Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари: абадий дўстликдан муштарак келажак сари

Афселеддин АҒАЛАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, «Azxeber Media» директори, Озарбайжондаги «Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш» жамоат бирлашмаси раиси
Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисининг 2026 йил 3 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиши икки қардош мамлакат муносабатларида тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Моҳиятан, ушбу ҳужжат халқларимиз ўртасида асрлар давомида шаклланган дўстлик ва биродарлик ришталарининг давлатлараро муносабатлар даражасида янада мустаҳкамланаётганини ифодалайди.
Аслида, халқларимиз ўртасидаги муносабатларга фақат дипломатик алоқалар, сиёсий мулоқот ва иқтисодий ҳамкорлик доирасида баҳо бериш тўғри бўлмайди. Бу муносабатларнинг замирида муштарак тарих, туркий дунёнинг бой маданий мероси, маънавий яқинлик ва ўзаро ишонч мужассам. Айнан шу омиллар икки мамлакат ҳамкорлигига алоҳида мазмун ва ўзига хос хусусият бағишлайди.

Бугун икки қардош давлатлар нафақат мавжуд алоқаларини ривожлантирмоқда, балки келажак авлодлар учун узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини ҳам барпо этмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик: бир миллиард долларлик марра сари
Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш келгуси даврнинг асосий устувор йўналишларидан биридир. Товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга қадар бир миллиард долларга етказиш муҳим мақсад сифатида белгиланган. Ҳозирда ушбу кўрсаткичнинг 800 миллион долларга яқинлашаётгани иқтисодий муносабатлар жадал ривожланаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон Озарбайжоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ҳамкоридир. Шу билан бирга, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Туркиядан кейин Озарбайжоннинг иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Бу кўрсаткич икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар нафақат икки томонлама, балки кенгроқ минтақавий ҳамкорлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Бироқ мавжуд салоҳият эришилган натижалар билангина чекланмайди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, қайта ишлаш саноати, инвестициялар ва тадбиркорлик соҳаларида қўшма ташаббусларни кўпайтириш иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштириши мумкин. Айниқса, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ҳар икки мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш учун янги истиқболларни очади.
Энергетика ва транспорт: минтақавий ҳамкорликнинг янги уфқлари
Озарбайжон –Ўзбекистон ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бири энергетика соҳасидир. Озарбайжон энергетика компанияларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларда иштирок этаётгани ушбу соҳадаги ўзаро манфаатлар аниқ иқтисодий ташаббусларга айланаётганини кўрсатади. Энергетика соҳасида тажриба алмашиш, инвестиция имкониятларидан фойдаланиш ва янги технологияларни жорий этиш ҳамкорликнинг келгуси кун тартибида алоҳида ўрин эгаллаши мумкин.
Шу билан бирга, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат стратегик шериклигининг энг истиқболли йўналишларидан биридир. Мамлакатимизнинг географик жойлашуви ва ривожланган транспорт инфратузилмаси Ўзбекистоннинг халқаро бозорларга, хусусан, Европа йўналишидаги савдо йўлларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради.
Бу борада Ўрта йўлакнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистондан Туркманистон орқали Каспий денгизига, у ердан Озарбайжоннинг Алат портига ва кейинчалик Европага олиб борадиган транспорт йўналиши Марказий Осиё билан Европа ўртасида муҳим иқтисодий ва логистика боғланишини таъминлайди.
Ўрта йўлак шунчаки юк ташиш йўналиши эмас. У, айни пайтда, минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий интеграцияни кучайтирадиган, янги инвестиция имкониятларини яратадиган ва уларнинг халқаро савдодаги ролини оширадиган стратегик платформадир.
Ушбу йўналиш имкониятларини кенгайтириш Озарбайжоннинг минтақавий логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш билан бирга, Ўзбекистоннинг жаҳон бозорларига чиқишини ҳам янада осонлаштириши мумкин.
Демак, Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлиги икки томонлама манфаатлардан анча кенг мазмун касб этиб, бутун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Европа ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади.

