Валюта UZS
  • USD

    12 634.34-18.98

  • EUR

    14 821.34-0.76

  • RUB

    162.370.48

+32C

+32C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+32c

  • Hozir

    +32 C

  • 16:00

    +32 C

  • 17:00

    +32 C

  • 18:00

    +32 C

  • 19:00

    +31 C

  • 20:00

    +28 C

  • 21:00

    +26 C

  • 22:00

    +25 C

  • 23:00

    +23 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 11-July

+32C

  • Hozir

    +32 C

  • 16:00

    +32 C

  • 17:00

    +32 C

  • 18:00

    +32 C

  • 19:00

    +31 C

  • 20:00

    +28 C

  • 21:00

    +26 C

  • 22:00

    +25 C

  • 23:00

    +23 C

  • Juma, 11

    +32 +20

  • Shanba, 12

    +35 +20

  • Yakshanba, 13

    +38 +20

  • Dushanba, 14

    +39 +20

  • Seshanba, 15

    +39 +20

  • Chorshanba, 16

    +39 +20

  • Payshanba, 17

    +41 +20

  • Juma, 18

    +42 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

“Ўқитувчиман. Дардим ичимда...” – устозлар таълимда қандай муаммоларга дуч келмоқдалар?

Навбатдаги мақолада азиз ўқитувчиларимизга сўз бердик. Таълим ва тарбия муаммоларини, дуч келинаётган қийинчиликларни сўраган бўлдик. Жавобларни ўқиш оғир. Кўпчилик устозлар шахсини сир тутишни илтимос қилишлари улардаги сўз эркинлиги ҳам чекланганини кўрсатади. Келинг, биргаликда танишамиз.
744 17:05 | 30.09.2024 17:05

Афсусланаман, ўйлайман. Келажагимиз нима бўлади?!


– Мен ҳам ўқитувчиман, лекин ҳозир Европада ишлаяпман. Ўқитувчилик – яхши касб, лекин... Очиғини айтаман, ўқитувчилар олий маълумотлилар (зиёлилар) қатламидаги энг паст табақага айланиб бўлган. Қандай дейсизми? Ўқувчилар алдамайди, “Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан” денг, ўқитувчи бўламан деганлар 10 ҳатто 5 фоизам чиқмайди, улар ҳам қизлар. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Соҳа йилдан-йилга пастга шўнғишда давом этяпти, демакки, шунчаки шамолмас, қандайдир бўрон ё довул кезиб юрибди.


Биринчидан, маош паст. Ўзбекистон бўйича ўқитувчининг ойлиги ўртача 2 ёки 2,5 млн сўм. Битта-иккита ўқитувчини кўтар-кўтар қилиб, ўн миллион маош бериб қўйиш – баландпарвоз гаплар. Шуям миннатли – ҳокимликлардан тортиб турли ташкилотларгача ўз ҳукмини ўтказади, текшир текширлар, қўпол қилиб айтганда, ит ҳам бит ҳам келиб кетаверади.


Мактаб давлатнинг, яъники мансабдорларнинг ўйинчоқ пойдевори. Ёлғон ҳам мактабдан бошланади. Узр, нима учун турли сайловлар мактабда бўлади, сайлов комиссияси ҳам мактаб раҳбарлари, халққа бир нафи тегмайдиган амалпараст депутатлару амалдорлар шу ердан сайланади. Негалигини, қандайлигини ўзлари яхши билишади.


Энди дарслик китобларга тўхталсак. 1-синфдан то юқори синфларгача китобларини очиб қарасак, ғиж-ғиж хато, ё жуда осон ё ота-оналар ҳам тушунмайдиган даражада жуда қийин ва тушунарсиз масала, мавзу, кераксиз маълумотлар билан тўлиб-тошган. Шундай тасаввур уйғонадики, фан дарсликларини ўз мутахассислари, профессорлар, докторлар бир ёқда қолиб, бошқалар ёзгандек. Кимлар ишлашган китоблар устида, билмайман. Ўзи китоблар кимларнинг қўлида?


Мактабда дарс соатлари талаш бўлиши кўчадаги одамга ҳам маълум. “Абадий директор”, қариндош-уруғчилик.


