Нега Хоразмда қора чой ичилмайди, қўй гўшти ейилмайди?
Яқинда Хоразмда хизмат сафарида бўлган ҳамкасбларим гўшт дўконларидан қўй гўшти топишолмагани, кафеларда ҳам қўй гўштидан таомларни деярли учратишмагани, фақат кабоб таклиф қилишганини айтишди. Чой сўрашганида фақат кўк чой таклиф қилишибди, қора чойни эса, лимон билан беришибди. Улар бунинг сабаблари билан қизиқишди.
Бу нарса кўпчилик учун қизиқ бўлиши мумкин. Шу боис, мавзу юзасидан мутахассислар билан суҳбатлашишни маъқул топдим.
– Организм ўзига керакли нарсани истеъмол қилишни хуш кўради. Масалан, қора чайдан кўра, Хоразм воҳаси аҳолиси кўк чойни хуш кўради. Бунинг сабаби – иқлимимиз. Биз жойлашган ҳудуд – Хоразм вилоятининг релъефи географик жойлашувига кўра тоғли зоналарга кирмайди, пастроқ релъефда жойлашганлиги сабабли, бизда ҳаво босими баланд бўлади. Қанчалик баланд жойларга чиқилса, масалан, тоғли жойлар, шунчалик атмосфера босими пасаяди. Ва аксинча, қанчалик паст жойда жойлашган бўлсак, ҳаво босими шунча баланд бўлади. Шунинг учун одамлар кўк чой ичишга мойил. Чунки қон босимимиз баландроқ юради, – дейди Абу Райхон Беруний номидаги Урганч давлат университети озиқ-овқат технологияси кафедраси доценти Баҳор Ҳакимова.
Урганч шаҳридаги 3-сон оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори Ёқутжон Сафарбоеванинг фикрича, Хоразм вилоятининг иқлими ёзда жуда иссиқ ва қуруқ, қишда эса совуқ. Бундай иқлим шароитида инсон организми тез терлайди, сув ва туз мувозанати бузилиши хавфи ортиб боради.
– Аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган ичимлик турлари ҳам иқлимга мос равишда шаклланган, – дейди шифокор. – Масалан, кўк чой табиий антиоксидантларга бой бўлиб, организмни енгил совутиш ва чанқоқни тез босиш хусусиятига эга. Иссиқ иқлимда бу жуда муҳим. Қора чойга нисбатан кўк чойда кофеин миқдори кам бўлади, бу эса юрак-қон томир тизимига ортиқча юк тушишининг олдини олади. Хоразмда ҳаво қуруқ бўлгани учун организмдаги сув камайиши хавфи бор. Кўк чой танада сувни ушлаб туришга ёрдам беради ва организмни тозалайди. Қора чой ферментлашган бўлиб, ундаги кофеин миқдори юқори. Бу иссиқ иқлимда юрак фаолиятини ортиқча қўзғатиши мумкин. У чанқоқни босмайди, балки аксинча, чанқоқни кучайтиради, чунки организмдан сув чиқаришни тезлаштиради. Шунинг учун Хоразмдаги иссиқ ва қуруқ иқлимда қора чойдан кўра кўк чой ичиш физиологик жиҳатдан тўғри ва фойдали ҳисобланади.
Қўй гўштининг кам истеъмол қилинишини ҳам мутахассислар иқлим шароити билан боғлашди.
– Чунки қўй гўштида тўйинган ёғлар кўп бўлганлиги сабабли, бу қон босимини кўтаришга олиб келади. Шунинг учун қон босими паст одамлар қўй гўштини хуш кўради. Айниқса тоғли жойларда қўй гўштини кўпроқ истеъмол қилади. Мол гўштини ҳам ҳаддан ташқари кўп ейилса, қон босимини оширади. Лекин қўй гўштига нисбатан мол гўштининг организмга таъсири, яъни қон босимига таъсири анча паст бўлганлиги сабабли бизларда қўй гўшти кам истеъмол қилинади. Тоғли вилоятларда, масалан, Сурхонарё ёки водий тарафларда, қўй гўштини хуш кўриб кўпроқ истеъмол қилишади, чунки тоғли вилоят бўлганидан кейин ҳаво босими паст, одамларда эса буни истеъмол қилишга эҳтиёж кўпроқ, – дейди Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети озиқ-овқат технологияси кафедраси доценти Баҳор Ҳакимова.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази гастроэнтеролог шифокори Нурали Сафарбоевнинг фикрича, маҳаллий аҳоли турмуш тарзи, овқатланиш маданияти ва соғломлик омилларидан келиб чиқиб, Хоразмда қўй гўштидан кўра мол, товуқ ёки балиқ гўшти кўпроқ истеъмол қилинади.
– Иссиқ иқлимда организм оғир овқатни ҳазм қилиш учун кўпроқ энергия сарфлайди, – дейди шифокор. – Бу ҳолат танани чарчатади, ички ҳароратни оширади ва терлашни кучайтиради. Иссиқ ҳаво шароитида оғир ва ёғли овқатлар қон босимини оширади, юрак фаолиятига юклама беради ва ҳазм тизимини секинлаштиради. Бу айниқса юрак-қон томир касалликлари, қон босими ёки семиришга мойил одамлар учун хавфли бўлиши мумкин.
Умуман, маҳаллий аҳолининг қўй гўштини кам истеъмол қилиши иқлим шароити билан боғлиқ. Бундан ташқари, Хоразмда яйловлар кам. Қўйни асосан ҳовлида боқишга тўғри келади. Бундай қўйларда эса ҳид бўлади. Асосан мана шу ҳид ҳам аҳоли қўй гўштини мунтазам истеъмол қилмаслиги сабабларидан биридир.
Қолаверса, Хоразмда қўй гўшти бозорларда сотилмайди. Қўйни садақаларда, тўйларда, масалан бешик тўйларида махсус сўядилар ва ундан асосан палов ёки шавла тайёрланади. Қўй гўшти солинган бу таомларни хоразмликлар севиб истеъмол қиладилар.
Кейинги пайтларда аҳолининг талабидан келиб чиққан ҳолда айрим кафе ва ресторанлар меньюсида ҳам қўй гўштидан бўлган таомларни учратиш мумкин. Бироқ, булар кабоб ёки жиз, тандир гўшти шаклида. Қўй гўшти солинган суюқ таомларни деярли учратмайсиз. Бу нафақат маданий анъана, балки соғлом овқатланиш нуқтаи назаридан ҳам маъқул ҳисобланади.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Ishonch.uz



Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0