Озодликдан маҳрум қилишининг ўзи етарли жазо — Норвегия қамоқхонасида бир кун
77 кишин ўлдирган, 151 кишини оғир жароҳатлаган Андерс Брейвик эсингиздами. У 21 йилга ҳукм қилинган ва Норвегия қамоқхонасида алоҳида бўлмада яшайди. Бир муддат олдин у шакарни етарлича беришмаётганидан шикоят қилганди. Қизиғи, у 8 йилдан кейин озодликка чиқиши ҳам мумкин.
Тарихдан биламизки, ўрта асрларда жангари ва шафқатсиз викинглар Европанинг катта ярмини ваҳимага солиб келишган. Не ажабки, ҳозир ўша ёввойи халқнинг авлодлари замонавий тараққиётнинг барча ўлчовлари: иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ахборот технологиялари ҳоказо инсонни қадрлаш ва унинг ҳаётини яхшилашга қаратилган барча жабҳаларда ҳаммадан ўзиб кетди.
Инсонпарварликдан қамоқхоналар ҳам бебаҳра эмас. Айниқса, Норвегия қамоқхоналарининг маҳкумларни реабилитация қилиш ва нормал ҳаётга қайтариш бўйича тажрибаси диққатга сазовор. Бугунги ҳикоямиз норвег қамоқхонасининг бир куни ҳақида: маҳкумларнинг эрталаб тургандан то ухлашгача бўлган вақти, улар учун яратилган шароитлар, қандай овқатланирилади, нималар билан банд бўлади — танишамиз.
Норвегия қамоқхоналарида маҳкумларни сақлаш тартиби
Норвегия маҳкумларни сақлаш шароити энг юмшоқ мамлакатлардан, бошқа мамлакатлар билан солиштирганда бу яққол кўзга ташланади. Норвегия қамоқ тизимининг асосий тамойили шуки, озодликдан маҳрум қилишининг ўзи етарли жазо, уни шафқатсиз сақлаш шароитлари билан янада ёмонлаштириш керак эмас. Бу жорий этилган тартиб ва қоидаларда акс этган: маҳкумлар одатий ҳаётга яқин шароитларда яшайди. Маҳкум ўз шахсий хонасига эга: озроқ мебел, телевизор, иш столи, ҳатто музлаткичгача бор. Қамоқ эмас, кўпроқ ётоқхонани эслатади.
Уйғониш ва эрталабки тартиб
Норвегия қамоқхонасида кун қамоқхона стандартлари бўйича жуда кеч — эрталаб соат 7:30 ёки 8:00 да бошланади. Маҳбуслар ўринларидан туриб, ювиниб-тараниб, нонуштага ҳозирланишади. Ҳар бир маҳкумга ювиниб олиш ва тишини тозалашга вақт ажратилади. Ўзга мамлакатлардаги аксарият қамоқхоналардан катта фарқи шу томонлама билинади: қаттиқ жамоавий назорат йўқ, ҳар ким ўз шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.
Нонушта
Сўнгра маҳкумлар умумий овқатланиш хонасига йўл оладилар, бу ерда уларни нонушта кутади. Норвегия қамоқхоналарининг овқатлари хилма-хил ва сифатли. Янги сабзавотлар, мевалар, йогуртлар ва бошқа фойдали маҳсулотлар бор. Менюдаги бир нечта овқатдан бирини танлаб олиш мумкин, айтишларича, бу шахсга ҳурмат тамойилини таъкидлайди.
Иш ва таълим
Нонуштадан сўнг меҳнат ёки таълим куни бошланади. Меҳнат маҳкумлар ҳаётининг мажбурий қисми, бироқ мақсад фақат интизом ўрнатиш эмас, балки фойдали кўникмаларни шакллантиришга ҳам қаратилган. Бу мамлакатда маҳкумлар ишлаб чиқаришга жалб қилиниши ва у ерда дурадгорлик ёки металл ишлари билан шуғулланиши мумкин. Қолаверса, кир ювиш корхоналари ёки ошхоналарда ҳам маҳкумларга иш топилади. Уларга ҳамма қатори иш ҳақи тўланади, бу пулларни қамоқхона ҳудудидаги дўконда сарфлаш ёки озодликка чиққунга қадар омонатга қўйиш мумкин.
Куннинг катта қисми, меҳнат билан бирга, таълимга ажратилади. Норвегиядаги кўп қамоқхоналарда ўқув курсларида қатнашиш, ҳатто тўлақонли таълим олиш имконияти яратилган. Маҳкумлар касбий таълим дастурларини тамомлашлари ёки академик билимларга эга бўлишлари мумкин, бу уларга фойдали кўникмалар ва келажакда ишга жойлашиш имкониятлари билан жамиятга қайтишда ёрдам беради.
