Жамоат транспортида йўл ҳақи энди рақамли. Бу замонавийликми ё ноқулайлик?
Йил бошидан автобусларда нақд пул орқали тўлов қилиш амалиёти бутунлай бекор қилиниши белгиланган эди. Бугун жамоат транспортлари фақат карталар орқали хизмат кўрсатмоқда.
Айтиш жоизки, ушбу тартиб халқаро стандартларга мос. Бироқ хорижий тажрибада бундай ўзгаришлар киритилаётган вақтда, аввало зарур шарт-шароитлар яратилади. Яъни, йўловчилар учун йўл ҳақи тўлаш имкониятлари ҳар бир бекатда таъминланади.
Савол туғилади: бизда бу борада вазият қониқарлими? Йўловчилар учун қулай ва осон тўлов усуллари мавжудми?
ishonch.uz Тошкент кўчалари бўйлаб ушбу саволга жавоб қидирди. Кузатишларимиз давомида автобус бекатларида АТТО карта олиш мумкин бўлган шахобчаларга кўзимиз тушмади. Балки ҳеч бўлмаса аҳоли гавжум жойларда QR-код чиқариб берадиган пайнет қурилмаларини топармиз, деган умидда автобусга чиқдик. Йўл-йўлакай 1-сонли автобус ҳайдовчиси Зафар Ғафуржоновнинг нақд пулдан воз кечиш ва бунга йўловчиларнинг бунга муносабати ҳақида сўраб кетдик. Ҳайдовчи шундай жавоб берди: “Аслида, тўлов шакли электрон тизимга ўтказилгани яхши ўзгариш бўлди. Авваллари йўловчиларга қайтим қайтаришга қийналардик, вақт талаб қилар эди. Натижада, тирбандлик юзага келар, шошиб турган йўловчиларнинг кайфияти бузиларди. Ҳозирги тизимда кондукторга ҳам ҳожат йўқ, ҳамма вақтида картасини уриб тушиб кетаверади. Бироқ янгиликлар ҳар доим ҳам яхши қабул қилинавермайди. Доимий нақд пулдан фойдаланадиган йўловчилар ёки вилоятдан ташриф бууюрувчиларга бу ҳолат норозилик туғдирмоқда. Шунга қарамасдан уларга тушунтириб, бир марталик тўлов учун ҚР-код ёки доимий АТТО карталарини сотиб олишини айтяпмиз. Ушбу муаммолар бартараф этилиб, тез орада йўловчиларнинг барчаси янги тизимга ўрганишига умид қиламиз”.
Ниҳоят, Ашхобод сайилгоҳи ёнидаги бекатда QR-код чиқарадиган қурилмага кўзимиз тушди. Шу ерда автобусдан тушдик, аммо биздан олдин шошиб бориб чек оламан деган амакининг хафсаласи пир бўлиб ортга қайтганини кўриб ҳайратга тушдик. Билсак, пайнет қурилмаси номигагина турибди экан, чек чиқариш жараёнида хатолик юз берётгандир деб қарасак, ҳаттоки, ёниқ ҳам эмас экан. “Тарвузи қўлтиғидан тушган” одамдек ортга қайтдик. Шу пайт ёнимиздаги икки тенгдош суҳбатидан Почта хизмати марказида транспорт картасини олиш учун соатлаб навбат кутиб олганлигини эшитиб қолдик ва воқеани ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида ўша ерда бўлдик.
Почта хизмати марказига борганимизда турнақатор навбатга дуч келдик. Кутувчиларнинг бирига “Тўлов тизимининг электрон шаклга ўтилганлиги сизга ноқулайлик туғдирмаяптими?” деган савол билан юзланганимизда у шундай жавоб берди: “Уй бекасиман. Ҳафтада бир-икки маротаба кўча-кўй, бозорга чиқиб тураман. Кеча вилоятдан онам меҳмонга келганди. Кутиб олиш мақсадида автобусга чиқсам нақд пул қабул қилмаётган экан. Аксига олиб яқин атрофдан ҚР-код чиқариб берадиган пайнет қурилмаси ёки АТТО сотиб оладиган шахобчани тополмадим. Яхшики бир қиз ёрдам бериб пластик картасидан мен учун ҳам тўлов қилиб берди ва мен унга нақд пул бердим. Вокзалдан онамни олиб қайтишда ҳам шу муаммога дуч келдик. Айниқса, вилоятлардан ташриф буюрувчилар учун бу ҳолат анча ноқулайлик туғдираркан. Бугун алоҳида вақт ажратиб, Почта марказига транспорт картасини олгани келдим. Тўловларнинг электрон тизимга ўтилганлиги яхши, бироқ барча бекатларда сотув шахобчалари бўлса, ҳеч қандай норозилик ҳолатлари кузатилмасди”.
Маълумот ўрнида аҳоли қатламлари учун тўрт турдаги карталар мавжуд бўлиб, улар:
қизил – нафақа ёшидагилар учун;
сариқ – талабалар учун;
кўк – мактаб ёшидагилар учун;
яшил – ижтимоий ҳимоядаги аҳоли учун.
Карта сотиш давомида аҳолига барча тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Жамоат транспортида электрон тўлов тизимларини жорий этиш дунё стандартларига мос бўлиб, йўловчилар учун қулайлик ва транспорт операторлари учун самарадорликни оширади. Бу нафақат йўловчиларга қулайлик яратади, балки транспорт тизимининг самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Аммо янги тартиб-қоидаларга шароитлар ҳам мос келиши керак. Аввал терминалларнинг ҳар бир бекатда бор-қўйлиги назрат қилиниши, уларнинг созлиги текширилиши лозим. Карта сотиб олинг ёки онлайн карта кўчириб олинг, дейиш осон. Ёши катта инсонларнинг ҳаммаси ҳам янгиликларга мослаша олмайди. Техникаларни ишлатишни яхши билишмайди. Умид қиламизки, тез орада аҳоли ягона транспорт картасига эга бўлиб, барча ноқулайликлар бартараф этилади.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0