Циганлар “Табор”ида бўлганмисиз?
Маҳалла раиси Муҳаммаджон Хайдаровнинг айтишича, циганлар атрофдаги аҳоли билан тинч-тотув яшайди, улар орасидаги ёшлар ҳайдовчилик, электр пайвандчилик каби ҳунарларга ўргатиб бориляпти. Лекин...
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги Ойбек номли маҳаллада циганлар қавми яшайди. Ҳа, улар айнан “циган” дейилади, лўли эмас. Ораларидаги ёши улуғроқлардан бирининг айтишича, бу ерларга 100 йиллар аввал ота-боболари Молдова юртидан келиб қолишган. Ishonch.uz мухбири уларнинг “табор”и (оиласи)да бўлди.
Айни пайтда маҳаллада 12 та оила, уларда эса 60 нафарга яқин циганлар яшашади. Энг каттасининг ёши 80 дан ошган. Орасида кўпчилик ҳурмат қиладиган, гапларига қулоқ солишадиганини “барон” қилиб сайлаб олишар экан. Айни пайтда Забар Берников уларга бош-қош. Тамара Азеринина исмли кекса аёлни эса “баронесса” деб аташар экан. Бу қавм юз йилдан ошиқ тарихига, тили ва урф-одатига эга. Маълумотларга кўра, бир асрдан ортиқ вақт аввал 200 нафарга яқин циган от араваларда бу томонларга кўчиб келишган бўлиб, қирлар остида от қўшилган, чодирлар тикилган, асосан чайлаларда яшаган.
Ҳозирда циган эркаклар ўша ердаги ғишт заводига, аёллари асосан ободонлаштириш бўлимига ишга жойлашишган, доимий банд қилинган. Болалар эса, Нурафшондаги мактабларга қатнаб ўқишади.
– Авваллари шаҳарга чиқиб тиланчилик қилардик, фол кўрардик, – дейди кўп болали Рада Чувайлова. – Ҳозир эса, ишлаб пул топяпмиз. Ёшларимиз мактабни битириб, касб-ҳунарга ўргатилиб, банд қилинмоқда. Биз ўқий олмадик, лекин фарзандларимиз билим олишаётганидан ҳурсандмиз...
Маҳалла раиси Муҳаммаджон Хайдаровнинг айтишича, циганлар атрофдаги аҳоли билан тинч-тотув яшайди, улар орасидаги ёшлар ҳайдовчилик, электр пайвандчилик каби ҳунарларга ўргатиб бориляпти. Лекин ишларга жойлаштиришда уларнинг наслий келиб чиқиши рўкач қилиниб, ишга олинмаслик ҳолатлари бироз муаммоли бўлиб турибди. Уларга байрам ва бошқа муҳим кунларда имкон қадар ҳомийлар томонидан моддий ёрдамлар кўрсатиб турилади. Шунингдек, урф-одатларига ҳурмат ифодасида, улар орасидан иқтидорли хотин-қизлар саралаб олинган ва “Шаббона” фольклор ансамбли ҳам ташкил этилган. Асосийси, бугунги кунда шаҳар бўйлаб бирорта тиланчилик қилган циганни учратмайсиз, улар бундан ор қилишади. Ҳалол меҳнат қилиб рўзғор тебратишни афзал кўришмоқда.
Холида ЭГАМБЕРДИЕВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0