NASA коинот сирларини очишга ёрдам берадиган янги телескопни учиради
NASA коинотнинг энг катта сирларини ўрганишга мўлжалланган янги флагман космик обсерваторияси — «Роман» телескопини учиришга тайёргарлик кўрмоқда. Олимлар унинг ёрдамида қоронғи энергия ва қоронғи материяни тадқиқ қилиш, улкан космик масштабларда гравитация қонунларини синаб кўриш ҳамда Қуёш тизимидан ташқаридаги сайёраларни излашни режалаштирмоқда.
Нэнси Грейс Роман номи билан аталган телескопни якшанба куни Флоридадаги Кеннеди космик марказидан учириш режалаштирилган.
Обсерваторияни SpaceX компаниясининг Falcon Heavy ракетаси орбитага олиб чиқади. NASA вакилларининг айтишича, миссия дастлаб белгиланган муддатдан тўққиз ой олдин амалга оширилади.
«Роман» 1990 йилда коинотга учирилган «Хаббл» ҳамда 2021 йилда ишга туширилган «Жеймс Уэбб» космик телескопларининг давомчиси ҳисобланади. Янги телескопнинг асосий миссияси беш йил давом этиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,3 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Телескоп номи берилган Нэнси Роман NASAда астрономия бўлимига раҳбарлик қилган биринчи инсон ва агентликда юқори лавозимни эгаллаган илк аёл бўлган. У «Хаббл» дастурини амалга оширишда муҳим роль ўйнагани учун «Хабблнинг онаси» деб ҳам аталган. Роман 2018 йилда 93 ёшида вафот этган.
Учирилгандан кейин ракета билан ажралиб чиққан «Роман» Ердан тахминан 1,6 миллион километр узоқликда жойлашган Лагранж-2 нуқтасига йўл олади. Бу масофа Ойгача бўлган масофадан қарийб тўрт баравар узоқ. «Жеймс Уэбб» телескопи ҳам шу ҳудудда жойлашган. «Хаббл» эса Ерга яқин орбитада ҳаракат қилади.
Янги телескопнинг асосий кўзгуси диаметри 2,4 метр бўлиб, бу «Хаббл» кўзгуси билан деярли бир хил. Бироқ «Роман» бир вақтнинг ўзида «Хаббл» қамраб оладиган ҳудуддан 200 баравар катта осмон майдонини суратга олиши мумкин. Бу эса унга коинотнинг улкан ҳудудларини анча тез кузатиш имконини беради.
NASA раҳбари Жаред Айзекманнинг таъкидлашича, «Роман»нинг астрономик кузатув имкониятлари «Хаббл»никидан 1000 баравар юқори бўлади. Масалан, «Хаббл» 2000 йилда бажарадиган ишни «Роман» бир йилда амалга ошириши мумкин.
Телескопнинг маълумот тўплаш имконияти ҳам ниҳоятда катта. 35 йиллик фаолияти давомида «Хаббл» коинот ҳақида қарийб 400 терабайт маълумот тўплаган бўлса, «Роман» бир йилнинг ўзида тахминан 500 терабайт маълумот яратиши кутилмоқда.
Коинотнинг катта ҳудудларини юқори тезликда кузатиш имконияти олимларга унинг тузилиши, таркиби ва миллиардлаб йиллар давомида қандай ўзгариб келганини чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради.
Энг муҳими, «Роман» орқали олимлар қоронғи материя ва қоронғи энергия табиатини яхшироқ тушуниш, гравитациянинг улкан масштабларда қандай ишлашини текшириш ва бошқа юлдузлар атрофидаги сайёраларни излаш имкониятига эга бўлади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0