“Уни хаста ва ногирон деб ўйлашган”: 10 ёшида университетни забт этган болакай
Америкалик Майкл ва Кристин Барнетт оилада тўнғич бўлган бу болани жуда кутишганди. Аммо 1998 йилда узоқ кутилган ўғиллари дунёга келганида, унга ўртача ва оғир аутизм хасталиги ташхиси қўйилди ва нормал ҳаёт кечириши эҳтимолдан йироқлиги айтилди. Аммо ота-она таслим бўлмади. Улар ҳаракатлари ва яширин истеъдод сабаб ҳатто оддий ҳаёт кечириши сўроқ остида турган ёш Жейкоб 10 ёшга тўлар-тўлмас ОТМ талабаси бўлишга эришди.

Жейкоб Л. Барнетт 1998 йил 26 майда Индианаполисда туғилган. Болалигиданоқ у тенгдошларидан сезиларли даражада фарқ қилар эди. Қаҳрамонимиз болалар китоблари ва расмлар тўпламларини ўрганган, нарсаларни маълум бир тартибда жойлаштирган ва узоқ вақт осмонга тикилиб, кундалик фаолиятига халақит берадиган ҳар қандай нарсани тажовузкорликсиз, лекин қатъият билан йўқ қилишга ҳаракат қилган. Ўғлини ёшига хос нарсалар — уй ҳайвонлари, ўйинчоқлар, тенгдошлар билан мулоқот, ўйинлар ва ўйин-кулги билан қизиқтиришга уринишларига жавобан, шундоқ ҳам зўрға гапирадиган бола умуман гапиришни тўхтатган ва ўзини четга олган.
“Жейкда аутизмнинг барча белгилари борлигини англадим: аста-секин нутқ бузилиши, диққатнинг бузилиши ёки биз ёки шифокорлар билан мулоқот қила олмаслик”, деб ёзган кейинчалик онаси Кристин.
Хавотирланган ота-оналар мутахассисларга мурожаат қилганларида, улар даҳшатли хабарни олишди: фарзанди ҳеч қачон ўз пойабзалининг ипларини боғлай олмайди. Унга махсус дарслар керак бўлади; болани нормал ҳаётга мослаштириш эҳтимолдан йироқ эди, аммо баъзи асосий ўз-ўзини парвариш қилиш кўникмаларини ўргатиш мумкин эди.
Ўғлининг туғилиши билан бир вақтда болалар боғчаси очган Кристин Барнетт бекор ўтириш ниятида эмас эди. Дастлаб у турли мутахассисларнинг хизматларидан фойдаланган, аммо ўғлининг ривожланишини қандай бошқариш борасида бир нечта келишмовчиликлардан сўнг, у уни ўзи бошқарган. Ўша пайтда у аллақачон иккинчи фарзандига ҳомиладор эди (Жейкобнинг иккала укалари, Уэсли ва Этан, махсус эҳтиёж талаб қилмайдиган болалар эдилар). У аутизмли болалар учун болалар боғчасига асос солган ва Жейк билан ўзи ишлай бошлаган. Унинг эри Майкл эрталабдан кечгача ишда эди, шунда она ўғли билан вақт ўтказиши ва унга ёрдам беришга ҳаракат қилиши мумкин эди. Онасининг саъй-ҳаракатлари самара берди: Жейкоб яна гапира бошлади. Кристин унинг қизиқишини уйғотган ҳар қандай нарсани ушлаб, уни ривожлантиришга ҳаракат қилди: ҳар қандай китоблар, ҳар қандай мавжуд қурилмалар унинг ихтиёрида эди. Онаси, агар йўл топилса, ривожланиш мумкинлигига умид қилиб, аралашмасликка ҳаракат қилди. Бир куни, Жейкоб уч ярим ёшга тўлганида, улар биргаликда юлдузларга қарашди; бир ҳафта ўтгач, у астрономия профессори билан суҳбатлашди. Барнетт хоним осмонни кузатиш уни ўзига жалб қилаётганини кўрди ва бу қизиқишни ривожлантириш йўлларини излади. Индиана штатидаги Бутлер университети кампусидаги Холкомб расадхонасида улар Марсга телескоп орқали қарашга ва “қизил сайёра” ҳақида маъруза тинглашга таклиф қилинди.
Маъруза охирида профессор нима учун Марснинг йўлдошлари картошка каби эканини сўради. Жейкоб қўл кўтарди ва у Марс атрофидаги йўлдошлар қанчалик катта эканлигини сўради. Профессор йўлдошлар жуда кичик эканлигини айтди. “Ушбу жисмларнинг тортишиш кучи уларни мукаммал шарларга айлантириш учун етарлича кучли эмас”, деди Жейкоб ва бу тўғри жавоб эди.
Маълум бўлишича, болада Аспергер синдроми бор эди, бу ижтимоий муносабатлардаги қийинчиликлар ва чекланган, аниқ белгиланган қизиқишлар доираси билан тавсифланган касаллик. Шунингдек, у жисмоний ноқулайлик билан ҳам тавсифланади, худди шу ноқулайлик, шифокорлар башорат қилганидек, Жейкобнинг пойабзал боғичларини боғлашни осон ўрганишига тўсқинлик қилган. Жекоб олти ёшга тўлганида, уни махсус мактабга юборишди. У ерда у ўзи ёқтирган нарсани қилди - ўзи билан олиб келган китобларни ўқиш ва рангли қаламларни спектр ранглари бўйича саралаш.
“Бир куни мен ниҳоят Жейкнинг қанчалик зерикканини, унинг ақлли, фаол ва ўсиб бораётган онгини билмаган ҳолда унга сиғмайдиган қутига қамаб қўйганимизни ва университет оқилона ечим эканлигини англадим”, деб ёзган Барнетт хоним иқтидорли ўғли ҳақидаги китобида.
Ота-онасининг ҳаракатлари билан у Индианаполисдаги Пердю университетида астрономия бўйича маърузаларга қабул қилинди. Биринчи курс талабаларига дарс берган профессор Эдвард Родс бу ғайриоддий “меҳмон”ни қабул қилишга рози бўлди.
Ўшандан бери Жейкобнинг Перюд университетидаги кунлари унинг энг севимли даври бўлди. Онасининг келишуви туфайли у тобора кўпроқ курсларда қатнашди: ниҳоят, бир куни у СПАН дастури орқали Индианаполисдаги университетга ўқишга таклиф қилинди. Бу эрта академик таълим учун махсус дастур бўлиб, унинг директори доктор Ж. Рассел Кристин Барнетт билан боғланиб, агар болага зарур бўлган ўрта мактаб курсларидан иложи борича тезроқ ўта олса, ОТМда ўқишни таклиф қилди.
Жейк икки ҳафта ичида муваффақиятга эришди ва 10 ёшида Индианаполисдаги Пердю университетига ўқишга кирди. Ойга қадам қўйган биринчи одам Нил Армстронг ушбу муассасанинг битирувчиси эди. Биринчи дарслар ва муваффақиятли мослашувдан сўнг, бола талабалар гуруҳида ишлай бошлади. Ижтимоий қийинчиликларига қарамай, Жейк у ерда дўстлар орттирди. У ўз билимларини иштиёқ билан баҳам кўрди ва мавзуни муҳокама қилиш учун соатлаб вақт сарфлаши мумкин эди, бу эса баҳоларини яхшилашни ва дарсдан ташқари ўқишни истаганларни хурсанд қилди. Ҳеч ким йўқлигида у атрофда айланиб юрар, синфлар ва йўлакларни диққат билан тартибга келтирар, ахлат йиғарди. Бола ўзини қўллаб-қувватловчи муҳитда топганидан бахтиёр эди: ҳеч ким уни масхара қилмасди ёки безорилик қилмасди; ҳамма унинг ғалати хусусиятларини тушунар ва истеъдодини ҳурмат қилар эди.
Пердю университетида тўрт йил давомида Жейкоб қўлидан келган барча нарсани ўрганди. 2013 йил май ойига келиб, у барча математика ва физика курсларини, шунингдек, бир нечта аспирантура даражасидаги курсларни тугатди. 12 ёшида у Эйнштейннинг нисбийлик назарияси ва Катта портлаш назариясини рад этишни режалаштирган, аммо кейинги тадқиқотлар натижасида у адашганини англаган. У тез-тез телевидение ва радиода чиқиш қилган, шунингдек The Indianapolis Star, The Blaze, Huffington Post ва бошқа газета ва журналларда ҳам чиқиш қилган. Вундеркинднинг кейинги таълим манзили Канададаги Периметр назарий физика институти бўлди. Ҳозирда Жейкоб Барнетт Mensa International ва Intertel интелектуал кишилар бирлашмаси аъзоси. Унинг IQ даражаси 170 га тенг. Метеорология бўйича таҳсил олаётган укаси Уэсли Mensa бўлимларидан бирининг раиси бўлиб ишлаган. Уч ака-уканинг энг кичиги Этхан эса биолог бўлишни режалаштирган.
Бугунги кунда Жейкоб Барнетт докторант бўлиб, Нобель мукофотини қўлга киритишни орзу қилади. Доимий маърузалар ва тақдимотлардан ташқари, у беш илмий ишни нашр этишга муваффақ бўлди.
Аброр Зоҳидов