Афсусланаман, ўйлайман. Келажагимиз нима бўлади?! Кимдир таълимни ўйлармикан? Қачон ўз миллий таълимимизга эга бўларканмиз? Бир қарасанг Финляндия, бир қарасанг Япония ва Сингапур таълимини жорий қиламиз, дейишади. Билмадим, қаерга кетяпмиз.


Таълимда 20 йилдан ортиқ ишлаб, энди чет ўлкаларда тирикчилик қилиб юрганларни учратдим, гаплашдим, дардлашдим. Таълимга пул тикилиши керак кўпроқ. Бунақада бўлмайди. Хуллас, Авлоний ўша гапни бекорга айтмаган. Шуни ёдда тутиш керак.


Қайчили депутатларимизга “раҳмат”


Мактабда 37 йил ишладим. Кўпчилик тан олганидай, бугун таълимимиз ислоҳотларга муҳтож. Бошқарув, дарсликларни қайта кўриб чиқиш керак, коррупция давом этмоқда.


Мактабдаги энг катта муаммолардан бири, менимча, бир директорнинг бир мактабда узоқ ишлаши. Қайсидир вилоятларда ротация бошланганини эшитиб хурсанд бўлгандим, лекин бу тўхтаб қолди. Қариндош-уруғчилик қонимизга сингиб кетган. Бунга ўз тажрибамда гувоҳ бўлдим. Менимча, директорлар тайинланиши эмас, сайланиши керак.


Халқ таълими бўлимларини тугатиш ҳақида таклиф бўлганди, жуда тўғри фикр. Лекин бу масала ҳам негадир ёпди-ёпди бўлиб кетди. Шуларни қисқартириш ҳисобига ҳам мактабларнинг моддий аҳволини яхшилаш мумкин эди.


Майли, директорлар, халқ таълими бўлимлари ҳам бир гап бўлар. Таълимдаги энг катта муаммо иш ҳақи! Ўқитувчи мақоми ҳақидаги лойиҳа кўпчиликда умид уйғотганди, лекин афсуски, уни роса куттириб, қайчилаб қабул қилишди. Депутатларимизга “раҳмат”.


Ҳали Сингапур, ҳали бошқа давлат таълимини ҳавас қиламиз. Лекин бу давлатлардаги ўқитувчиларга яратилган шароитлар, уларнинг имкониятлари ҳақида ҳам ҳеч ўйлаб кўрамизми? Шунақа десанг шартта оғзингга уришади: ҳали тайёрмасмиз, иқтисодиётимиз кўтармайди. Унақада нега аллақандай тадбирлар, янги ташкил этилган агентликлару маҳаллалардаги умуман кераги йўқ ҳоким ёрдамчилари, қоғозда катта ишларни қилиб юрган ёшлар етакчиларига маблағларни беҳуда сарфлаяпмиз. Шуни мактабга ишлатса фойдалироқ эмасми?


Дарсликлар – энг катта муаммолардан бири. Биргина мисол етарли деб ўйлайман: бошланғич синф табиий фан дарслигида дунёда океанлар сони 5 та деб берилган, 6-7- синф дарсликларида океанлар сони 4 та.


Халқ таълими вазири Шерматов даврида ўқитувчининг кўксига бироз офтоб тегди. Пахтадан, қоғозбозликдан озгина қутулдик. Лекин қанақадир ҳисоботлар сўраш, тадбирвозликлар, мажбурий обуналар яна бош кўтармоқда. Вазирликка ҳақиқий ўқитувчи орасидан чиққан, уни тушунадиган раҳбар тайинланмас экан, ҳозирги муаммолар ҳеч қачон тугамайди.


Энг оғриқли нуқталаримиздан яна бири – меҳнатни рағбатлантириш йўқлиги. Йиллар давомида бир неча марта ўқувчиларим билан фан олимпиадаларининг туман ва вилоят босқичларида ўрин олганман. Бир неча марта давлат мукофотига тавсия қилдик деб ҳужжат тайёрлатишган, сабабини билмадим, лекин мукофот олмаганман. Таълимдаги ютуқлари билан мақтана олмайдиган ҳамкасбларим орасида унвони-ю мукофотлари билан мақтаниб юрганларни кўп кўрганман. Инсон, меҳнат, рағбат қадрланмаган, адолат бўлмаган жойда ривожланиш ҳам бўлмайди.


