Онлайн кредит бериш амалиёти қанчалик хавфсиз?
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари даркнетга чиқиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар фонида мутахассислар эҳтиёт чораси сифатида фуқароларга давлат тизимларидаги паролларини алмаштиришни тавсия қилмоқда. Жумладан, кредит олишга тақиқ қўйиш, OneID ва MyGov паролларини алмаштириш, икки босқичли ҳимояни ёқиш, тасдиқ кодларини ҳеч кимга бермаслик ва ҳ.к.
Қизиғи шундаки…
Юртимизда ҳамма ҳам ахборот технологияларидан бирдек фойдалана олмайди. Хусусан, ёши катталар орасида кредит олишга тақиқ қўйиш, OneID ва MyGov паролларини алмаштириш, икки босқичли ҳимояни ёқиш каби функциялар у ёқда турсин, ҳатто мустақил равишда банкоматдан пул ечишни билмайдиганлар кўпчиликни ташкил этади.
Хўш, улар нима қилиши керак? Ҳар ҳолда, IT соҳасини мукаммал билмаслик айб эмас. Бу – биринчи масала. Иккинчидан, ҳозирги кунда кредитларни, айниқса, истеъмол ва микрокредитларни онлайн тарзда, фуқаронинг иштирокисиз расмийлаштириш амалиёти кенг қўлланилмоқда.
Шахсий маълумотлар оммавий равишда сизиб чиққан бир вазиятда бу амалиёт аҳолининг молиявий хавфсизлигига бевосита таҳдид солмоқда. Масалан, хакерлар бировнинг OneID ёки MyGov аккаунти орқали кредитга қўйилган чекловларни бекор қилиб, номига кредит олиши, оқибатда ҳуқуқий ва молиявий мажбуриятлар кимнингдир гарданига тушиши турган гап.
Расмийлар фуқароларга кредитга тақиқ қўйиш, паролларни алмаштириш ва икки босқичли ҳимояни ёқишни тавсия қилмоқда. Бу – тўғри! Аммо агар аккаунтнинг ўзи бузилган бўлса, фақат чеклов билан кифояланиш етарли эмас. Чеклов ҳам, ҳимоя ҳам бир неча тугма орқали бекор қилиниши мумкин бўлган тизимга таянаётгани жиддий муаммо. Шу ўринда Марказий банкнинг роли ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки онлайн кредитлаш амалиётини тартибга солиш, уни чеклаш ёки хавфсизлик талабларини кучайтириш бевосита регулятор ваколатига киради.
Аслида кредит олмоқчи бўлган одам етти ўлчаб, бир кесади. Ўз-ўзидан, дарров шу қарорга келмайди. Шундай экан, Марказий банкка қуйидаги долзарб саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз:
Хўш, шахсий маълумотлар хавф остида турган бир шароитда онлайн кредит бериш амалиёти қанчалик хавфсиз? Балки кредитни онлайн расмийлаштириш амалиётини вақтинча тўхтатиб туриш керакдир?! Ёки уни чеклаш масаласи кўриб чиқиляптими? Кредит шартномаларини, айниқса, биринчи марта олинаётган кредитларни фуқаронинг банкка шахсан келиши (юзма-юз идентификация) орқали расмийлаштириш режалаштириляптими? Банклар ва микромолия ташкилотлари учун онлайн кредит беришда қўшимча хавфсизлик фильтрлари (иккиламчи текширув, қўшимча розилик, вақтли блокировка) жорий этиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда? Фуқароларни онлайн фирибгарликдан ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан Марказий банк томонидан қўшимча регулятор чоралар ишлаб чиқиш режаси мавжудми?
Мазкур масала нафақат молиявий тизим барқарорлиги, балки миллионлаб фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари билан бевосита боғлиқ эканини инобатга олган ҳолда, жамоатчиликка аниқ ва очиқ муносабат билдирилиши керак.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0