Тошдан олинаётган Фарғона қоғози: нега имкониятдан тўлиқ фойдаланмаяпмиз?
Тошдан қоғоз ишлаб чиқариш кўпчиликка ишонсиз туюлиши мумкин. Аммо бу — амалда синовдан ўтган технология. Фарғона вилоятида фаолият юритаётган Fergana Stone Paper қўшма корхонаси Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Энг муҳими, ишлаб чиқариш жараёнида дарахт кесилмайди, сув ишлатилмайди ва зарарли оқова ҳосил бўлмайди. Хомашё эса тўлиқ маҳаллий.
Анъанавий қоғоз тайёрлашда 1 тонна маҳсулот учун қарийб 1 гектар ўрмон кесилади ва 5 тоннагача сув сарфланади. Унинг катта қисми кимёвий моддалар билан ифлосланади. Тош қоғоз технологияси эса экологик жиҳатдан хавфсиз ва қайта ишлаш имкониятига эга. Сув танқислиги кучайиб бораётган Ўзбекистон учун бу айни муддао.
Мамлакатимизда қоғоз маҳсулотларига йиллик эҳтиёж 350 минг тонна атрофида. Асосий қисмини офсет ва газета қоғози ташкил этади. Босмахоналар эса кўп ҳолларда импорт маҳсулотдан фойдаланади. Фарғонада ишлаб чиқарилаётган экологик тоза қоғозлар эса аксинча, кўпроқ хорижга экспорт қилинмоқда — Россия, Болгария ва Туркия бозорларига.
Корхона раҳбарияти маҳаллий ташкилотларга ҳамкорлик таклиф қилган. Айрим таҳририятлар синов тариқасида газета чоп этиб, сифатини юқори баҳолаган. Аммо ҳамкорлик изчил давом этмаган. Натижада корхона тўла қувват билан ишламаяпти.
Ваҳоланки, маҳаллий хомашёдан тайёрланаётган, сувга чидамли ва иқтисодий жиҳатдан арзон маҳсулот ички бозорда импорт ўрнини босиши мумкин. Бу валюта тежаш, логистика харажатларини қисқартириш ва янги иш ўринлари яратиш демакдир. Айниқса, экологияга оид дарслик ва дафтарларни шу қоғозда чоп этиш рамзий жиҳатдан ҳам тўғри бўлар эди.
Хулоса шуки, тошдан қоғоз ишлаб чиқариш — оддий саноат лойиҳаси эмас. У экологик ечим, иқтисодий имконият ва миллий брендга айланиши мумкин бўлган ташаббусдир. Эндиликда савол битта: нега ўз имкониятимиздан тўлиқ фойдаланмаяпмиз?
Жамшид Эргашев
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0