Собиқ депутатлар олдинги ишига тикланадими? Қонун нима дейди?
Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловларда талайгина янги қиёфаларни кўришимиз мумкин. Айниқса, аёллар орасида. Шу билан бирга, ўтган галги даврда депутатлик фаолиятини юритган, аммо бу галги сайловларда сайланмаганлар ҳам бор. Эндиликда улар собиқ депутатларга айланади. Хўш, яхши лавозимларда ишлаб депутатликка ўтган, аммо эндиликда собиқ депутат мақомида қолаётганларнинг келгуси иш фаолияти қандай бўлади? Қонунан улар олдинги ишларига тикланиши керакми?
Чунки уларнинг аксарияти юқори мансабларда ишлаб турган вақтда депутатликка сайланган ва аввалги ишидан бўшашларига тўғри келган. Меҳнат ҳуқуқлари бўйича юрист Саидали Мухторалиев ушбу масалага қонуний жиҳатдан ойдинлик киритди.
— Яқин вақтларда собиқ депутатларнинг меҳнат ҳуқуқи учун курашишимизга тўғри келса керак, — дейди С. Мухторалиев. — Чунки собиқ депутатга айланганларидан кейин, уларни ишга жойлашиш масаласи ўйлантириши аниқ ва фикримча, уларга 5 йил олдинги аввалги ишини қайтаришда муаммолар юзага келиши эҳтимолдан холи эмас.
Улар ишлаган ташкилотларнинг юқори раҳбарлари собиқ депутатнинг ишини осонлик билан қайтармаслиги мумкин. Чунки бир томондан кўплаб ташкилотларда раҳбарлар алмашган. Бошқа томондан баъзи идоралар раҳбарлари “ҳа” деганда, депутатнинг ўрнига қўйган содиқ ва яқин кишиларини бўшатгиси келмайди. Хуллас, олдинда шунга ўхшаш муаммолар кутиб турибди.
Бироқ, амалдаги Меҳнат кодекси ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонунга биноан депутатларга, сенаторларга ваколат муддати тугаганидан кейин ишга жойлашишга доир кафолатлар берилади.
Яъни, ушбу қонунларга асосан, Парламент депутати ёки сенатор кейинги муддатга сайланмаган тақдирда, агар у аввалги ишига қайтиш истагида бўлса, унга аввалги мансаби ва иши қайтариб берилиши шарт.
Зебо Намозова тайёрлади
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0