Наполеон урушлари сабаб битмаган лойиҳа: дунёдаги энг узун сувости туннели
Бундан роппа-роса ўттиз йил аввал, 1994 йил ноябрида Ла-Манш бўғози остидан Европа қитъасини Буюк Британия билан боғлайдиган улкан темир йўл линияси – Евротуннел ҳаракат учун очилди.
Ўша йили Америка қурилиш муҳандислари жамияти туннелни дунёнинг етти замонавий мўъжизасидан бири деб эълон қилди. 2013 йилда Евротуннел Сейкан (53,85 км) ва Готтард туннелидан (57,1 км) кейин дунёдаги учинчи энг узун темир йўл туннели эди. Шу билан бирга, туннел сув ости сегменти 23,3 км бўлган Сейкандан ўзиб, сув ости узунлиги бўйича рекорд ўрнатди. Шунингдек, Евротуннел энг узун халқаро ерости йўли ҳам ҳисобланади. Хўш, бу муҳим ва ноёб иншоотнинг ўзига хосликлари нимада?
Улкан тўлқинлар ва кучли шамоллар, инжиқ об-ҳавоси билан машҳур бўлган Франция ва Британия ўртасидаги бўғозни кесиб ўтиш ҳар доим қийин бўлган. Шунинг учун Наполеон Бонапарт даврида икки йирик Европа давлатларининг қирғоқларини боғлаш ҳақида ўйлай бошладилар. 1802 йилда француз муҳандиси Алберт Матё-Фавиер от аравалар ҳаракатланадиган туннелнинг биринчи концепциясини ишлаб чиқди. Лойиҳага кўра, йўл мой лампалар билан ёритиладиган, вентиляция эса денгиз сатҳидан юқорида жойлашган вентиляторлар орқали таъминланиши мўлжалланган. Бундан ташқари, Ла-Манш ўртасида отларни алмаштириш мумкин бўлган сунъий орол яратиш режалаштирилган эди. Бироқ, Наполеоннинг Британияга бўлган душманона сиёсати, муносабатларнинг совуқлашиб кетиши ва урушлар туфайли бу лойиҳа қоғозда қолиб кетди.
Кейинчалик у ёки бу томон туннел қуриш ғоясига қайта-қайта мурожаат қилди, аммо икки давлат ўртасидаги тарихий кескин муносабатлар лойиҳани доимий равишда кечиктирди. Турли вақтларда асосий қарши томон Британия ҳукумати бўлиб, улар ушбу йўл орқали оролга босқинчилар қўшини кириб келишидан хавотирланишарди. Шунга қарамай, кўп йиллик дизайндан сўнг, туннель ётқизиш бўйича ҳақиқий иш 1880 йилда темир йўл қироли деб аталган британиялик депутат Эдвард Уоткин бошчилигида бошланди. Бироқ техник ва молиявий муаммолар туфайли қурилиш тез орада тўхтатилди.
Лойиҳани қайта тиклашга уринишларига қарамай, улар фақат бир асрдан ўтиб, ҳар икки мамлакат ҳукумати қурилиш зарурлиги тўғрисида келишиб олгандан сўнг жиддий равишда ишга киришдилар. Буюк Британия Бош вазири Маргарет Тэтчер автомобил йўли қуришни қўллаб-қувватлади, аммо уни хавфсизлик нуқтаи назаридан темир йўл қурилиши бўйича қарорга кўндиришди.
Ишнинг фаол босқичи 1988 йилда бошланди, ўшанда 13 мингга яқин қурувчилар бир вақтнинг ўзида учта туннел қуришни бошладилар: иккитаси ҳар икки йўналишда поездлар ҳаракати учун, учинчиси эса хизмат кўрсатиш ва йўловчиларни фавқулодда эвакуация қилиш учун. Қурилишда узунлиги тахминан 230 метр ва ҳар бирининг оғирлиги 15 минг тонна бўлган 11 та улкан бурғулаш машинаси ишлатилган, улар тахминан 4,5 м / соат тезликда ер қазиган. Машиналарни бошқариш учун операторлар компютер экранлари ва видео мониторлардан фойдаланган. Туннел ишлари бошланишидан олдин сунъий йўлдош обсерваториялари ҳар бир детални ҳисоблашга ёрдам берди. Ҳатто лазер нуридан ҳам фойдаланилди.
1990 йил охирида инглиз ишчиси Грэм Фегг ўзининг француз ҳамкасби Филипп Козетта билан Ла-Манш бўйи остида учрашганда тарихий воқеа юз берди, бу туннелларнинг ягона транспорт артериясига бирлашишини белгиларди. Шу тариқа охирги музлик давридан бери биринчи марта Евросиё ва Британия ороли ўртасида қуруқлик йўли пайдо бўлди.
