Педагог ва ўқувчилар ҳар йили психологик диагностикадан ўтказилади
Президентнинг 2026 йил 19 октябрдаги ПҚ–379-сон қарорига мувофиқ, мамлакатимиздаги барча таълим ташкилотларида педагоглар ва таълим олувчилар йилига бир марта мақсадли психологик диагностикадан ўтказилади. Ушбу янги тизим босқичма-босқич жорий этилади:

2026/2027 ўқув йилидан -мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида;
2027/2028 ўқув йилидан -ўрта махсус, касбий ва олий таълим муассасаларида.
Жaраёнлар махсус электрон платформа орқали амалга оширилиб, натижалар сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинади. Бунда иштирокчилар психологик барқарор, психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож ва фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур гуруҳларига ажратилади. Шу билан бирга, шахсий маълумотларнинг қатъий махфийлиги таъминланади.
Қўллаб-қувватлашга муҳтож шахсларга - таълим муассасасининг ўз психологи;
Фаол ёрдамга муҳтожларга эса - махсус ментор психолог бириктирилади.
Қарорга кўра, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилмоқда. Жумладан, каскадли малака ошириш курсларида дарс берувчи психологларга 20 фоизлик устама тўланади.
Юқори натижаларга эришган 150 нафар ментор психолог эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баробари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, психологик хизмат ходимлари ҳар беш йилda камида бир марта ўз малакасини ошириши шарт этиб белгиланди.
Мамлакатда Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда. Унинг таркибида 2027 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги лабораториялар ўз фаолиятини бошлайди: рақамли психология ва сунъий интеллект лабораторияси; таълим психологияси ва психологик хизмат лабораторияси;
психологик саломатлик ва профилактика лабораториялари.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





