Эндиликда болага зўравонлик қилган педагог 2,2 млн сўмгача жарима тўлайди

12:42 | 16.09.2026
16

Мактаб, боғча ва бошқа таълим ташкилотларида болаларга нисбатан жисмоний ёки психологик зўравонликка йўл қўйган педагоглар энди маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Янги қонунчиликда бундай ҳолатлар учун 440 минг сўмдан 2,2 миллион сўмгача жарима ҳамда айрим ҳолатларда бир йилгача педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси белгиланмоқда.

Бу ҳақда бугун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишга оид янги қонунлар мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган очиқ мулоқотда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болалар учун ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Дилноза Ҳусанова маълум қилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, янги нормалар, аввало, таълим муассасаларида болалар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга қаратилган.

Маълум қилинишича, 2026 йилнинг 9 ойи давомида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига 1246 қисқа рақами ҳамда 1070 бот канали орқали келиб тушган мурожаатлар таҳлили натижасида таълим ташкилотларида 100 га яқин бола зўравонлик ёки уларнинг ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларга дуч келгани аниқланган.

Улар орасида болага нисбатан жисмоний зўравонлик, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга қаратилган психологик тазйиқ, шунингдек, болани қаровсиз қолдириш каби ҳолатлар қайд этилган.

Янги қонунчиликка кўра, давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида болаларга нисбатан жисмоний ёки психологик зўравонлик содир этилса, шунингдек, болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки таълим олишига хавф туғдирадиган даражада уларни қаровсиз қолдиришга йўл қўйилса, масъул педагог ходимларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Бунда педагоглар 440 минг сўмдан 2,2 миллион сўмгача жаримага тортилиши, айрим ҳолатларда эса бир йилгача педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Дилноза Ҳусанованинг қайд этишича, мазкур нормаларни ишлаб чиқишда қатор мамлакатлар тажрибаси ҳам ўрганилган. Янги тартибнинг мақсади фақат педагогларни жазолаш эмас, балки таълим ташкилотларида зўравонликсиз муҳитни шакллантириш, педагогларнинг касбий салоҳияти ва болалар билан мулоқот маданиятини оширишдан иборат.

— Педагог ходимларни маъмурий жавобгарликка тортиш ёки уларнинг фаолиятини чеклаш билан боғлиқ норма киритилаётганда қатор мамлакатлар тажрибаси ўрганилди. Бироқ жамиятимизда зўравонликсиз муносабатни тарғиб қилиш билан бир қаторда, педагогларнинг ўз иш фаолияти, касбий салоҳияти ва болалар билан мулоқот хусусиятларига эътибор қаратиши муҳим. Бу уларнинг ўз хатти-ҳаракатларини қайта кўриб чиқиши учун ҳам имконият, — деди Дилноза Ҳусанова.

Янги қонун нафақат таълим муассасаларидаги зўравонликка қарши чораларни кучайтирмоқда. Унда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мулкий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган муҳим нормалар ҳам назарда тутилган.

Жумладан, ушбу тоифадаги болалар учун уй-жойни уларнинг эгалик ҳуқуқи билан расмийлаштиришда давлат божи ундирилмаслиги белгиланмоқда. Бу болаларнинг келгусидаги мулкий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.

Васийлик ва ҳомийлик масалаларида ҳам муҳим ўзгаришлар киритилмоқда. Янги тартиб ҳимояга муҳтож шахсларнинг мулкий манфаатларини янада кучлироқ кафолатлашни назарда тутади.

Хусусан, васий ва ҳомийларнинг қарамоғидаги шахсга тегишли мулкий ҳуқуқлардан, жумладан, ҳадя ёки меросдан воз кечиш каби ҳаракатларни амалга ошириш имконияти чекланмоқда. Бу ҳимояга муҳтож шахснинг мулкини унинг манфаатларига зид равишда бегоналаштирилишининг олдини олишга қаратилган.

Қонунчиликда болаларнинг шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эндиликда вояга етмаганлар жиноят содир этган тақдирда, уларни жамоатчилик олдида очиқ муҳокама қилиш, шахси ва қилмишига доир маълумотларни боланинг шаъни ва қадр-қимматига зид тарзда ошкор этиш каби амалиётларга чек қўйилмоқда.

Мутахассиснинг таъкидлашича, болага нисбатан зўравонлик қаерда содир бўлишидан қатъи назар, уни ҳимоя қилиш механизмлари ишлаши керак.

Агар зўравонлик натижасида боланинг ҳаёти ёки соғлиғига жиддий зарар етказилса, ҳолатнинг оғирлигига қараб маъмурий эмас, жиноий жавобгарлик чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.

Шу тариқа, янги нормалар билан таълим муассасаларида болалар хавфсизлиги, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати, мулкий ҳуқуқлари ҳамда шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича масъулият кучайтирилмоқда. Асосий эътибор эса болани жазолаш ёки айблашга эмас, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилмоқда.

Феруза РАҲИМОВА,
Жасурбек СОЛИКОВ (видео)
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

419 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади