Уруғ-аймоғи билан бойиётган осиёлик миллиардерлар рўйхати эълон қилинди
"Bloomberg" нашри Осиёнинг энг машҳур ва бадавлат бизнесман сулолалари рейтингини тузиб чиқди. Рўйхатда оила аъзолари билан биргаликда бойиётган тадбиркорлар ўрин олган.
Унга Ҳиндистон, Таиланд, Хитой, Индонезия, Гонконг, Филиппин, Сингапур, Малайзия, Тайван ва Жанубий Кореядан 2023 йилда энг муваффақиятли оилалар киритилган. Рейтингнинг биринчи ўринидан зираворлар ва полиестер толаси савдосида бойлик орттирган ҳиндистонлик Мукеш Амбани жой олди.
Бугунги кунда Ҳиндистоннинг энг йирик холдингига эгалик қиладиган бу оиланинг бошлиғи миллиардер Мукеш Амбани бўлиб, у ўғиллари билан биргаликда энергетика, нефть-кимё, тўқимачилик, табиий ресурслар, чакана савдо ва телекоммуникация соҳаларидаги корхоналарга эга.
Иккинчи ўринни индонезиялик Хартонолар оиласи эгаллади. Бу оила тамаки бизнеси орқали бойиб кетган ва мамлакатнинг энг йирик банкига сармоя киритиб, миллиардлаб даромад олган.
Рўйхатнинг биринчи учлиги Квок сулоласи билан ёпилади: улгуржи савдо билан бошланган бизнес бу оилани Гонконгдаги энг йирик ишлаб чиқарувчига айлантирди ва оила ҳозир навбатдаги йирик лойиҳа устида ишламоқда.
Ishonch.uz мазкур рўйхатдан ўрин олган баъзи бизнесменлар билан таништиради.
Амбани оиласи, Ҳиндистон
Ҳиндистонлик миллиардер ишбилармонлар Мукеш ва Анил Амбанининг отаси Дҳирубхай 1950 йилларнинг охирида зираворлар ва полиестер толаси савдо компаниясини яратишни бошлади, кейинчалик у мамлакатнинг энг йирик холдингига айланди. 2002 йилда васиятнома қолдирмасдан вафот этганидан кейин ўғиллари ўртасида мерос бўйича низо келиб чиққан. Тадбиркорнинг беваси оила бойлигини назорат қилиш борасидаги низоларни ҳал қилишда воситачи бўлган. Мукеш ҳозир дунёдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш мажмуасига эга бўлган ва технология, чакана савдо, яшил энергия соҳаларида кенгайиб бораётган конгломерат бошқарувида ўтиради.
Мукешнинг эгизак фарзандлари Иша ва Акаш чакана савдо ва уяли алоқа операторлари директорлари кенгашларида раҳбарлик қилишади.
Вей Гванлар оиласи, Индонезия
Вей Гван 1950 йилда сигареталар бизнесини сотиб олди ва унинг бизнеси Индонезиядаги энг йирик сигарет ишлаб чиқарувчидан бирига айланди. Вейнинг вафотидан кейин 1963 йилда унинг ўғиллари Майкл Бамбанг ва Роберт Буди Марказий Осиё Банкига сармоя киритиш орқали ўз фаолиятини диверсификация қилди. 2016 йилда Роберт Будининг ўғли Арманд Банк президентининг ўринбосари лавозимини эгаллади.
Квоклар оиласи, Гонконг
Қиймати 34,8 миллиард долларлик компанияга эгалик қилувчи оила бошлиғи озиқ-овқат улгуржи сотувчиси Квок Так Сенг ўз компаниясини 1972 йилда рўйхатдан ўтказган. Ўшандан бери компания Гонконгдаги энг йирик мулк ишлаб чиқарувчилардан бирига айланиб, Квок оиласи бойлигининг асосий қисмини ташкил қилди. Квок вафотидан кейин унинг ўғиллари Уолтер, Томас ва Раймонд 1990 йилда компания бошқарувини ўз қўлларига олишди. Уолтер 2008 йилда акалари билан жанжалдан кейин раисликдан айрилди. Бизнесни айни пайтда унинг укаси Раймонд бошқаради, деб ёзади "Bloomberg".
Мистрий оиласи, Ҳиндистон
Мазкур оилавий бизнесга 1865 йилда миллиардер Мистрийнинг бобоси қурилиш бизнеси орқали асос солган. “Shapooji Pallonji Group” номли ушбу компания ҳозирда муҳандислик ва қурилиш каби турли тадбиркорлик соҳаларини қамраб олади. Бироқ меросхўрлар ўртасидаги жанжаллар натижасида тузилган битимлар туфайли оила бойлигининг катта қисми бир маромда эмас.
Дханин Чеаравонт оиласи, Таиланд
1921 йилда Чиа Эк Чор тўфондан вайрон бўлган қишлоғидан қочиб, Бангкокда акаси билан сабзавот уруғини сотади. Шу тариқа у Таиландда янги ҳаёт бошлайди. Бир аср ўтгач, Чианинг ўғли Дханин Чеараванонт озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, чакана савдо ва телекоммуникациялар бўлинмаларига эга бўлган компаниянинг катта раисига айланди. Дҳаниннинг икки ўғли гуруҳнинг бош директори ва раиси, набираси эса технологик стартапига асос солган. Уларнинг компанияси энди Таиландда углерод чиқиндиларини камайтириш учун “Toyota Motor” билан ҳамкорлик қилмоқда.
Ювидя оиласи, Таиланд
1956 йилда Чалео Ювидя дори воситаларини сотиш учун фармацевтика компаниясига асос солди. 1975 йилда у “Кратинг Даэнг” номли энергетик ичимликни ихтиро қилди, бу Таиланд тилида “қизил буқа” деган маънони англатарди. Австриялик маркетолог Осиёга хизмат сафари чоғида мазкур ичимлик билан танишгач, у рецептни ўзгартириш ва унга “Red Bull” деб ном бериб, уни жаҳон бозорига олиб чиқиш учун Чалео билан ҳамкорлик қилди. 2012 йилда Чалео вафотидан кейин унинг ўғли компания бош директори этиб тайинланади.
Ченг оиласи, Гонконг
Ченг оиласининг бойлиги 1929 йилда Чоу Чи-Юань томонидан асос солинган Гонконг заргарлик компаниясига бориб тақалади. Ченглар шунингдек, шаҳарнинг энг йирик кўчмас мулк ва инфратузилма компанияларидан бири бўлган «Hew World Development»ни ҳам назорат қилади. Компанияга 1970 йилда Чоу Чи-Юаннинг куёви асос солган.
Мафтуна Каримова
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0