинг кўпинча радикал тус олган ғоялари ҳозир Россия истеблишментининг муайян доираларида ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Александр Дугиннинг Россиянинг империявий даъволари баён этилган фундаментал асари – «Геосиёсат асослари» узоқ йиллардан буён Россия Қуролли Кучлари Бош штаби академиясида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланиб келинади.


Бироқ айнан сўнгги йилларда халқаро сиёсатда кузатилаётган умумий инқироз ҳамда Украинадаги махсус ҳарбий амалиёт сабаб бундай баёнотлар очиқ-ойдин тус ола бошлади. Ниқоблар ечилди. Илгари «интеграция», «тарихий муштараклик» ёхуд «кўпқутблилик» дея аталган иборалар «катта оға»нинг тилида нималарни анг­латиши тобора очиқроқ ифода этиляпти: гўёки постсовет давлатлари мустақил бўлиш ҳуқуқига эга эмасмиш...


Шубҳасиз, Александр Дугин ана шу мафкуравий васвасанинг энг асосий фигурасига айланган. Унинг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларига нисбатан «суверенитетнинг тугаши» ва «миллий давлатларнинг қийматсизлиги» ҳақидаги куракда турмас баёнотлари навбатдаги провокация даражасидан чиқиб, бутун бир дунёқарашнинг сиқиқ ифодаси – қаймоғига айланди.



Дугин Россиянинг фалсафий уфқида тасодифий шахс ҳам, ёлғиз феномен ҳам эмас. У – совет генералининг ўғли, СССР парчаланиши арафасида норасмий интеллектуал тўгараклар иштирокчиси, француз Рене Генон ва италиялик Юлиус Эвола мактабининг изчил давомчиси бўлган, эзотерик анъанавийчиликни амалий геосиёсат билан боғлай олган файласуф. Унинг асосий ютуғи – империявий тафаккурни ўтмишни қўмсаш эмас, балки фалсафий зарурат сифатида янграйдиган тилга сола олганидадир. Дугин сиёсий лойиҳа билан бир қаторда босқинчилик мафкурасига метафизик асос ҳам яратиб берди. Унинг фикрича, тарих «қуруқлик» ва «денгиз», «анъана» ва «модернизм» ўртасидаги курашдан иборат, мус­тақиллик эса куч ишлатиш функцияси билан чамбарчас боғлиқ.


Дугиннинг мантиғига кўра, суверенитет халқаро ҳуқуқ билан мустаҳкамланган универсал ҳуқуқ эмас, балки фақат «катта цивилизациялар»гагина насиб этадиган мукофотдир. Қолган барча давлатлар «оралиқ», «шаклланмаган», «вақтинчалик» деб эълон қилинади. «Катта давлатлар даврида кичик давлатлар омон қололмайди. Улар қайси макродавлатга қўшилишни танлашга мажбур, акс ҳолда, уларни шунчаки парчалаб ташлашади», деган ёвуз фикр янг­райди унинг фалсафасида.


Хўш, ушбу риторика нега айнан ҳозир шунчалар очиқ тус оляпти? Назаримда, асосий жавобни Россиядан ташқарида излаш керак. Дунё ҳақиқатан ҳам чуқур эврилиш­лар даврини бошдан кечирмоқда. АҚШ халқаро меъёрларни намойишкорона писанд қилмай қўйди. Венесуэла, Гренландия, Эрон билан боғлиқ воқеалар, куч ишлатиш орқали босим ўтказиш ва режимни алмаштириш сценарийлари муҳокамаси, халқаро ҳуқуқ «эскириб қолгани» ҳақидаги баёнотларнинг барчаси глобал миқёсда куч сиёсатига қайтиш ҳиссини шакллантирмоқда. Айнан шу воқеалар силсиласида дугинча фалсафа бош кўтара бош­лади: у мавжуд тенденцияга қарши чиқмайди, аксинча, радикаллаштиради, холос.


