Ўзбекистон ва Озарбайжон касаба уюшмалари ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов сўзга чиқиб, озарбайжонлик ҳамкасбларни самимий қутлади ҳамда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар халқларимизнинг тарихий яқинлиги ва давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончга таянишини таъкидлади.
«Мамлакатларимиз ва халқларимизни боғлаб турган чинaкам самимий, алоҳида яқин муносабатларни яна бир бор таъкидламоқчиман. Бу муносабатларнинг асосини давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги ҳақиқий биродарлик ва ишончли алоқалар ташкил этади», — деди Қудратилла Рафиқов.
Федерация раиси икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш режалаштирилганини маълум қилди.
Қудратилла Рафиқов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг фаолиятига тўхталиб, бугунги кунда ташкилот 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий кенгаш ва 35 мингта бошланғич ташкилотни бирлаштиришини таъкидлади. Уларда 8 миллиондан ортиқ касаба уюшмаси аъзоси мавжуд.
«Мураккаб ва беқарор даврда яшаётганимизга қарамай, биз озарбайжонлик биродарларимиз билан тинч ва дўстона муҳитда инсон ҳаёти учун янада яхши шароитлар яратиш масалаларини муҳокама қилмоқдамиз», — деди у.
Қ.Рафиқов Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий дўстлик, маданий-гуманитар алоқалар ва ўзаро биродарлик ришталарига ҳам алоҳида тўхталди. Ушбу яқинликни мустаҳкамлашда касаба уюшмалари ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Таъкидланганидек, мазкур ташриф икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва меҳнаткашлар манфаатларини таъминлашга қаратилган ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
ЖамиятЎзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва Озарбайжон Биринчи хоними Меҳрибон Алиеванинг учрашуви бўлиб ўтди
Жамият




