Талабага лавозим керакми?

17:42 | 29.11.2026
•
36
Талабага лавозим керакми?
Катталаштириш

Олий таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш, талабаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва ташкилий жараёнларни мувофиқлаштириш мақсадида турли тузилмалар фаолият юритади. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги етакчилари, факультет координаторлари, университет медиа бўлими ходимлари ҳамда бошқа ташкилий йўналишларда ҳам талабалар меҳнат қилади.

Уларнинг олийгоҳ ҳаётидаги фаоллиги, ташаббуслари ва тенгдошларига кўрсатаётган ёрдами, шубҳасиз, эътирофга лойиқ. Бироқ бу ўринда бир муҳим савол туғилади: талабанинг жамоат ишларидаги фаоллиги унинг асосий вазифаси — таълим олишдан устунми?

Дарсларда мунтазам иштирок этмайдиган талаба қандай қилиб намунавий талаба сифатида эътироф этилиши мумкин?

Университетда танлов фанлари сабабли илгари таниш бўлмаган гуруҳлар билан бирга таҳсил олишни бошладик. Қизиғи, ўқув семестрининг деярли ярми ортда қолган бўлса-да, айрим талабаларнинг исм-шарифини эшитганмиз, аммо ўзларини ҳали кўрмаганмиз.

Улар қаерда? Нега саккиз ҳафтадан буён биргаликда дарсда иштирок этаётган бўлсак-да, айрим курсдошларимизни учратмадик?

Бу ҳақда гуруҳдошларимиздан сўраганимизда, уларнинг университет медиа бўлимида фаолият юритиши, дарсларга келмаган кунлари эса олийгоҳ томонидан “узрли”деб расмийлаштирилиши ҳақида турли гапларни эшитдик.

Яна бир мисол. Ўтган йили университетда услубчи лавозимида фаолият юритган бир талабанинг кўплаб дарс қолдиргани оқибатида академик кўрсаткичлари ёмонлашгани ҳақида эшитган эдим. Бироқ жорий ўқув йилида унинг 100 фоизлик давлат гранти асосида таҳсил олаётгани ва «5» баҳога тенг стипендия соҳиби бўлганини билдим.

Албатта, келтирилган ҳолатларни тасдиқланган расмий маълумот сифатида тақдим эта олмайман. Бироқ бундай хабарларнинг талабалар орасида турли саволлар ва ишончсизликни келтириб чиқараётгани ҳам бор гап.

Чунки бир талаба машғулотларда мунтазам қатнашиб, топшириқларни бажариб, имтиҳонларга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, бошқаси ташкилий вазифалар билан банд бўлиб, дарсларда тўлиқ иштирок этмасдан юқори академик натижаларга эришса, бу жараённинг холислиги ва шаффофлиги юзасидан саволлар туғилиши табиий.

«НБ» кимнингдир хоҳишига қараб ўзгарадиган белгими

Бугунги кунда талабаларни ўйлантираётган масалалардан яна бири — давомат ва сабабсиз қолдирилган машғулотларнинг кейинчалик “узрли” деб расмийлаштирилишидир. Бу борада барча учун бирдек амал қиладиган аниқ ва шаффоф тартиб бўлиши шарт. Талаба касал бўлгани шифокор томонидан тасдиқланганида ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа узрли сабаблар мавжуд бўлганида, унинг дарс қолдириши тегишли ҳужжатлар асосида узрли деб топилиши мумкин. Бироқ университетнинг муайян бўлимида фаолият юритиш, тадбир ташкил этиш ёки бирор лавозимни эгаллашнинг ўзи дарс қолдиришни автоматик равишда узрли ҳолатга айлантирмаслиги керак.

Зеро, жамоат ишларидаги фаоллик талабага қўшимча масъулият юклайди, аммо унинг академик мажбуриятларини бекор қилмайди. Ҳар қандай ташкилий вазифа таълим жараёнига халақит бермайдиган тарзда ташкил этилиши лозим.

Янги Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳам ушбу масалага эътибор қаратиб, талабаларнинг жамоат ишларидаги иштироки, давомат ва академик баҳолаш мезонларини аниқ белгилайдиган, барча учун тенг ва шаффоф тартибни ишлаб чиқса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ахир талаба, аввало, билим олиш учун университетга келади. Жамоат ишларидаги фаоллик эса унинг билим олишига тўсқинлик қилмаслиги, аксинча, шахсий ривожланишига хизмат қилиши керак. Жамоат ишларида фаол бўлиш яхши. Аммо яхши талаба бўлиш учун, аввало, талабалик масъулиятини унутмаслик керак.

Синчиков талаба

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

3 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади