Санкт-Петербургда ўзбекистонликни отиб ўлдирган шахс қўлга олинди
Санкт-Петербургнинг Виборг туманида ўзбекистонлик ҳайдовчи ёлланган қотил томонидан отиб кетилган эди.
Жорий йилнинг 20 февраль куни тахминан соат 9:00 да Санкт-Петербургнинг Виборг туманида маҳаллий адвокат ҳайдовчиси, 41 ёшли Ўзбекистон фуқароси ўқотар қуролдан отиб кетилди. Мазкур ҳолат кузатув камераларига тушиб қолган ва Виборг тумани полицияси жиноятчининг изига тушган.
Бахтга қарши жабрланувчи касалхонада, 22 феврал куни олган жароҳатларидан вафот этган.
Мазкур факт асосида тергов органлари томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 30 ва 105-моддалари (қотилликка уриниш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган комплекс тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят ҳолатлари аниқланиб, унга алоқадор шахслар ҳам қўлга олинди.
Терговчиларнинг аниқланишича, Ўзбекистон фуқароси хато туфайли ҳужум қурбонига айланган.
Яъни, унинг бошқарувида бўлган “Тойота Камри” автомобили эгаси 58 ёшли адвокат бир муддат олдин 51 ёшли тадбиркор билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Ва тадбиркор эски таниши, аввал ҳам босқинчилик жинояти учун судланган 50 ёшли эркакка мурожаат қилиб, унга адвокатни 5 миллион рубл эвазига йўқ қилишни таклиф қилган.
Бироқ, киллер “буюртма”ни бажариш жараёнида адвокатни унинг шахсий ҳайдовчиси билан адаштириб юборган ва натижада ҳайдовчи вафот этган.
Жорий йил 22 февраль куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят қидируви тезкор ходимлари томонидан гумон қилинаётган “буюртмачи” ва жиноят содир этган шахс ушланиб, процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органларига топширилган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0