Кредит ва қимор сиртмоғи: у инсонларни қандай емирмоқда?
Бир аёлнинг ёзган мактуби бу мавзуни кўтаришга мажбур қилди. У кичик идорада оддий ходим бўлиб ишлайди. Маоши ҳам ҳаминқадар. Аммо, турмуш ўртоғи онлайн қиморга аралашиб, катта пул ютқазган. Бунинг устига хотинининг номига катта миқдорда кредит олиб, уни ҳам қиморга тиккан. Оқибатда аёлнинг бор топган-тутганини банк ечиб олмоқда экан.“Соғлиғимда жиддий муаммолар бўй кўрсата бошлади. Докторга кўринай, даволанай десам бор маблағимни банк ечиб олади. Шунча ишлаб, бор пулимни қарз ва фоизларга тўлиб, яна бир томонда соғлиғимдан жудо бўлаётганим алам қиляпти”, дейди у.
Юқоридаги каби кишини ўйлантириб қўяётган ҳолатлар жуда кўп. Афсуски, бугун кўпчилик ўйламасдан кредит олишга муккасидан кетмоқда десак адашмаймиз. Янаям ачинарли тарафи, ушбу маблағларнинг бир қисми мутлақо фойдасиз сарф-харажатлар кетмоқда (кредит олиб бадабанг тўй қилувчиларни мутлақо тушунмай ўтиб кетсак керак). Онлайн қимор ўйинлари ҳам шулар жумласидандир.
Аслида кредит маблағлари зарур харажат ёки бирор мақсад учун банкдан олинадиган пуллардир. Кредитга уй, машина ёки маший техника буюмлари олаётганларни балки тушунса бўлар. Улар қимматига бўлса ҳам мулк ёки ашё сотиб олмоқдалар. Аммо бугун банклар тақдим этаётган микроқарзлар (мақсадсиз сарфласа бўладиган кредитлар) ҳам сероб. Уларнинг ўртача фоизи 30-40 фоизга тўғри келади. Марказий банк тақдим этган маълумотларга кўра, ҳаттоки йиллик 41-43 фоизгача тўлов ундирадиган банклар мавжуд. Бу дегани олган қарзингизнинг қарийб ярми миқдорида фоиз ҳам тўлайсиз дегани.
Кредит фоизларининг юқори эканлиги ва бошқа ноқулайликлар етмаганидек, айримлар уни енгил-елпи мақсадларга сарфлаб катта қарзга кириб қолгани, жуда ачинарли. Энг ёмони, бундай аҳволда маош ҳисобига кун кўрадиган ўрта қатлам тушиб қолмоқда.
Воҳа томонда истиқомат қилувчи юртдошимиз ҳикоя қилади: “Оддий мардикорчилик билан кун кўрадиган бир ҳамқишлоғимиз банкдан жуда катта миқдорда кредит олган. Расмий даромади бўлмаган, ҳеч жойда тайинли ишламайдиган бу йигит бунча пул олишни қандай уддалади, бехабарман. Аммо маблағнинг катта қисми 1xBet ёки шунга ўхшаш қимор ўйинларига тикиб юборилган. Қолгани ҳам тайинли мақсадларга сарфланмаган. Натижада қарз тўланмай қолиб кетди, унинг устига фоизлар минди. Банк қарздорни судга берди, иш МИБга ўтиб кетди. Ҳалиги йигит Россияга бориб ишлаб келай деса, хорижга ҳам чиқа олмайди. Энг ёмони, уй-жойи ўзининг номида экан, шарт келиб ҳовлини хатлашди. Бешта жўжабирдай жон кўчада қолди. Ҳозир ўша йигит оиласи билан қишлоқнинг чеккасидаги ҳароба уйда бир амаллаб тирикчилик қиляпти...”.
Бу бизнинг замонамизда рўй берган реал воқеа.
Қимор ва кредит бирга юриши беҳикмат бўлмаса керак. Чунки одатда тадбирли кишилар катта фоизлар эвазига қарз олишни маъқул кўрмайдилар. Ўйламасдан қарз олаётганлар эса катта даромад илинжида ҳаттоки йирик йиллик фоизларни ҳам писанд қилмай таваккалга қўл урадилар.
Афсуски, интернет тармоғида қимор гирдобига тушиб, катта маблағларни, ҳатто пенсионерлар, оддий ишчилар маошларини тикиб юбораётган шахслар ҳам бот-бот учрайдиган бўлиб қолди. Масалан, шундай мавзудаги хабарлардан бири жорий йилнинг 2 феврал куни эълон қилинган. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими томонидан тижорат банки мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувлар давомида Яшнобод туманида жойлашган банк филиалида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келган Э.Н. жиноий схемага қўл ургани аниқланган.