Қолипларга сиғмадим


– 2008 йилда Ўзбекистон миллий университетини тамомлаб, ўқитувчиликни бошлаганман. Касбимни шу даража яхши кўрганим, дарс бераётган ўқувчиларни эса ундан яхши кўрганим учун куним қандай ўтганини сезмай қолардим. Доим атрофимда ўқувчиларим парвона. Биргаликда турли ғоялар устида ишлардик. Улар ҳам фанимни яхши кўра бошлашган эди. Оналик таътилидан кейин яна худди шундай иштиёқ билан ишга кирашаман деганимда, дарс соати муаммо бўлиб, директор менга базўр 8 соат дарс қилиб берди. Чунки оналик таътилига кетганимда ўрнимга икки нафар янги ўқитувчи олишган экан.


Хуллас, дарс қилиб бера олишмади ва мени психолог қилиб қўйишди. Индамай ишлай бошладим. Орадан бироз вақт ўтгач, “Миллий истиқлол ғояси ва “Одобнома дарсларини бериб, психологликни ҳам олиб қўйишди. Мен эса ўз фанимдан дарс қилиб беришларини сўрадим. Бироқ беришмади.


Бир марта “Миллий истиқлол ғоясидан очиқ дарс ўтдим. 10 нафарга яқин ўқитувчи ва мактаб раҳбарлари киришди. Мавзу ғоя ва мафкура тушунчаси. Дарсда ҳар бир ўқувчига фикр эркинлигини беришга ҳаракат қилдим. Чунки менга ўқувчилардаги ғоялар дарс мавзусидан қизиқроқ эди. Ишонсангиз, дарсдаги 30 ўқувчининг деярли ҳаммаси гапирди. Бироқ дарс якунида очиқ дарсимга 2 баҳо қўйиб, қониқарсиз дейилди. Шундоқ ҳам йиллар давомида ўз фанимдан дарс ололмаётганим ва ўтаётган фаним бўйича мутахассис эмаслигим бир бўлса, бу дарсга қўйилган баҳо мени жуда хафа қилди.


Ўқувчилар мен тараф бўлишиб, дарсни ёқтиришларини айтишди. Шунда мактаб раҳбари дарсни қолиплар билан тўлдирилган режа асосида ўтмаганимни рўкач бўлиб, аслида дарс давлат стандарти, яъни 45 дақиқалик белгиланган режа асосида ўтилиши кераклини таъкидлади. Менинг фикрим бошқача эди. Мавзуни доскага ёзиш, қоидани дафтарга кўчиришдан кўра, ўқувчилар билан мавзу юзасидан баҳслашиш кўпроқ натижадор эди.


Мактабда “ёзди-ёзди” кўп бўларди. Раҳбарни устидан айрим ўқитувчилар тинимсиз “тепа”га ёзишарди. Худди шу гуруҳ ўқитувчилар недирки, мени мактаб директорига ўринбосар лавозимига сайлашди. Тайинли дарсим бўлмагани учун, иш бўлса бўлди деб ишлай бошладим. Лекин мактаб тизими тобора одамни бўғарди. Айрим ўқитувчилар дарс вақтида тирикчилигини қилишарди. Дарс ўтаётган бошқа ўқитувчининг хонасига кириб олиб, ўз товарларини мақтаб сотарди. Танаффус вақтида айрим ўқитувчилар ўқувчиларга ўзлари пишириб келган овқатларни сотарди.


Мактабда ўқитувчиларга устама берилиши керак. Йил бошида шу масала ҳал қилиняпти. Комиссияда ҳамма ўз йўналиши бўйича фикрини айтди. Мен ҳам фақат ишлаётганларга урғу бердим. Аммо барибир охирида директор ҳаммасини ўзи ҳал қилди. Шунда жаҳлим чиқиб, бу ноҳақлик эканлигини айтдим. Хуллас, директор истаган одам ўринбосар бўлмагани учун ҳар куни мактабда жанжал эди.


Вилоятдан ё республикадан текшириш келса, ўртага пул ташлардик. МЧС ё СЭС текширса ҳам пул ташлардик. Арзимаган 800 минг сўм пул олардим (2017 йилда). Лекин шундан 300 ё 400 мингини уйга олиб борардим.


Дарс вақтидаги бетартибликлар. Баъзида дарс вақтида ўқитувчини ХТБ ё ҳокимиятга йиғилишга чақиришарди. Ўқитувчи йўқ бўлсада, унинг дарс вақтида ўқувчига бир нарса бўлса, ўша ўқитувчининг ўзи жазоланарди. Мактаб раҳбарига чора кўрилмасди.


