“Ўғирлаб кетилган” қиз фарзандли бўлди
Тошкент вилоятидан тушган бир мурожаатнинг тақдирини ўрганиш топшириғини олдим. Унда ёзилишича, аёлнинг 16 ёшли қизини номаълум шахс ўғирлаб кетган. Қиз ҳомиладор бўлиб қолган. Ҳозир эса, у қўлида икки ойлик чақалоғи билан уйда экан. Аёл болани катта қилишга қийналгани учун ёрдам сўраган эди. Кўрсатилган манзил бўйича мурожаатчига қўнғироқ қилдим.
– Қизингиз ўғирлаб кетилгани ростми? Наҳот топилмаган бўлса ўша пасткаш?
– Йўқ, топилмади. У йигит Қозоғистондан эди. Шунинг учун биздагилар топишолмади... Қизим мактабда ўқийди, чақалоғини эса каша билан боқаман. Маҳаллага ёрдам сўраб кўп чиқдим. Ҳеч ким хабар олмаяпти. Қайтанга бу ердан кўчиб кетинглар дейишяпти…
Аёл йиғламсираб гапирар, нуқул маҳалла раисини ёмонларди. Мен бунга янада аниқлик киритиш учун ўша маҳалла раисининг рақамини топиб, унга қўнғироқ қилдим. Раис мурожаатчининг исм-фамилиясини эшитгани ҳамон негадир бироз зарда билан гапира бошлади:
– Бу оила энг боқиманда, носоғлом муҳитли оила. Аёл эри билан ажрашган, майли бу тақдир дермиз. Лекин сизга ёлғон гапирибди, қизини ҳеч ким ўғирламаган. Ўзи кўчага чиқиб кетавериб, кимдандир бола орттирди. Ҳеч ким билмайди отаси кимлигини. Ҳозир мактабда ҳам ўқимаяпти, фалон шаҳарда ишлаб юрибди, боласига қайғурмайди. Бу оилага ҳомийлар томонидан ҳам кўп ёрдамлар кўрсатилади. Аммо уларни боқимандаликдан олиб чиқолмаяпмиз. Аёлнинг иши нуқул ҳар ёққа ёзиб-чизиш.
– Уларга маҳалладан кўчиб кетинглар деганингиз тўғрими?
– Ҳа, айтганман. Чунки носоғлом муҳитли оилаларни авваломбор тартибга чақириш, мабодо ҳеч ўзини ўнгламаса, кўчириб юбориш эскитдан бор нарса. Маҳалла шаънига доғ туширяпти она-бола иккови! Катта ўғли ҳарбий хизматда, буларни эса, ҳеч тўғри йўлга солиб бўлмаяпти. Неча марта иш таклиф қилдик, аммо сира ишлашни истамайди. Ўтган йили “Аёллар дафтари”га киритиб, уй-жойини таъмирлатиб бергандик. Майлида, инсофларини берсин, чарчадим шулардан очиғи!
– Лекин болада айб йўқ-ку. Ҳеч бўлмаса унинг кашаларига ёрдам бериш керакмикан…
– Ҳа, гапингиз тўғри. Ҳомийлар томонидан уйига икки-уч марта озиқ-овқат элтиб бердик. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ҳужжатларини топширганмиз, яқинда у ердан жавоб келди. Энди шу йилнинг охиригача болага нафақа ҳам оладиган бўлди.
Очиғи, нима дейишгаям ҳайрон қоларкан одам шунақа гапларни эшитса. Бу оилада бола тарбияси издан чиққани шундоққина маълум бўлди. Оилада эркак кишининг роли муҳим. Лекин юқоридаги ҳолатга эркак кишининг йўқлигини асосий сабаб қилиб кўрсатиш ҳам нотўғри. Ахир тақдирга тан бериб, фарзандларини ёлғиз ўзи гард юқтирмай катта қилаётган оналар ҳам бор-ку орамизда. Аслида, битта бола нотўғри йўлга кирса, унинг учун нафақат ота-она, балки чор-атрофдаги эсини таниган одамлар ҳам сабабчи бўлади. Бу оиланинг ҳам ўз вақтида бўшлиқда қолиб кетгани, эътиборсиз қолгани аниқ. Начора, ҳаммаси яхши бўлишига умид қиламиз. Акс ҳолда, катталарнинг ўз вақтида тузатилмаган хатолари, бола тарбиясига бефарқ бўлганларининг бадали оғир бўлади…
Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0