Қурилишни якунлаш учун яна тўрт йил керак бўлди. Бўғоз тубидан жами 10 миллион куб метр тупроқ ва тош олинди, 6 минг тонна рельс ишлатилди, 170 минг куб метр бетон қуйилди. Иншоотнинг узунлиги 50,5 км бўлиб, шундан 37,9 км йўл 40 м чуқурликда тўғридан-тўғри Ла-Манш бўғози тубида жойлашган. Евротуннелнинг тантанали очилиши 1994 йил 6 майда бўлиб ўтди: Буюк Британия қироличаси Елизавета II Кале шаҳрида Франция Президенти Франсуа Миттеран билан учрашди, давлат раҳбарлари у ердан поездда Англиянинг Фолкстон шаҳрига боришди. Ўша йилнинг 14 ноябрида Eurostar компанияси томонидан бошқариладиган биринчи тезюрар поезд Лондон-Ватерлоо станциясидан жўнаб, Париждаги Гар-ду Нордга етиб келиб, сўнгра Брюссел ва Лиллга йўл олди.
Оддий тоифадаги тарифлар икки ҳафта олдин банд қилинган тақдирда 95 фунт стерлингдан, кейинроқ банд қилинган тақдирда эса 152 фунт стерлингдан бошланарди. Бироқ, биринчи поездлар учун барча чипталар линия ишга туширилишидан анча олдин тўлиқ сотилган. Лондон-Ватерлоо вокзалидаги алоҳида терминалдан Париж ва Брюсселгача бўлган йўл 3 соат 15 дақиқадан кўп бўлмаган. Масалан, бу Британия пойтахти Лондондан Шотландиянинг Эдинбург шаҳрига қараганда анча тезроқ эди. Янги темир йўл линияси мижозларнинг катта қисмини йирик авиакомпаниялардан тортиб олди, чунки Англиядан Францияга поездда саёҳат қилиш аэропортга бориш ва рўйхатдан ўтиш керак бўлган парвозга қараганда камроқ вақт талаб қиларди. Бу ерда парвоз ва багажни олишни кутиш каби ортиқча даҳмазалар йўқ эди. Туннел орқали Буюк Британия пойтахтидан Франция пойтахтигача бўлган йўл икки соатдан бир оз кўпроқ вақт талаб эта бошлади. Ҳозирда бир томонлама чипта нархи 44 евродан бошланади. Тезкор поездларда ҳавонинг ҳаддан ташқари қизиб кетишининг олдини олиш учун диаметри қарийб ярим метр пўлат қувурлардан иборат умумий узунлиги 540 километр бўлган сув тармоғи орқали 84 тонна совуқ сув доимий равишда айлантириб турилади. Тармоқ иккита совутгичли завод томонидан қувватланади - бири Франция қирғоғида, иккинчиси инглиз қирғоғида жойлашган.
Бўғоз орқали туннелнинг қурилиши каттагина маблағ – 15 миллиард еврога тушди. Бу дастлаб тасдиқланган бюджетдан икки баравар кўп эди. Ва оператор ўзининг биринчи даромадини фақат 2009 йилда - қурилиш тугаганидан кейин 15 йил ўтгач қайд этди.
Агар Евротуннел қурилишидан олдин унинг мухолифлари ҳарбий босқиндан қўрқишган бўлса, эндиликда Британия жамиятида бошқача – табиат қўрқуви пайдо бўлди. Асосий ташвишлардан бири қутуриш касаллигининг тарқалиш эҳтимоли бўлиб, Буюк Британияда йигирманчи асрнинг бошидан буён ҳеч қандай эпидемия кузатилмаган. Бу касалликни юқтирган ҳайвонлар туннел орқали материк Европадан оролга кириши мумкин, деб тахмин қилинган эди. Гарчи бунинг олдини олиш учун кўплаб мосламалар мавжуд бўлса ҳам хавотирлар бор эди.
Энг катта муаммо 2010 йилларнинг ўрталаридан бошлаб Буюк Британияга туннел орқали мунтазам равишда киришга ҳаракат қилган ноқонуний муҳожирлар билан боғлиқ. Асосан Эфиопия, Эритрея, Судан ва Афғонистондан келган одамлар вагонларга киришга уринишарди, баъзи уринишларда бир вақтнинг ўзида бир неча минггача одам қатнашди. Бу кўпинча ўлимларга олиб келди ва алоқада сезиларли узилишлар кузатилди. Муаммо шу даражага етдики, Евротуннел оператори ҳатто Франция ва Британия ҳукуматларига миграция инқирози туфайли кўрилган зарар учун кўп миллионли товон тўлашни талаб қилиб мурожаат қилди.
Масалан, 2015 йилнинг 28 июлидан 29 июлга ўтар кечаси икки мингга яқин муҳожир туннел орқали Франциядан Буюк Британияга ноқонуний равишда киришга уринди. Бу ҳодиса ноқонуний муҳожирларнинг Буюк Британияга кириш учун Ла-Манш ерости йўли орқали қилган энг йирик уриниши бўлди. ОАВ хабарига кўра, ўша вақтда 10 мингга яқин муҳожир Буюк Британияга ноқонуний ўтиш умидида Кале шаҳри яқинида лагер ташкил қилган.
Айни дамда туннел Британияни қитъа билан боғловчи асосий қон томирлардан бири вазифасини бажармоқда.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0