Маълум бўлишича, у “A.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқа шахслар билан ўзаро тил бириктириб, “B.B.” МЧЖ номига 120 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилишига эришган. Кейинчалик қалбаки ҳужжатларни расмийлаштириш орқали ушбу кредит маблағлари нақд пулга айлантирилиб, интернет орқали қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга сарфланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Эътибор беринг: 120 минг доллар ҳаттоки америкалик учун ҳам кичкина маблағ эмас. Шунча пулни қўрқмасдан, ҳайиқмасдан қиморга тикиш учун қанча катта юрак керак? Ёки бу банк мансабдорининг нақадар қимор ботқоғига ботганини яққол кўрсатиб беради. Банкир кредит пулларини қиморга қўяётганда, 1 млн доллар ютиб, еттинчи осмонга парвоз қилганини тасаввур қилган бўлса, ажаб эмас.
Ёки Қашқадарёнинг Шаҳрисабзидан бўлган муҳожир йигитнинг ҳикоясини келтириб ўтамиз.
Олис тоғлар бағридаги қишлоғидан совуқ Ёқутистон ўлкасида беш йил ишлаган йигит катта маблағ ишлаб топган. Бу пул Ўзбекистонга қайтиб келиб уй, қимматбаҳо автомобил сотиб олиш ёки кичик бизнес олиш мумкин эди. Аммо у бундай қилмади. “Азарт”га кириб, қиморга пул тикди. Футболдан тортиб, стол теннисигача. Ўзи спортни мутлақо тушунмаса ҳам, ўйлаб ўтирмасдан, турли жамоаларга маблағ сарфлади. Қани энди омади келса. Йўқ, беш йиллик умрку, ҳавога учгани майли. Унга ишониб, беш йил кутган қизнинг ҳам тоқати тоқ бўлди ва турмушга чиқиб кетди. Бир амаллаб Ўзбекистонга қайтган йигит мактабда ўқитувчилик қиладиган опасининг номига кредит олди ва униям қимор ўйинларида ютқазди. Энди бир йўл қолганди, яна Россия томон йўл олиш. Ҳартугул, уни чегарадан ўтказишди. Энди у қарзларини тўлаш учун тиним билмай ишламоқда. Ёш эса 35 га қараб кетди. Ўртада ютқазилган 7-8 йил умр ва ҳавога учган ўн минглаб доллар пул қолди...
Ёнингизда бундай ва бундан баттар тақдир эгалари кўпайиб бораётган бўлса ажаб эмас. Ҳатто ўз жонига қасд қилиб, умри билан қарз ва қимор бадалини тўлаётганлар бор.
Лекин, тийиқсиз кредит олишни чекловчи айрим ишлар амалга оширилганини ҳам айтмасак бўлмайди. Масалан, 2026 йил 1 мартдан бошлаб жисмоний шахслар учун истеъмол кредитлари ва микроқарзларнинг максимал миқдори даромадга боғланиши белгилаб қўйилди. Даромад аниқланганда қарз миқдори ўртача ойлик даромаднинг 8 бараваридан, аниқланмаганда эса 5 бараваридан ошмаслиги керак. Агар қарз олувчининг ўртача ойлик даромади 5 миллион сўмни ташкил этса, унга бериладиган истеъмол кредити ёки микроқарз миқдори даромадининг 8 бараваридан, яъни 40 миллион сўмдан ошмаслиги керак. Бунда белгиланган чекловлар якка тартибдаги тадбиркорларга ажратиладиган кредитларга ҳамда таълим кредитларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Бизнингча, кредит ажратилиши жараёнини янада қатъийлаштириш мақсадга мувофиқ. Чунки айрим кишиларда молиявий саводхонлик етарли эмас (ҳатто баъзи ўқитувчилар ва давлат ходимларида ҳам).
Шу ўринда битта таклиф: Республика маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа масъул ташкилотлар бор. Улар банклар билан келишган ҳолда жойларда кишиларни кредит олиш хатарлари ва онлайн қимор хавфидан огоҳлантириш бўйича тренинглар ва тушунтириш ишларини йўлга қўйса мақсадга мувофиқ бўларди. Ва албатта ОАВ бу ҳақда тинимсиз бонг уриши керакки, тийиқсиз кредит олишлар ва қиморлар одамларимизни кафангадо қилмасин.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0