Охири бўлмади. Қолипларда ишлай олмадим. Кетдим. Текширишлар, йиғди-йиғдилар, қоғозвозлик, мактабдаги арзимаган майда гаплар, деди-дедилар. Таҳририятда 3-4 йил ишладим. Бироз муддат ўтгач яна мактабда дарс бера бошладим. Менга 11-синфларни беришди. Дарсда 5-10 нафар ўқувчи. Суриштирсангиз, раҳбарнинг хабари бор, ҳаммалари репетиторда. Агар дарс вақтимда у ўқувчига бирор нарса бўлиб қолса, худо кўрсатмасин, мен айбдор бўлардим. Мана салкам 5 йил бўлди, ўқитувчи бўлиб ишламаётганимга. Лекин ҳеч нарса ўзгармаган.


Дилдор, Олмалиқ


Қаттиқ гапириш керакми ё секин


– Биров дардингни сўраб турса, очилиб кетарсан, шундоқ ёзишга ўтирдим-у, кўп ёзолмадим. Нимани ёзаман? Шундоқ ҳам ҳеч кимга сир бўлмаган, кафтдагидек кўриниб турган нарсалар: ўқитувчининг нуфузи (агар шундай дейиш мумкин бўлса) паст, маоши оз. Тарбия анқонинг уруғи: ўқувчиларга қаттиқроқ дакки берсангиз ота-онаси келади, секинроқ гапирсангиз ўқувчилар тингламайди. “Эти сизники, суяги бизники” замонларни тарихга кўмдик.


Аттестациядаги саволлар атайин ўқитувчиларни йиқитиш учун чалкаш тузилади. Дарсликларнинг ҳам савияси жуда паст. Хуллас, ўқитувчилар учун ҳар тарафдан ёмон бўляпти.


Ўқитувчи ўз устида кўпроқ ишлаши учун маоши яхшиланиши керак. Акс ҳолда қўшимча ишлар билан шуғулланишига тўғри келади, ҳозирги ойлик билан ойни ўтказиб бўлмайди, агар шундайлар топилса, тасанно...


Қоғозбозликни йўқ қилдик. Қандай қилиб? Телефонда emaktab сайтига кириб баҳо қўйилади, холос.


Зафар, ўқитувчи


Директорлар диктатурасини ағдариш керак


– Қарийб 30 йилдан буён таълим ичида юрган одамман. Биронта мактаб директорига хусуматим йўқ, лекин назаримда таълимдаги муаммоларимизнинг кўпи айнан улар билан боғлиқ. Республикамиздаги 50-60 фоиз мактабларда директорлар фақат моддий фойда қилишни ўйлаб ишлайди. 15-25 ва ҳаттоки 30 йилдан буён директорлик курсисига маҳкам ёпишиб олган директорлар бор десам, ишонасизми. Ўша мактабларда демократия умуман йўқ. Раҳбар ўзига қарашлиларни ишга олади, мактабдан ҳар йўл билан фойда топса бас. Фикри ёди — совға-салом, пора. Деярли ҳар куни уйига қуруқ қайтмайдиганлари ҳам бор. Сал эркинроқ, сапчийдиганроқ янги ўқитувчи келиб қолса, албатта, унинг қолипига сиғмайди. Дарсини камайтиради, устама бермайди, нафсониятига тегади. Руҳан эзилган, синган ўқитувчи охири мактабни ташлаб кетади.


Туҳматдан ўзи асрасин. Кўрган-билганларимни ёзяпман, ҳар ҳолда бир кун пешонамиз ялтираб қолар деган умидда бир жойда узоқ йиллар ишлаб сочи оқарган инсонман.


Таклифим, таълимни ислоҳ қилишни бошидан, яъни директорларни сайлаш тизимини ислоҳ қилишдан бошлаш керак. 5 йиллик қатъий муддат қўйиш керак. Агар қойиллатиб, зўр ишласа, ана, бошқа мактабни беришсин, униям кўтариб берсин! Бунинг учун таълим вазирлиги бир қатъий қонунми, низомми ишлаб чиқиши керак. Нолойиқ раҳбарлар бор жойда ишни янгича ташкил қилиб бўлмайди.