Тушлик
Тушлик вақти соат 12:00 лар атрофида. Бунда ҳам сархил овқатлар берилади. Баъзи қамоқхоналарда маҳкумларнинг ўзлари овқат тайёрлашга қарашишлари мумкин.
Бўш вақт ва дам олиш
Тушликдан сўнг маҳкумларга бўш вақт ажратилади, уни ҳар ким хоҳлаганидай ўтказади. Норвегия қамоқхоналарида жисмоний фаолликка катта эътибор берилади. Спорт ва тренажёр заллари, очиқ ҳаводаги майдонлар маҳкумлар ихтиёрида. Спорт кун тартибининг ажралмас ва муҳим қисми, чунки у жисмонан соғломлаштириш билан бирга тушкунликдан қутқарадиган энг яхши чоралардан бири.
Бундан ташқари, маҳкумлар ўзларининг севимли машғулоти билан шуғулланиб, ижод қила оладилар. Айрим қамоқхоналарда мусиқа асбоблари, овоз ёзиш студиялари, тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик билан шуғулланиш учун шароитлар қилинган. Булардан мақсад маҳкумларнинг ўзлигини сақлаб қолиш, ҳатто панжара ортида ҳам ривожланишда давом этишларини таъминлаш.
Ижтимоий алоқалар ва руҳий мадад
Норвегия қамоқхона тизими ижтимоий алоқаларни фаол рағбатлантиради. Маҳкумлар оила аъзолари ва яқинлари билан мунтазам учрашадилар, улар билан мулоқот қилиш учун телефон ва ҳатто интрнетгача таъминланган. Мамлакат қамоқхоналарида психологик ёрдам дастурлари муҳим аҳамиятга эга. Мутахассислар маҳкумларга озодликдан маҳрум этилиш билан боғлиқ стресс ва бошқа руҳий қийинчиликларни енгиб ўтишда кўмаклашади.
Кечки овқат ва дам олиш
Кечқурун, иш, машғулотлар ва дам олишдан сўнг, маҳкумлар кечки овқатга йиғилишади, бу сафар ҳам таомномадаги овқатлар бир неча хил. Кечки тамаддидан кейин вақтни қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Кимдир холи дам олиш учун хонасига жўнаши, китоб ўқиши ёки телевизор томоша қилиши мумкин. Бошқа мамлакатлардаги ўта қаттиқ тартибли қамоқхоналардан фарқли равишда, кечки пайтларда Норвегияда маҳкумларга анча эркинлик берилади, таъкидланишича, бу руҳий сиқилиш ва тажовузкорликнинг олдини олишда ёрдам бераркан.
Чироқлар ўчирилади
Норвегия қамоқхоналарида чироқ соат 22:00 лар атрофида ўчирилади. Маҳкумлар хонасига йўл олиб, уйқуга кетади. Қаттиқ тартибли қамоқхоналардан фарқи ўлароқ, уйқугача бўлган вақт бўйича қатъий чекловлар йўқ: маҳкумлар ўз ишлари билан шуғулланишлари, хоҳлаган пайтларида (то чироқ ўчишига қадар) ухлашга ётишлари мумкин.
Қамоқхона тартибининг реабилитация ва эркин ҳаётга қайтишга таъсири
Норвегия қамоқхона тизимининг асосий жиҳатларидан бири реабилитация ва ижтимоий мослашувга алоҳида эътибор қаратилишидир. Қамоқда сақлашнинг юмшоқ шароитлари ва маҳкумлар шахсининг ҳурмат қилиниши уларнинг руҳий саломатлигини сақлаш ва жамиятга қайтаришда ёрдам беради. Бу жараёнда маҳкумларнинг нафақат “вақтини ўлдириш”, балки кейинги ҳаётида зарар бўладиган фойдали кўникмаларни ривожлантириш имконини берадиган меҳнат ва таълимнинг роли жуда муҳим. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш, реабилитация дастурлари ва оила билан қалин алоқалар маҳкум озод этилганидан сўнг қайтиб жиноятга қўл уришининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Норвегия қамоқхонаси ҳаётидан бир кун — инсонпарварлик, шахсга ҳурмат ва реабилитация орқали маҳкумни жамиятга муваффақиятли қайтаришга мисолдир. Бир сўз билан айтганда, бу мамлакатқамоқхоналар тизими жиноят йўлига кирганларни жазолаш эмас, балки уларни тузатиб жамиятга қайтаришга хизмат қилади.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0