Кейинги нишон - Гренландиями?
Сўнгги ҳафталарда дунё сиёсатининг энг долзарб мавзуларидан бири Доналд Трампнинг Гренландияни АҚШ назоратига олиш ҳақидаги очиқ баёнотлари бўлди. У махсус кучлар қўмондонларига оролга бостириб кириш режасини тузишни буюрди. Бироқ юқори мартабали ҳарбийлар бунга қаршилик кўрсатмоқда. Ушбу позиция нафақат Дания ва Гренландияда, балки НАТО иттифоқчилари орасида ҳам жиддий хавотир уйғотди.
Хўш, Гренландия нега Трамп учун бу қадар муҳим?
Гренландия ўзи кимга тегишли?
Гренландия — Дания қироллиги таркибидаги кенг автономияга эга ҳудуд. Дунёдаги энг катта оролнинг ўз парламенти ва ҳукумати мавжуд. Аммо ташқи сиёсат ва мудофаани қироллик бошқаради.
Деярли 57 минг нафар аҳолига эга орол мустақилликка интилаётган бўлса-да, АҚШ таркибига қўшилишни қатъий рад этди. Гренландия сиёсий партиялари қўшма баёнотларида «Биз фақат гренландиялик бўлишни истаймиз, америкалик ёки даниялик эмас» дея муносабат билдиришди.
Стратегик жойлашув: ҳарбий нуқтаи назар
Гренландия Шимолий Америка билан Арктика ўртасида жойлашган. Бу уни қитъалараро ракета ҳужумларини эрта аниқлаш, Россия сувости кемаларини кузатиш, АҚШнинг ҳаво ва ракета мудофаа тизимларини жойлаштириш учун энг қулай ва муҳим ҳудудга айлантиради.
Оролда жойлашган (Thule) ҳарбий базаси Иккинчи жаҳон урушидан бери АҚШ учун стратегик таянч ҳисобланади. Мавжуд келишувларга кўра, АҚШ Гренландияга чекланмаган миқдорда қўшин жойлаштириш ҳуқуқига эга, аммо Трамп учун бу етарли эмасга ўхшайди.
Музлар остидаги бойлик
Иқлим ўзгариши туфайли Гренландия музлари эрияпти. Бу эса янги денгиз савдо йўллари очилишини, нефть ва газ қазиб олиш имкониятини оширмоқда. Тадқиқотларга кўра, оролда уран, темир, нефть ва газнинг катта захиралари бўлиши мумкин. Бу ресурслар электромобиллар, ҳарбий технологиялар ва юқори технологияли саноат учун катта аҳамиятга эга.
Халқаро муносабат: НАТО хавф остидами?
Франция президенти Эммануэль Макрон 8 январ куни Елисей саройида элчиларга қилган йиллик мурожаатида Вашингтоннинг ташқи сиёсатини кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, АҚШ халқаро қоидаларни бузмоқда ва ўз иттифоқчиларидан аста-секин юз ўгирмоқда. «Кўп томонлама институтлар тобора самарасиз ишламоқда. Биз дунёни бўлиб олиш истаги кучли бўлган катта давлатлар дунёсида яшаяпмиз. Мен АҚШ Дания суверенитетини бузишини тасаввур қила олмайман. Гренландия Дания суверенитети остидаги ҳудуд ва шундай бўлиб қолади», деди Макрон.
Дания бош вазири Метте Фредериксеннинг сўзларига кўра, АҚШнинг Гренландияни аннексия қилиши НАТОнинг тугашини англатади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Трамп ўзининг биринчи президентлик даврида, яъни 2019 йил ҳам оролни сотиб олиш таклифи билан чиққан эди.
Хуллас, Гренландия геосиёсий ўйин марказида турибди. Музлар эриётгани сари бу орол атрофидаги сиёсий кураш янада қизияпти.
Шохжаҳон АБДУРАИМОВ




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0