Хитойлик кардиожарроҳлар Ўзбекистонда 500 нафар болани операция қилади
Мамлакатимизда анъанавий хитой табобатини ривожлантиришга қаратилган грант лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров мамлакатимиздаги Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Цзюнь билан учрашув ўтказди. Мулоқотда икки давлат ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда таъкидланганидек, икки мамлакат раҳбарлари саъй-ҳаракатлари натижасида ўзаро стратегик ва дўстона муносабатлар изчил ривожланмоқда. Хусусан, ўтган йил 1 сентябрь куни Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича имзоланган ҳукуматлараро битим ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Музокаралар чоғида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қатор тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш ҳамда мамлакатимизда анъанавий хитой табобатини ривожлантиришга қаратилган грант лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, хитойлик кардиожарроҳлар томонидан жорий йилда юрак нуқсони бўлган 500 нафар болада юқори технологик операциялар ўтказиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Ушбу амалиётларни Болалар миллий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тошкент давлат тиббиёт университети болалар кўп тармоқли клиникасида амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Учрашув якунида Хитой грант маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича ўзаро келишувга эришилди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0