Шивит ошидан тухумбараккача...
Хоразм хонлари миллий таомлари гастрофестивали бўлиб ўтмоқда.
Дам олиш кунлари Хива шаҳридаги “Арда Хива” мажмуаси янада гавжум. Турли таомларнинг димоқни қитиқловчи хушбўй ҳиди ва ўзига хос таъми барчани ўзига чорламоқда. Бу ерда “Хоразм хонлари миллий таомлари” гастрофестивали қизғин ўтмоқда. Ноёб таомлар тарих ва анъаналар тимсоли сифатида тақдим қилинмоқда.
Фестивалда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 20 дан зиёд машҳур ошпаз иштирок этди. Улар томонидан 50 дан ортиқ миллий, Европа ва Осиё таомлари тайёрланиб, меҳмонларга тақдим этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботир Саидов ҳамда ошпазлар уюшмасининг халқаро экспертлари Алзабен Амжад Мустафа ва Толибжон Умаралиев сўзга чиқдилар. Улар фестивалнинг асосий мақсади Хоразмнинг туризм салоҳиятини ошириш, миллий таомларни кенг тарғиб қилиш ва меҳмонларга халқимизнинг бой маданий меросини яқиндан таништиришдан иборат эканлигини таъкидладилар.
Меҳмонлар шивит оши, тухум барак, Самарқанд оши, оши софий, Хоразм сузмаси каби ошнинг ўнлаб турлари, гўмма ва қопширмалар, кабоблар, балиқли таомлар, сомсалар, ширинликлар, нон ва турли мевалардан баҳраманд бўлмоқда.
— Шивит ошини биринчи марта татиб кўрдим, мазаси жуда бошқача экан,— дейди фарғоналик Маъруфжон Тоҳиров.
— Миллий таомларимизнинг ҳар бири асрлар давомида сақланиб келаётган анъаналаримиздан далолат. Ошпазлардан рецептларини ҳам сўраб оляпмиз.
Кўпчилик Хоразм ошхонасининг энг қадимий таомларидан бири бўлган “Тухум барак”ка қизиқиш билдирди. Хоразм ошхонасининг безаги бўлган бу таом бугун ҳам байрамлар, тўйлар ва катта тантаналар дастурхонининг марказидан жой олади.
Умуман, тадбир кўтаринки руҳда, аҳолининг фаол иштирокида ўтмоқда. Миллий куй-қўшиқлар ва рақслар фестивал шукуҳини оширмоқда.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0