Олтиариқ сомсаси Россия, Туркияга экспорт қилинмоқда
Олтиариқ туманида тайёрланадиган сомса таърифи оғиздан-оғизга ўтиб, ўзига хос тайёрланиш услуби, мазаси, тўйимлилиги билан тобора машҳур бўлиб бормоқда.
Айни пайтда туманнинг деярли ҳар бир маҳалласида сомса тайёрлашга ихтисослашган сомсахоналар ташкил этилган. Эрта тонгдан гавжум бўладиган ушбу масканларда узоқ-яқиндан келадиган меҳмонларнинг қадами узилмайди.
Тиниб-тинчимас олтиариқликлар узум, бодринг, турп сингари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қаторида сомсани ҳам туманнинг ўзига хос бренди – “ташриф қоғози”га айлантиришга муваффақ бўлдилар. Шунингдек, Олтиариқ сомсасини тандирдан узиб олингач, музлатгичда махсус усулда совитилиб, самолётда хорижга жўнатиш тажрибаси амалда синаб кўрилди. Ҳозиргача буюртма асосида Россия, Туркия давлатларига махсус идишларга жойлаштирилиб жўнатилган Олтиариқ сомсаси харидорларга маъқул бўлди.
— Олтиариқ сомсасининг машҳурлиги сири жуда оддий — энг тансиқ масаллиқлар, кейин меҳр, — дейди олтиариқлик сомсапазлар сулоласининг учинчи авлоди Ҳасанбой Бўташев. — Бу ҳунар бобом ва отамдан мерос. Болалигимдан уларнинг ёнида ушбу касбни ўрганиб, ўн йилдан буён мустақил равишда ишлаяпман. Бизда гўштнинг энг сараси ишлатилади, хамирга алоҳида ишлов берилади. Туманда асосан пармуда сомса, ўрта, катта ва косасомсалар тайёрланади.
Маҳоратли сомсапазлар бир кунда беш тандиргача сомса ёпади. Битта тандирга ўртача 200 та сомса сиғиши инобатга олинса, мазкур егулик харидорлари жуда кўп эканлигини англаш қийин бўлмайди.
Жамшид Эргашев
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0