Президент наркотаҳдидларга қарши курашиш борасида қатор таклифларни илгари сурди
Президент томонидан “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” халқаро форумда қатор муҳим таклифлар илгари сурилди.
Жумладан, трансмиллий наркожиноятларга қарши курашишда тезкор ахборот алмашинуви ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу мақсадда наркотрафик йўналишларини барвақт аниқлаш, хавфли юклар ҳаракатини эрта босқичда фош этиш ҳамда трансмиллий жиноий гуруҳлар фаолиятини реал вақт режимида кузатиш имконини берадиган ягона рақамли платформани жорий этиш таклиф этилди.
Наркобизнес – бу фақат гиёҳванд моддалар айланмаси эмас, балки миллиардлаб долларлик яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик ва терроризмни молиялаштирувчи манбадир. Шу боис, уни қурол билан эмас, молиявий манбаларидан узиб қўйиш орқали енгиш мумкинлиги таъкидланди.
Бу борада:
• крипто-биржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш;
• оффшор юрисдикциялар билан маълумот алмашинуви бўйича мажбурий келишувларни жорий этиш;
• “номаълум манба” маблағларини автоматик блоклаш механизмларини яратиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, ноқонуний маблағлар ҳаракатини глобал миқёсда аниқлайдиган ва уларни қабул қилган молиявий институтларни дарҳол хавф тоифасига киритадиган “халқаро рақамли қора код” тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, доимий мулоқот майдонини йўлга қўйиб, синтетик наркотикларга қарам бўлган беморларни самарали даволаш бўйича замонавий методика ва стандартларни биргаликда ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0