Александр Дугиннинг ўзи ҳам жаҳонда рўй бераётган воқеаларни изоҳлар экан, бунга очиқ ишора қилади: «Дунё қонун-қои­далар ишламайдиган даврга қадам қўйди. Ким биринчи бўлиб орқага қарамасдан ҳаракат қилишга журъат этса, келажакни ҳам ўша ёзади».


Унинг талқинича, АҚШ хатти-ҳаракатлари қоидабузарлик эмас, намунадир. Дугин шундан «илҳом» олади, «Трампдек қилиш», ҳатто «Трампдан ҳам яхшироқ қилиш» деган баёнотлардан уялмайди. Унинг мантиғига кўра, қўшнилар суверенитетини тан олмаслик агрессия эмас, балки янги дунёга мослашувдир.


Ана шу нуқтада дугинча ёндашувнинг асосий фалсафий нуқсони намоён бўлади. ХХ аср сиёсати тарихига оид ҳар қандай тадқиқотнинг ажралмас қисмига айланган «Тоталитаризм асослари» асари муаллифи Ханна Арендтнинг фикрича, сиёсат тарихий муқаррарлик билан алмаштирилган жойда жавобгарлик йўқолади. «Тарих ҳукм қилмайди, одамлар ҳукм қилади», деб ёзади у. Евроосиё фалсафасида эса жавобгарлик цивилизациялар тақдири ҳақидаги афсоналар ичида эриб кетади. Агар суверенитет «тугаган» бўлса, давлатларни вайрон қилиш ҳам жиноят саналмайди.


Ушбу хавфни бошқа мутафаккирлар ҳам айтиб кетган. Тарихни универсал тарзда тушунтириб беришга даъво қиладиган ғоялар муқаррар равишда зўравонликни оқлашга олиб келади, дея таъкидлаганди Исайя Берлин. «Одам инсониятнинг якуний мақсадини аниқ биламан, деб ишонса, ўз йўлида тўсиқ бўлганларни осонгина четлаб ўтади», деган эди у. Дугин тизимида бундай «якуний мақсад» Евроосиё империяси шаклида намоён бўлади, унга тўсқинлик қилаётган барча нарса эса «тарихий чиқинди» деб ­эълон қилинади.


Афсуски, ушбу империалистик фалсафа аллақачон рус шовинистларининг қуролига айланган. Уни оммавий ахборот маконида фаол тарқатаётган шахслар бор, аввало, Владимир Соловьёв. У постсовет маконидаги бошқа давлатларда ҳам махсус ҳарбий амалиёт ўтказиш мумкинлиги ҳақида мулоҳаза юритар экан, алал-оқибат чегараларни куч билан қайта кўриб чиқиш ғоясига легитимлик бериш вазифасини бажаряпти. Бундай баёнотлар атрофдаги давлатларнинг муносабатини, реакциясини синовдан ўтказаётгандек...


Табиийки, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бундай баё­нотларга жим қараб туролмайди. Худога шукур, минтақамизда очиқ ҳарбий тўқнашувлар йўқ, аммо ташқи бозорларга, меҳнат миграцияси ва ахборот майдонига кучли боғлиқлик бор. Ана шундай муҳитда «шартли суверенитет» фалсафаси ўзининг аста-секин таъсир этиши билан хавфли эканини унутмаслик керак. У ҳарбий босқинни талаб қилмайди. Аҳолига мус­тақиллик аслида йўқ нарса, деган фикр­­ни сингдиришнинг ўзи етарли. Александр Дугин минтақамиз давлатларининг халқаро муносабатларда тенгликка интилишини «шуҳратпарастлик иллюзияси» деб атар экан, ўз стратегик йўлимизни танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳаракат қилади.


Кавказ ана шу тафаккурнинг янада қаттиқроқ шаклига дуч келмоқда. Бу ерда суверенитет очиқдан-очиқ низолар, тан олиш ва тан олмаслик масалалари билан боғланади. Александр Дугин минтақани «қайта форматлаш» ва «ҳаммага жой топиладиган» янги макродавлат яратиш зарурати ҳақида гапиради. Энг хавфлиси айнан «жой» деган сўз. У тенг ҳуқуқли субъектлар ўртасидаги келишувни эмас, балки вазифалар тепадан тақсимланадиган тизимни назарда тутади.


Аммо Дугин ва унинг салафлари шу нарсани унутмасликлари керакки, ҳамкор давлатлар давлатчилигига ҳурмат билан қаралган тақдирдагина барқарорликка эришиш мумкин. Зеро, босқинга учраган қўшни ҳамиша таҳдид манбаига айланади.


Фалсафий жиҳатдан бугунги кунимизни қонун-қоидалардан чарчаган дунёда империявий васвасанинг қайта жонланиши сифатида тасвирлаш мумкин. Бироқ ХХ аср бунинг қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатиб қўйган. Француз файласуфи Эммануэль Левинас ёзганидек, Ўзгани ҳурмат қилмай қўйган сиёсат, қанчалар «улуғ мақсадлар» ниқоби остига яширинмасин, зўравонлик шаклига айланади. Дугиннинг хаёлпараст тизимида эса Ўзга субъект сифатида йўқотилиши, фақат ҳудуд, аҳоли ёки ресурс сифатида қолиши керак, холос.


Бугун дугинча риториканинг очиқ-ошкора айтилаётганини ички инқироз билан ҳам изоҳлаш мумкин. Россия ичида ижтимоий-иқтисодий вазият қанчалик мураккаб­лашса, жавобларни улкан схемалар ва «тарихий миссиялар»дан излаш вас­васаси шунчалик кучаяди. Империявий фалсафа мураккаб дунёни оддий тушунтиришга ҳаракат қилади: агар қийин бўлса, демак, макон устидан назорат тўлиқ тикланмаган. Бу хавфли соддалаштириш бўлса-да, руҳий жиҳатдан анча жозибали кўринади.


Дугин ва унинг издошлари баёнотлари тарих кучлиларни оқлайди, деган ишонч яна бош кўтарган давр ойнасидир. Бироқ фалсафа, агар у тарғиботга айланиб кетмаса, бундай васвасани қўзғатмаслиги, аксинча, унинг оқибатларидан огоҳлантириши керак. Акс ҳолда, у ҳақиқатни излаш воситаси бўлишдан тўхтаб, ҳатто нозик ва нафис иборалар ортига яширинган ҳолда ҳам, босим ўтказиш қуролига айланади.



Дугин таклиф қилаётган дунёда суверенитет универсал ҳуқуқ эмас, балки вақтинчалик имтиёзга айланади. Бугун уни бериш, эртага эса қайтариб олиш ҳам мумкин. Ана шу ерда Дугин фалсафасининг энг хавфли жиҳати очилади: у зўравонликни истисно эмас, балки тарихий зарурат сифатида тақдим этади. Буни фалсафадан кўра кўпроқ урушга интеллектуал тайёргарлик, дея баҳоласак, тўғрироқ бўлади.


Тўғри, дугинча риториканинг баланд­роқ янграётганига дунёдаги вазият ҳам сабабчи. Аммо бу ҳолат абадий давом этмайди. ХХ аср тажрибаси шундан далолат берадики, суверенитетни инкор этиш орқали қурилган ҳар қандай тизим барқарорликни эмас, янги можароларни мерос қолдиради. Шу маънода, Марказий Осиё ва Кавказ учун асосий вазифа бундай даъволарга ҳиссий жавоб қайтаришдан кўра, уларни бутунлай маънисиз қилиб қўя оладиган давлат ва жамият моделини барпо этиш, ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.


XXI аср суверенитети нафақат қўшин ва чегаралар, балки илм-фан тараққиёти, иқтисодиёт, мустақил таҳлил марказлари, эркин ва масъулиятли оммавий ахборот воситалари, халқаро майдонда ўз позициясини ­шакллантириш ва ҳимоя қилиш қобилияти билан ҳам ўлчанади. Ана шу салоҳият мавжуд бўлган жойда суверенитетни инкор этувчи ҳар қандай фалсафа ўз кучини йўқотади.


Жаҳонгир НАҲАНОВ,
«Ishonch.uz»



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид