Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига! Яна судлашамизми?
Хоразм вилояти, Хива туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Марям Юсупова 2023 йил 1 март куни хизмат вазифасини бажараётганида йиқилиб, оғир тан жароҳати олди.
Махсус текширувда ушбу ҳолат ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса, деб баҳоланди. Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси хулосасига мувофиқ, М.Юсуповага II гуруҳ ногиронлиги ва 40 фоиз меҳнатга лаёқатсизлик даражаси белгиланди.
Қонунчилик талабларига кўра, бундай ҳолатда иш берувчи зарарни қоплаши, бир йўла ва ойма-ой тўловларни вақтида тўлаши керак эди. Аммо амалда бу талаблар бажарилмади. Оқибатда касаба уюшмаси аралашуви билан судга даъво-ариза киритилди. Боғот туманлараро судининг 2025 йил 24 февралдаги ҳал қилув қарорига асосан, жавобгардан Марям Юсупова фойдасига 80 миллион 726 минг 449 сўм миқдорида маблағ ундирилди. Бироқ, бу масъулларни тегишли хулоса чиқариб олишга ундамади ва уларнинг бефарқлиги туфайли кейинги давр тўловлари яна кечиктирилди. Шу боис Марям Юсупова фойдасига 2024 йил 1 ноябрдан 2025 йил 1 майгача бўлган давр учун асосий зарар ва компенсация ундириш юзасидан яна судга мурожаат қилинди. Суд даъво-аризани қаноатлантирди. Кейин… афсус, унинг ижроси таъминланмади.
Оқибатда апелляция тартибида 2024 йил 1 ноябрдан 2025 йил 21 октябргача бўлган давр учун ҳам зарар ва компенсация ундириш масаласи кўтарилди. Хоразм вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 23 декабрдаги ажримига кўра, Марям Юсупова фойдасига 2024 йил 1 ноябрдан 2025 йил 1 майгача бўлган давр учун 16 миллион 145 минг 286 сўм асосий зарар ва 38 миллион 199 минг 746 сўм компенсация ундириш белгиланди. Ушбу маблағлар Мажбурий ижро бюроси томонидан 2026 йил январь ойида ундириб берилди.
Ачинарли ҳолат шундаки, масъулларнинг бепарволиги давлат бюджетига зарар етказди. Чунки компенсация мансабдор шахсларнинг чўнтагидан эмас, балки давлат бюджетидан, яъни халқ маблағлари ҳисобидан қопланмоқда. Агар улар тўловларни ўз вақтида амалга оширишганда эди, ортиқча маблағлар сарфланмас ва оворагарчиликлар бўлмасди.
Бу ҳам майли. Ўрганишлар мобайнида Марям Юсуповага тўланиши лозим бўлган ойма-ой тўловлар ва компенсацияларни ҳисоблаш ҳамда уни тўлаш жараёнида Солиқ кодексининг 369-моддаси талабларига ҳам тўлиқ риоя қилинмагани аниқланди. Бунисига нима дейсиз? 2025 йил 1 майдан кейинги давр учун белгиланган ойма-ой тўловлар-чи? Улар ўз вақтида тўланяптими ёки яна судлашамизми?
Хўш, нима учун қонун талаблари ўз вақтида бажарилмаяпти? Қачонгача масъулларнинг бепарволиги оқибатида давлат бюджети миллионлаб зарар кўради? Ўқитувчи қонуний ҳақини олиши учун қайта-қайта судга мурожаат қилиши адолатданми?
Ушбу саволларга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг вилоят бошқармасидан аниқ жавоб ва амалий чоралар кутиб қоламиз.
Эркинбой Байжанов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши меҳнат техник инспектори




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0