Касаба уюшма талаби билан ходимнинг 98 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилди
Янгиариқ туманида яшовчи Қувондиқ Давлетов 2017–2024 йиллар давомида “Урганчтрансгаз” унитар корхонаси қошидаги “Транчгазсервис” МЧЖда бош бухгалтер лавозимида ишлаб келган.
У 2024 йил февраль ойида ўз аризасига асосан ишдан бўшаган. Аммо, унга 7 ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловлар тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган. Бир йилдан зиёд вақт мобайнида ўз ҳақини ундира олмаган Қ. Давлетов 2025 йил декабрда касаба уюшмаларига мурожаат қилди.
Меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганишда мурожаатчи билан тузилган меҳнат шартномаси қонунчилик талабларига мувофиқ бекор қилингани, аммо иш берувчи томонидан Меҳнат кодексининг 172-моддаси талаблари бузилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмагани аниқланди.
Шунингдек, “Транчгазсервис” МЧЖ фаолияти тугатилиб, барча ворислик ҳуқуқи “Урганчтрансгаз” УК зиммасига ўтгани маълум бўлди. Ўрганиш натижаларига кўра, Қ.Давлетовга тўланмасдан қолдирилган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловлар бўйича жами 97 миллион 887 минг сўм қарздорлик мавжудлиги тасдиқланди.
Меҳнат кодекси ҳамда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунга асосан, Хоразм вилоят Кенгаши меҳнат инспектори томонидан 2026 йилнинг илк иш кунларида иш берувчига ёзма талаб киритилди. Иш берувчи ушбу кўрсатмани бажарди. Қувондиқ Давлетовга иш ҳақи тўлаб берилди.
Музаффар АТАБАЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Хоразм вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0