Гуманитар ва ижтимоий алоқалар: халқларни бирлаштирувчи маънавий кўприклар
Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатларининг мустаҳкамлиги фақат иқтисодий кўрсаткичлар ва сиёсий ҳужжатлар билан ўлчанмайди. Ушбу муносабатларнинг энг муҳим таянчларидан бири халқларимиз ўртасидаги тарихий ва маънавий яқинликдир.
Йилдан-йилга одамларимиз бир-бирини янада яқиндан танимоқда, муштарак тарих ва маданий меросни чуқурроқ ўрганмоқда, янги ҳамкорлик имкониятларини кашф этмоқда. Олий таълим, илм-фан, кино, туризм ва маданият соҳаларидаги алоқаларнинг кенгайиши ушбу яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Фуқаролик жамияти институтлари халқлар ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантириш, жамоатчилик мулоқотини кенгайтириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Қўшма ижтимоий лойиҳалар, халқаро конференциялар, ёшлар дастурлари ва тажриба алмашиш ташаббуслари ушбу йўналишда янги имкониятлар яратиши мумкин.
Медиа соҳасидаги ҳамкорлик эса алоҳида эътиборни талаб қилади. Замонавий даврда ахборот макони давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисмига айланди. Озарбайжон ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, журналистларнинг ўзаро сафарларини ташкил этиш, қўшма ҳужжатли фильмлар яратиш, медиа форумлари ва ўқув дастурларини ўтказиш икки мамлакат ахборот маконлари ўртасида янада мустаҳкам кўприклар яратиши мумкин.
Айниқса, ёш журналистлар ва медиа мутахассисларини ўзаро тажриба алмашиш жараёнларига жалб этиш келажакдаги ҳамкорлик учун муҳим сармоя бўла олади. Зеро, халқларнинг бир-бирини яқиндан таниши, аввало, уларнинг тарихи, маданияти, кундалик ҳаёти ва замонавий тараққиёти ҳақида холис ва тўлиқ ахборот алмашишдан бошланади.
Сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч: стратегик шерикликнинг мустаҳкам таянчи
Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатларининг бугунги юксак даражага кўтарилишида икки мамлакат давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган сиёсий мулоқот алоҳида ўрин тутади. Президент Илҳом Алиев ва Президент Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ўзаро ишонч, мунтазам мулоқот ва стратегик қарашларнинг яқинлиги икки томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларда ривожланишига муҳим туртки бермоқда.
Давлат раҳбарлари даражасида шаклланган сиёсий ирода иқтисодий, гуманитар ва минтақавий ҳамкорлик учун қулай шароит яратмоқда. Бу, шунингдек, Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатларининг ривожланиши тасодифий жараён эмас, балки изчил сиёсий ёндашув ва узоқ муддатли ўзаро манфаатларга асосланганини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши янада кенг геосиёсий ва геоиқтисодий контекстда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Каспий ҳавзаси, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиши янги иқтисодий имкониятлар яратиш билан бирга, минтақа мамлакатларининг халқаро платформалардаги ўзаро ҳамкорлигини ҳам кенгайтиради.
Абадий дўстлик: муштарак келажакнинг сиёсий ва маънавий пойдевори
Бугун давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар янги босқичга қадам қўймоқда. Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг ратификация қилиниши ушбу муносабатларнинг сиёсий ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан бирга, келгусидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очади.
Олдимизда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, энергетика ва транспорт лойиҳаларини кенгайтириш, Ўрта йўлак имкониятларидан янада самарали фойдаланиш, нодавлат ташкилотлар, медиа, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида янги ташаббусларни амалга ошириш каби муҳим вазифалар турибди.
Буларнинг барчаси билан бир қаторда, Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг энг катта устунлиги халқларимиз ўртасидаги табиий яқинликдир.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият"Ўзбекистон санаторийлари билан танишиб, Озарбайжондаги имкониятларни ҳам тарғиб қиляпмиз," – Лейла ФАТХИ делегация аъзоси
Жамият




