Зангиота тумани ҳокимлиги суд қарорларини менсимайдими?
Тошкент вилояти Зангиота тумани Форобий МФЙнинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи Б.Алихўжаев ишдан бўшатилди. Ўша заҳоти унинг ўрнига бошқа ходим ҳам тайинланди.
Б.Алихўжаев ўзининг ноҳақ ишдан бўшатилганлиги тўғрисида судга даъво аризаси киритди ва суд куни белгиланди. Мутахассис сифатида иштирок этиш учун, суд мажлисига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгашининг меҳнат-ҳуқуқ инспектори М.Мирзаев ҳам таклиф этилди.
Аён бўлишича, Б.Алихўжаевга ўтган йилнинг 30 апрелида жарима интизомий жазоси тайинланган, сўнгра 23 август куни у билан тузилган меҳнат шартномаси бир томонлама бекор қилинган. Даъвогар бу ишлар қонунга зид эканлигини айтиб, суддан ушбу буйруқларни бекор қилишни сўраган. Судда иштирок этган ҳокимлик вакиллари буйруқларни бекор қилишга ҳеч қандай асос йўқлигини айтиб, даъво аризасини рад этишни сўраган. Мазкур судда иштирок этиши лозим бўлган Зангиота тумани ҳокими эса, судга эътирознома киритган ва ишни унинг иштирокисиз кўришларини маълум қилган.
Ишга мутахассис сифатида жалб қилинган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгашининг меҳнат-ҳуқуқ инспектори М.Мирзаев туман ҳокимлиги касаба уюшмасининг ходимни ишдан озод қилиш ҳақидаги йиғилиши “Касаба уюшмаси қўмитаси, органида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномани кўриб чиқиш Тартиби” нинг бир нечта бандларига зид эканлигини айтган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сонли Фармони 9-бандининг “б” кичик бандиган асосан, очиқ, мустақил танлов асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилинадиган шахслар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва тегишли равишда унинг филиаллари билан келишмасдан туриб лавозимидан озод қилиниши мумкин эмас. Даъвогар Б.Алихўжаевни лавозимидан озод қилиш учун Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Тошкент вилояти филиали билан ҳам келишилмаган. Меҳнат-ҳуқуқ инспектори юқоридаги маълумотларни келтириб ўтиб, Б.Алихўжаевнинг даъвоси қаноатлантирилиши лозимлигини қайд этган. Тақдим этилган ва асослаб берилган ҳужжатлардан келиб чиқиб, суд Б.Алихўжаевни дарҳол ўз ишига тиклаш ва мажбурий прогул даври учун салкам 20 млн сўм иш ҳақи ундириб берилиши тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарган.
Бироқ, суднинг қарори кучга кирганига қарийб икки ой бўлганига қарамай, Б.Алихўжаев ҳамон ишга тикланмади. Биз у билан телефон орқали боғландик. Унинг айтишича, Зангиота тумани Мажбурий ижро бюросига суд ундируви ҳақидаги мурожаати ҳам жавобсиз қолмоқда.
– Ҳоким ёрдамчиси вазифасига киришишдан олдин, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Тошкент вилояти филиали орқали белгиланган савол-жавоб ва тестлардан яхши ўтиб, юқори балл тўплаган эдим, – дейди Б.Алихўжаев. – Иш фаолиятим даврида аҳолига субсидия, кредит, ссудалар ажратиш бўйича кўрсаткичлар ҳам энг олдинги ўринларда эди. Ишдан бўшашимга ўз вазифаларимга кирмайдиган топшириқлар берилгани ва уни бажармаганим сабаб бўлди. Тўғрисини айтсам, ҳокимлик нимани лозим топса шуни қилади, суд қарорининг ижро этилишига ҳам ишонмайман. Чунки мендан аввал шу тумандаги Амир Темур маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси ҳам ноқонуний ишдан бўшатилган, аввал туман, сўнг вилоят судлари орқали иши кўрилиб, қаноатлантирилган эди. Лекин у ҳам ишига тикланмади, мажбурий прогули учун ҳам маблағ тўлаб берилгани йўқ...
Биз Зангиота тумани Амир Темур МФЙнинг собиқ ҳоким ёрдамчиси Шерзод Абдусаломов билан ҳам телефон орқали боғландик. У мавзуга қуйидагича изоҳ берди:
– Мени 2025 йилнинг 2 июн куни махсус комиссия тузиб, ишдан бўшатишди. Бунинг сабаби гўёки аттестациядан ўтолмаганлигим қилиб кўрсатилди. Мен бундан норози бўлиб, Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига мурожаат қилдим. Чунки тумандаги 73 та маҳалладаги ҳамкасбларим олдида бу қадар изза бўлиш мен учун ўтакетган ноҳақлик эди.
Судда даво аризам қаноатлантирилмади. Шунда Тошкент вилояти судига даъво ариза киритдим. Қарийб икки ярим ойлик судлашувлардан кейин, касаба уюшмаларининг аралашуви билан менинг фойдамга қарор чиқарилди. Мажбурий прогулларим учун эса, салкам 30 млн сўм ундириш, ўз ишимга дарҳол тиклаш белгиланди. Бироқ, орадан анча вақт ўтса ҳамки, мен на ишимга тикландим ва на мажбурий прогул учун пул тўлаб берилди. Эркак киши ишсиз қолмасин экан. Буёқда рўзғорни тебратиш керак, орада қарзга ҳам ботдим. Ҳокимликка бориб, “Мени ишга тикламанг майли, аммо ундириладиган пулни тўлаб беринглар” деб ҳам сўрадим. Аммо ҳалигача МИБ Зангиота тумани бўлимидагилар ҳам, туман ҳокимлиги ҳам бунга бепарволарча муносабатда бўлмоқда.
Шерзод Абдусаломов айни пайтда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги маҳаллаларнинг бирида ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошлаган. У шунингдек, аввалги суд қарори ижро қилинмасдан туриб, Зангиота тумани ҳокимлиги қайта аппелляция берганлигини, шу кунларда яна “судлашиш” бошланишини афсус билан қайд этди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, судлар гувоҳларнинг, тегишли мутахассисларнинг сўзларига, барча далилий ашёларга асосланибгина қатъий қарор чиқаради. Уни бажариш мажбурий. Бироқ, юқоридаги олий маълумотли, кўп йиллик тажрибага эга бўлган икки кишининг ноҳақ ишдан олинганлиги исботланиб турсаю, қарорни иш берувчи бажармаса, буни қандай изоҳлаш мумкин? Ёки бутун бошли Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган суд қарорлари Зангиота тумани ҳокимлиги учун шу қадар аҳамиятсизми?
Холида Эгамбердиева
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0