Кечиккан адолат: ишчи-ходимлар нималарни йўқотмоқда?
Судда ғалаба қозониш ҳар доим ҳам ҳуқуқ тўлиқ тикланганини англатмайди. Чунки суд қарори ўз вақтида берилмаса ёки ижро кечикса, меҳнаткаш ойлаб иш ҳақини кутади, ишига қайта олмайди ёки қонуний ҳуқуқидан тўлиқ фойдалана олмай қолади. Демак, адолат фақат суд залида эмас, қарор ўз вақтида бажарилгандагина қарор топади.
Меҳнат ҳуқуқи бузилган ходимлар, одатда, аввало касаба уюшмасига мурожаат қилади. Ҳуқуқ инспекторлари музокаралар олиб боради, зарурат туғилса судга даъво киритади. Кўп ҳолларда қарор меҳнаткаш фойдасига чиқади. Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда муаммо айнан шундан кейин бошланади.
Фуқаролик процессуал кодексига кўра, ҳал қилув қарори нусхаси беш кун ичида тарафларга топширилиши лозим. Аммо бу талаб ҳамиша ҳам бажарилмайди. Масалан, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари манфаатида қабул қилинган қарор нусхаси қарийб бир ойдан кейин берилган. Бу эса апелляция бериш ва ижро жараёнини бошлаш муддатини кечиктирган.
Қонун айрим қарорларни, хусусан иш ҳақини ундириш ва ғайриқонуний ишдан бўшатилган ходимни ишга тиклаш ҳақидаги қарорларни дарҳол ижро этишни талаб қилади. Чунки бундай кечикиш инсоннинг даромади, оила бюджети ва кундалик турмушига бевосита таъсир кўрсатади. Бироқ амалиётда бундай қарорлар ҳам баъзан ойлаб ижро этилмоқда. Масалан, Паркент туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари фойдасига чиқарилган қарор бўйича тўловлар тўрт ой ўтиб амалга оширилган.
Албатта, судлар зиммасидаги иш юкламаси ҳам тобора ошиб бормоқда. Олий суд маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат судлари 4 миллиондан ортиқ ишни кўриб чиққан. Бу 2024 йилга нисбатан 37 фоизга кўп. Бундай юклама айрим жараёнларнинг чўзилишига таъсир қилиши табиий. Аммо меҳнаткаш учун энг муҳими — ҳуқуқининг белгиланган муддатларда тикланишидир.
Суд тизимида рақамли технологиялар жорий этилмоқда, электрон мурожаат қилиш имкониятлари кенгаймоқда. Бироқ ҳуқуқ инспекторлари амалиётда айрим электрон ҳужжатларни қайта тақдим этиш талаб қилиниши ёки асоссиз қайтарилиши ҳам жараённи чўзишини таъкидламоқда.
Адолат фақат суд қарори чиқарилгани билан эмас, унинг ўз вақтида қўлга тегиши ва кечиктирилмасдан ижро этилиши билан тўлиқ қарор топади. Акс ҳолда, қонун билан кафолатланган ҳуқуқнинг қадри пасаяди, энг катта зарар эса меҳнаткашга етади.
Муҳаммаджон Рўзметов,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика КенгашиТошкент вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0