“Нимага эришсам, жадидчи отамнинг номи туфайли эришдим” – отасига келган бир хат орқали ҳаёти ўзгариб кетган Темур Хўжа ўғли
Туркиялик таниқли олим АҚШнинг Мичиган университетида узоқ йиллар фаолият юритган турколог Темур Хўжа ўғли бугун юртдошларимизга яхши таниш. У Ўзбекистонда туғилиб ўсмаган. Унинг ота-боболари таниқли тарихий шахслардир. Яъни Темур Хўжанинг отаси бир умр қўзғолонлар ва миллий озодлик учун бўлган курашларда тобланган Усмон Хўжа Пўлатхўжаев. Амакиси Файзулла Хўжаев Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари.
Бугун ана шу инсонларнинг давомчиси Темур Хўжа ўғли билан суҳбат уюштирдик. Суҳбатимиз Усмон Хўжа ва Темур Хўжа ўғли ўртасидаги ота ва фарзанд муносабати, кўпчиликка ҳали эълон қилинмаган воқеа-ҳодисалар хусусида кечди.
– Авваламбор, суҳбатга хайрхоҳлик билдирганингиз учун ташаккур. Сиз ўзбек матбуотига берган аксар интервьюларингизда XX асрда ота-боболарингиз орқали кечган сиёсий эврилишлар, турли воқеликларга тўхталиб ўтгансиз. Ўзбекистонликлар отангиз Усмон Хўжа ўғлини сиёсатчи, дипломат, озодлик курашчиси сифатида яхши танийди. Келинг, бу сафар бизга Усмон Хўжани ота сифатида таништирсангиз. У қандай ота эди? Оилада қандай шахс бўлган?
– Отам жиддий, вазмин, оғир-босиқ, теран шахс ва яхши ота эди. Бугун мен нимага эришган бўлсам, аввало иқтидорим ёки билимим билан эмас, айнан отам туфайли ва унинг номи сабаб эришдим. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталаман. Биласизми, онам мени икки-уч бор калтаклаган, аммо отам асло қўлини ҳам кўтармаган. Бирор ишни хато қилсам, уни нотўғри эканлигини жуда босиқлик билан тушунтирар эди. Айб иш қилсам, "Албатта, сен бу ишни хоҳлаб қилмагандирсан" дея муносабатда бўларди. Мен отамнинг овозини кўтариб гапирганини сира кўрмаганман. У менинг хотирамда ҳамиша улуғвор, жиддий, сокин ва кучли шахс сифатида гавдаланади.
– Отангиздан айрилганингизда сиз неча ёшда бўлгансиз?
– 20 ёшда эдим... Шўх эдим, ўйинқароқ эдим, футболга қизиқардим. Агар ҳозирги ақлим бўлганда эди, у кишидан жуда кўп саволларга жавоб олган бўлардим. Отамдан кўп нарсани сўраб қолмаганимга жуда афсусланаман. Бу ҳаётимдаги энг катта армонларимдан бири.
– Билишимизча, сиз Ўрта Осиёлик ўзбеклар ичида биринчилардан бўлиб, 1982 йилда Колумбия университетида докторлик ишингизни ёқлагансиз. Шу ҳақда ҳам гапириб берсангиз.
– Отам вафот этганидан сўнг, орадан уч ой ўтиб, Колумбия университети профессори, Марказий Осиё тарихини чуқур ўрганган таниқли олим Эдворт Олвортдан уйимизга хат келди. У ўз хатида отамнинг Марказий Осиёда кечган сиёсий фаолияти, қарашлари хусусида олтита савол юборганди. Хатга жавобни мен ёздим ва отамнинг вафот этгани, у бу саволларга жавоб бера олмаслигини билдирдим. Бир-икки саволларга мен қисман жавоб бердим. Биз хат ёзишиб турадиган бўлдик. Орадан анча вақт ўтиб, менинг электрон манзилимга Олвортдан яна мактуб келди. У ўз хатида қаерда таҳсил олмоқчилигим, мақсадим ҳақида қизиққанди. Ўша вақтда мен Истанбулдаги университетнинг 3-босқичида ўқирдим. Мен Олвортга "Қадимий туркий адабиётни, усмон адабиётини, чиғатой адабиётини, янги турк адабиётини ўргандим, аммо афсус, Туркистоннинг замонавий адабиётини, яъни ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик адабиётини ўргана олмадим. Имкон бўлса ўрганиш истагидаман", дедим. (Чунки у пайтда Туркияда булар ўқитилмасди…) Шунда Олворт “Сени Колумбия университетига чақирсам, ўқишга келасанми”,… деб сўради. Мен отам яқинда вафот этгани, айни пайтда оиламиз камбағаллигини, АҚШга боришга пулим йўқлигини тушунтирдим. У стипендия олишимга кўмаклашишини айтди. Шундай қилиб, мен Олвортнинг турткиси билан Колумбия университети томон йўл олдим. Ана шу кундан бошлаб, ҳаётим бутунлай янги ўзанга бурилиб кетди. Яъни дунё эшиклари очилди. Қаранг, агар отамга юборилган ўша хат бўлмаса, мен Нью-Йоркка бормасдим. Эҳтимол агар ўша хат бўлмаганида, дунёдаги энг машҳур университетда докторлик диссертациямни ҳам ёқламасдим. Колумбия университети Нью-Йоркнинг энг қиммат раёнларидан бири бўлган Манхэттенда жойлашган. У ерда бир кеча талабалар ётоқхонида тунагач, эрталаб Олвортнинг офисига бордим. У биринчи учрашувмизда ёқ самимият билан "Айтчи, сен учун нима қила оламан?", деди. Бу саволдан жуда таажжубландим. Боиси у мени Нью–Йоркка чорлади, стипендия олишимни таъминлади ва яна мен учун нима қила олиши мумкинлигини айтяпти...