Яна бир жиҳат. Бугунги кунда аксарият мактабларнинг директорлари амални маҳкам тутган пенсионерлар. Улар дарс ўтолмайди. Агар ишлашни жуда хоҳлашса, шунча тўплаган билимларини қаерга сарфлашни билишмаётган бўлса, дарс ўтишсин. Йўқ, улар дарс ўтишмайди, лекин директорлик амалини сақлаш учун жонини беришга шай. Ҳар бир туманда аксарият мактаблар шундай “диктатор холалар” қўлида. Ёш кадрларни директорликка қўйиш керак. Таълим коррупцияга ботган. Ҳаттоки директорлик сертификатини пулга сотиб олишмоқда. Ўта аянчли.


Номим сир бўлиб қолсин. Ҳар ҳолда ўзим ҳам шундай директор қўлида ишлайман. Анча мустақил фикрга эгаман. Лекин мактабимда менга эргашишмайди, жуда қўрқишади.


Ўқитувчиман, ўқитиш тизимидан ув тортаман


23 йиллик тажрибага эга устоз сифатида комиссия тили билан айтганда, “ютуқ сизники, камчиликдан гапиринг...” тарзида таълимдаги оғриқлар ҳақида ёзмоқчиман.


Таълимга нималар керак:


– келажаги фаровон, тинч, тараққий этган жамият қуриш учун таълимга тубдан ислоҳот керак;


– таълим даргоҳлари ўқувчи сони учун эмас, сифат учун ишлаш керак;


– устоз мақомини тилда эмас, амалда ошириш керак;


– устоз вазифаси аниқ чегара билан: билим бериш, ўзини ривожлантириш ва ўқувчи натижаси билан белгиланиши керак;


– устозлар ортиқча даҳмазалар: давомат, тарбия, исталган текширувчи эшикни тепиб дарсга кириб келиши, ҳар хил ташкилот, ҳокимиятларнинг турли вазифа босимларидан озод қилиниши керак;


– ўқувчилар билими орқали мактаб рейтинглари аниқланадиган олимпиада, турли танловлар непотизимидан холи баҳоланиши керак;


– ўқитувчилар билимини, касбий салоҳиятини таҳлилдан ўтказадиган инсон омилисиз аниқлайдиган тизим яратиш керак;


– ортиқча мажлисбозлик тараққиётга эмас, таназзулга хизмат қилади, ундан қутулиш керак.


Очиғи, олий тоифали устоз, Халқ таълими аълочиси сифатида ушбу оғриқларни танамда ҳис қилдим. Гарчи ўқувчиларни, ишимни яхши кўрсам-да, шу муаммолар борлиги учун ҳар куни ишга кучли ҳадик ва чарчоқ билан келардим. Неча марталаб ишимни ўзгартиришга ҳаракат қилдим, яратганнинг марҳамати билан яна она бўлишим ишимдан бироз танаффус қилишимга сабаб бўлди.


Меҳнатнинг роҳатини кўриш бизга насиб қилмайди чоғи


Ўқитувчининг номи улуғ, супраси қуруқ касб бўлиб улгурган таълим соҳасига 2-3 йил аввал ишга кирдим. Янгилигингда шижоатинг ўзгача бўларкан. Аммо синмайди дейиладиган ҳақиқат ҳам эгилаверса, букилаверса, нонинг яримта қилинавериб, шахсий ўсишларинг инобатга олинмаса, бир жойда тўхтаб қоларкансан киши.


Университетга, контрактга бўлса-да, ўз кучим билан кириб ўқидим. Дадам ва бобом ҳам ўқитувчи бўлишган. Ўз кучим билан олийгоҳни битирдим, ҳеч қанақа таниш-билишларсиз, сессияларга бир чақа сарфламай дипломни олдик.


Катта ҳаёт буёқда экан, Бенжамин акамиздан 3 тасини бермасак мактабда кечаги талабага иш йўқ экан. Яширинча қарз-қавола қилиб ишга кириб олдим, буёқда уйдагилар хурсанд: “боламиз давлат ишида ишлаяпти”.


Бу ҳолва. Янги келган ўқитувчиларнинг айтишича, ҳозир Франклин тоғамиздан камида 4-5 таси бўлса сизга 10 соат дарс беришаркан. Хўп, 10 соат бўлса 10 соатда. Ўз устимда ишладим, ўқувчи тайёрлаб вилоят олимпиадасига олиб чиқдим, 11-синфлардан тарихга тайёрлаган ўқувчиларим давлат университетларига ўқишга кирди. Йўқ, дарс соатларим кўпайиши учун натижаларим эмас, Франклиндан яна керак экан. Меҳнатнинг роҳатини кўриш бизга насиб қилмайди чоғи. Ўқувчинг университетга кирадими, вилоят олимпиадасига чиқадими, фарқи йўқ. Устамани тушингда кўр!


30-35 соатлаб дарс ўтаётган ўқитувчиларниям натижасини умуман кўрганим йўқ!


Дарсим бу йил 17 соатга чиқди, мактабимиз катта, мендан кейин яна уч тарихчи ишга олинди, менгача икки тарихчи бор эди. Янги ишчиларга берилган дарс соатларини директор бизга бермади. Янги ходимдан соққа унгани дурустда.


Бу йил 15 нафар педагог-талаба ишга олинди. Улардан нари борса 2-3 тасига иш бор эди. Ҳар янги ўқитувчидан 400-500 кўкидан, ҳар сезонда битта “Спарк”ни пули кимни чўнтагини тешиб чиқибди?!


Балки сув тепадан лойқадир, яна билмадим, Аллоҳга аён.


Айтганча, бола тарбияси дебсиз. Ўқитувчи аёллар тугул, эркак устозлар ҳам болаларни койишга чўчиб қолишган. Сал овозини кўтарса, шу ишидан ҳам айрилиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам сиркаси сув кўтармайдиган “енгил йигитлар” кўпайиб боряпти менимча. Ўғил болани тарбиялашда эркакнинг ўрни муҳим. Андижонлик тарих фани ўқитувчисиман, кимлигим сир бўлгани яхши.


Болаларнинг кўзи мўлтираб, бизга ҳам дарсга киринг, дейиши юрагимни эзяпти


Қишлоқ мактабида 11 йилдан бери инглиз тилидан дарс бераман. 11 йил деганда меҳнатларимиз юзага чиқиб, бу йил 6 нафар ўқувчимиз миллий сертификат соҳиби бўлди.


Мактабда 18 соатдан дарс берилган. Тоифам олий, барча турдаги халқаро ва миллий сертификатлар эгасиман. Бир танишим қўнғироқ қилиб, қўшни ҳудудда ўқитувчи йўқ, бутун мактабдаги болалар инглиз тили ўқимайди энди, деб қолди. Ўша ерга борай десам, ўзимни мактабимни яхши кўраман, бориб дарс ўтмай десам болаларга раҳмим келади.


Бордим, кўрдим. Етти ё саккизта хонаси бор, кичкинагина мактаб. Спорт зали ва мажлислар зали йўқ, лекин таълим даргоҳи бўлган учунми, қандайдир файзи бор. Икки кунимни завучимга айтиб бўшаттирдим, 10 соат дарс олиб, 4 та синфга дарсга киряпман. Қолган ўқувчиларга инглиз тили ўқитилмайди! Шундай ривожланаётган даврда болалар тил ўрганмасая!..


Нима дейишга ҳам ҳайронман. Бир томондан, давлатимиз болаларга сифатли таълим берамиз деб ёппасига сертификатлашни бошлаб юборган, сертификати бўлмаса ўқитувчи ишга киролмайди.


Иккинчи томондан эса, мен айтганга ўхшаган чекка мактабларга ўқитувчи топилмапяти. Болаларни билимсиз қолдиргандан кўра, қандайдир йўл билан тил ўқитувчисини ишга олиб келиб дарс ўтгани яхшимасми?! Айрим чекка ва олис ҳудудлардаги мактабларга етиб олиш учун икки-учталаб машина алмашишга тўғри келади. Ишонасизми, бораман, ишлайман деган ўқитувчиларни ҳам топдим, лекин сертификати йўқ.


Шу менга оғриқ беряпти, болаларнинг кўзи мўлтираб, бизга ҳам дарсга киринг, дейиши юрагимни эзяпти. Уларда нима гуноҳ, кичкина болачалар тил ўргангиси келади, умид билан боқади бизга.


Шу касбни танлаб тўғри қилдимми?


Бошланғич синфлар ўқитувчисиман. Ҳисоблаб кўрсам, мактабга ишга кирганимга бир кам 30 йил бўлибди. Шунча йил ўтиб, ўйланиб қолдим, тўғри қилдимми шу касбни танлаб?


Ўқитувчи бўлишни орзу қилмаганман. Шифокор бўлмоқчи эдим. 1992 йили мактабни олтин медал билан битирганман. Уйдагиларим замон ёмон деб Тошкентга қўйишмаган. Хўп деганман. Ҳаётим, тақдирим учун курашмаганим, бўшлик қилганим учун энди афсус қиламан.


Мактабда ишлаб, илмлилар хор, устамонларга кулги-мазах бўлаётганини кўриб юрибман. Ўзимга ўхшаганлар билан тезроқ пенсияга чиқишни орзу қиламиз.


Лекин, бошқа томондан, ношукрчилик бўлмасин, шу касб орқасидан ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Ҳурмат қилишади. Олий тоифали ўқитувчиман. Ўз фарзандларим ва ўқувчиларим яхши касбларни эгаллашди. Умрим бекорга кетмагандир деб ўзимга тасалли бераман. Ҳар бир инсон дунёга ўз вазифаси билан келади, дейишади. Ким билсин, балки менинг вазифам шу болаларнинг оёққа туриб олишига ёрдам бериш бўлгандир. Ҳар ҳолда шунга умид қиламан.


Ўқувчиларимга баъзида ачинаман


20 йиллик тажрибага эга инглиз тили устозиман. Ўқитувчилик шарафли касб.Мени ўйлантираётган масала бир синфда ҳар хил салоҳиятли болаларнинг борлиги. Дарсликларидаги мавзулар эса энг заковатли ўқувчига ҳам кўплик қилади.


Айниқса, бошланғич синф болалари — ҳали ўйин боласи. Уларга баъзида ичим ҳам ачийди. Мен буёқда дарсни талаб қиламан, улар ўзларининг дунёсида хаёл суриб ўтирган бўлади. Қаттиққўллик қилсак, фандан безиб қолади. Аксинча бўлса, мавзуга етиб олиши қийин. Шу масалани бир ўйлаб кўриш керак.


Маржона Ражабова,
Ургут туманидаги 47-мактаб ўқитувчиси


Мактаб психологининг вазифаси бандликни таъминлашми?


Кўп йиллардан буён ўрта мактабларнинг бирида психолог вазифасида ишлаб келяпман. 4-5 йил бўлди, битирувчи (битирган ўқувчи)ларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси биз психологларнинг зиммамизга юклатилган. Режадан ташқари. Аслида иш режаси бўйича ишимизни мактаб ўқувчиларимиз билан бошлашимиз керак.


Масалан, бу йил 68 нафар ўқувчимиз битирди, шулардан 25 нафари ОТМ (давлат, нодавлат)га қабул қилинган. Уч нафар битирувчимиз турмушга чиқди, четга ишлагани кетганлари икки нафар. Икки битирувчини коллежга, 10 нафарини касб-ҳунар мактабига ўқишга йўналтирдим. Ҳаммасини асословчи ҳужжатлари билан бўлимга топширамиз. Қолган 26 нафар битирган ўқувчини вилоятдаги мономарказга ва тумандаги касб-ҳунар мактабига жалб қилмоқчиман.


Лекин ҳали шу бандлигини таъминлашга улгурмаганим — 26 нафар битирувчи учун қаттиқ гап эшитаман, тушунтириш хати ёздиришлари ҳам мумкин. Уларнинг синф раҳбарлари, ота-оналари, фан ўқитувчиларининг ҳеч бирида бундай масъулият йўқ. Ўқувчиси ОТМга киргани (уям репетитор кучи) билан фахрланиб қўйишади, қолганлари билан иши йўқ. Мактабни битирди, кетди, тамом.


Башарти ҳокимият топшириғи экан, маҳалладан масъул бириктирилмаса, биз психологлар мактабдаги ўқувчилар қолиб, уйма-уй юриб бу масалани ҳаққоний бажаришимиз қийин. Шу саволимга жавоб берадиганлар борми? Мактаб психологининг вазифаси аслида нималардан иборат ўзи?


Кўринадики, мактаб таълими вакилларининг ҳам дардлари йиғилиб қолган ва улар буни очиқ айтишга ҳайиқишади. Демак муаммоларни аноним тарзда бўлсада ўрганадиган платформа ҳақида ўйлаб кўриш фурсати келгандир.


Аброр ЗОҲИДОВ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид