Қирғизистон ТИВ фуқароларини Россияга бормасликка чақирди
Қирғиз ҳукумати 22 март куни Москвада содир этилган теракт ортидан мамлакат аҳолисига қатор тавсияларни ишлаб чиқди.
Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни зарурат бўлмаса, Россияга бормасликка чақирмоқда.
“Россия Федерациясига бориш учун узрли сабаблари бўлмаган фуқаролар қўшимча хавфсизлик чоралари ва давлат чегараси орқали киришда кучайтирилган назорат режими бекор қилинмагунча унинг ҳудудига саёҳат қилишдан вақтинча тийилишлари тавсия қилинади”, – дейилади вазирлик баёнотида.
Қайд этилишича, ушбу тавсия жорий йил 22 март куни Москвадаги “Крокус сити ҳалл” концерт залида кўп сонли одамларнинг ўлими ва жароҳатланишига сабаб бўлган теракт, шунингдек, Россия бўйлаб кучайтирилган хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш чоралари муносабати билан берилмоқда.
Мамлакат ТИВ, шунингдек, Россияга боришни режалаштирганлар мамлакатга киришда чекловлар мавжудлигини расмий каналлар орқали олдиндан текширишлари лозимлигини эслатган.
Бундан ташқари Россия ҳудудида илгари бўлган вақтида икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган қирғизистонликларга мамлакатга киришга рухсат берилмаслиги ва ушбу тартиб билан боғлиқ оқибатлар келиб чиқмаслиги учун унинг ҳудудига бормаслик тавсия қилинди.
Россияда бўлиб турган Қирғизистон фуқароларига эса гавжум жойларга бормаслик ҳамда ҳар доим ўзлари билан Россия ҳудудида қонуний бўлишларини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб юриш, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қонуний талабларига риоя қилиш кабилар тавсия қилинмоқда.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0