Мактабда яна ўқитувчилар аёвсиз дўппосланди
Жорий йил 27 октябрь куни Самарқанд вилояти Ургут тумани Ипак йўли маҳалласида истиқомат қилувчи У.Ш. исмли шахс шу маҳаллада жойлашган 112-умумий ўрта таълим мактабига ғирт маст ҳолатда бостириб киради ва ўқитувчиларни ҳақорат қилиб, уларга нисбатан куч ишлатади. Бу ҳақда самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев маълум қилмоқда.
Мактаб қоровулининг “мактабдан чиқиб кетинг”, деган қонуний талабини бажармайди. У мактабнинг математика фани ўқитувчиси С.Тожимуродовни ҳақорат қилади ва уради. Ўқитувчини зўравон пиянистанинг қўлидан қутқармоқчи бўлган мактаб психологи И.Ибрагимовни ҳам уради, ҳақорат қилади. Бошқа ўқитувчилар орага тушиб зўравон У.Ш. ни уйига жўнатиб юборишади.
Муштумзўр уйига бориб, ўғли А.Ҳ. ва жияни Ш.Ҳ.ларни чақириб, жиноий режа тузади ва пичоқ билан қуролланган ҳолда шериклари билан дастлаб мактаб психологи И.Ибрагимовнинг хонадонига бостириб боради. Пичоқ билан ўдағайлаб, И.Ибрагимовни ўлдирмоқчи эканини айтиб бақиради, И.Ибрагимовнинг ҳомиладор хотини, акасининг хотини ҳамда вояга етмаган гўдак боласи ва жиянларини қўрқитади. Зўравонлар дарвозани тепиб, уй жиҳозларини улоқтиришади.
“Паҳлавонлар” И.Ибрагимовни уйидан тополмагач, мактабга боришади. Улар мактаб биносининг ён томонига ўтиб, И.Ибрагимовни чақиришади. Учовлон хумордан чиққунча ўқитувчини дўппослашади. У.Ш.нинг жияни уларни ажратмоқчи бўлган шу маҳалла фуқароси Ш.Ж.ни маҳкам ушлаб туради.
Хуллас, ўқитувчи ўз иш жойида ҳақоратланади, калтакланади ва қаттиқ жароҳатланади. “Тез тиббий ёрдам” машинасида шифохонага олиб борилган И.Ибрагимовнинг бурун суяги синган ва бошқа аъзолари жароҳатланганди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0