Кейин билсам, АҚШда бир жойдаги амалдор ёки масъул киши, унинг ёнига келган кишига доим мана шу саволни берар экан. Яъни бу риторик савол экан. Ўша учаршувда Олворт тўсатдан "Тайёрлан, 3 ойдан кейин университетда Марказий Осиё бўйича конференция бўлади, маъруза қиласан", деди. Бу гапдан баттар ҳайратга тушдим. Чунки ўшанда мен ҳали инглиз тилини яхши билмасдим, кечагина Туркиядан бегона бир шаҳарга учиб келган ёш йигитман. Мен унга вазиятимни тушунтирдим, аммо у "уддалайсан, тайёрлан", деб сўзида қатъий турди. Аммо уддаладим, 3 ой тайёрландим ва маърузамни қилдим... У таҳсил давомида менга кўп кўмаклашди, докторлик ишимни ёқлашимга ёрдам берди. Муштарийларга Олворт яхши таниш эканига шубҳа қилмайман, аммо қисман унинг фаолияти билан яна бир карра таништириб ўтсам. Олворт Ғарбнинг Марказий Осиёни тадқиқ қилиш бўйича етакчи олими сифатида эътироф этилган. У минтақадаги турли этник гуруҳларни, жумладан, ўзбеклар, тожиклар ва бухоролик яҳудийларни кенг ўрганган. Шунингдек, Ўрта Осиё тарихига оид кўплаб китоблар муаллифидир. Олим чиғатой тилини чуқур ўрганган. Бундан ташқари замонавий ўзбек ва уйғур тилларини яхши билган. Ҳозир ҳам Олворт дунёдаги энг яхши ўзбекшунос олимлар қаторида эътироф этилади. Мен Олвортдан жуда миннатдорман, буни эътироф қилишим шарт. Шубҳасиз, устозим ҳурматли Эдворт Олворт ҳаётимни ўзгартирган инсонлардан бири.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Муаллифдан қўшимча маълумот: Темур Хўжа ўғли бутун умри ва салоҳиятини туркий халқлар маданияти ва ўтмиши борасидаги изланишларга бахшида этаётган олим. У туркий халқлар дунёси, Марказий Осиё маданияти тарихи, жадидчилик, Шўро даври ва мустақилликдан кейин Марказий Осиё республикаларида кечаётган сиёсий ўзгаришлар, демократия ва диктатура мавзуларида салмоқли меҳнат қилган. Темур Хўжа Туркистоннинг маданий ва сиёсий тарихига бағишланган 120 га яқин мақолалар муаллифи. Уларнинг аксари турк ва инглиз тилларида Туркия, АҚШ, Европа давлатлари, Ҳиндистон ва Японияда чоп этилган. У шунингдек,… Қрим, Россия, Литва, Польша ва Украинада истиқомат қилувчи қарайим номли туркий қавм сўзлашадиган тил бойлиги таҳлил этилган китоб ҳам ёзган. Китоб 2006 йил Германиянинг Мюнхен шаҳрида чоп этилган. Унинг илмий фаолияти Афғонистондаги ўзбеклар мавзусига ҳам бағишланган. Темур Хўжанинг 1992 йилда "Туркий олам сўзлашгичи", 2001 йилда "Туркистонда инқилоблар ва ислоҳотлар: 1900 — 1924" деб номланган китоблари нашр қилинган.
Мафтуна Каримова суҳбатлашди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0